"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 январь, шанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ҚАЕРДАСИЗ, “СИРЛИ МУАЛЛИМ?”

Таълим
Tipografiya

Мулоҳаза чорраҳасида

ҚАЕРДАСИЗ, “СИРЛИ МУАЛЛИМ?”

ёхуд мактаб юзидаги парда, қолипдаги ўқитувчи, янгиликка ўч ўқувчи ҳақида тўқилмаган ҳақиқатлар

“Нажот Ғайбулла ирғиб ўрнидан туриб кетди.

- Муаллимлик жону дилим. Болалар орасида бўлишни жуда-жуда ёқтираман. Ишонинг, домла. Мана шу орзу мени бу ёққа бошлаб келди. Болаларсиз ҳаётимни тасаввур ҳам қилолмайман. Болалар менинг тақдирим. Улар билан юз соатлаб шуғуллансам ҳам чарчамайман. Ишонинг, домла”...

Ҳойнаҳой, мазкур парча қайси асардан олинганини биласиз, ҳа ўша, Нажот Ғайбулла деганимиз ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг “Сирли муаллим” қиссаси бош қаҳрамони. Олис қишлоқдаги мактабга ишга келадию, муҳитни буткул бошқа ўзанга буриб юборади. Ҳали шахсий машинасини тўлдириб нафақат ўқувчилар, балки муаллимлар учун ҳам етиб бўлмас армонга айланган ўқув дарсликлари келтирса, гоҳ “жуғрофия” хонасини телерадиоаппаратуралар билан жиҳозлаб, кишини лол қолдирадиган дарслар ўтади. Дарс жараёнида ўқувчилар тропик мамлакатлар ҳақида тушунчага эга бўлиши учун банан улашиб чиқади.

Қисқаси, унинг қолипга сиғмайдиган дарслари, ҳаракати натижасида кундалик ўқиш жараёни зерикарли, ўқитувчилари кун ўтари дарс ўтишга одатланган мактаб ҳаётида бурилиш ясалади. Ҳатто муаллимларнинг кийинишию дарсга муносабатида ҳам кескин ўзгаришлар кўзга ташланади.

Аслида ҳар бир ота-онанинг ҳам боласини жонкуяр муаллимлар қўлида ўқитгиси келади. Мана мен, салкам ярим аср шу соҳа нонини тотган бўлсам-да, барибир ўша асардаги “сирли муаллим”га ҳавас қиламан, беихтиёр ширин хаёл сураман, қани эди ҳар бир мактабда ўнлаб шундай ўқитувчилар фаолият кўрсатса.

* * *

Ҳеч кимга сир эмас: сўнгги йилларда йўналишидан, соҳа бўйича дарс беришга қодир малакали мутахассислар бор-йўқлигидан қатъи назар, аксарият касб-ҳунар масканларида бошланғич таълим ўқитувчиси ихтисослигини берадиган бўлимлар очилди. Мазкур йўналишни тамомлаган кичик мутахассислар турли йўллар билан мактабларга ишга жойлашиб олгани-да бор гап. Тўғри, мактаб маъмурияти ўзларида хат-савод чиқарган собиқ ўқувчиларидан қай бири қандай лаёқатга эга эканини яхши билади. Аммо коллеж битирувчиси ота-онасини ўз фарзандининг савияси қизиқтириб ўтирмайди, муҳими, уни бир амаллаб ишга жойлаштириб олса бўлгани. Қарабсизки, бир битирувчи билими, иқтидори билан ўз муаллимлари сафидан жой олса, ўнтаси гап ўтар таниши томонидан мактабга қилинган тазйиқ ёки манфаат натижасида “зўраки табиб” бўлиб иш ўрнига эга чиқишади.

Яхши ўқитувчини ўзи ўтаётган машғулотлар самараси, унинг лаёқатсиз ҳамкасбини эса олинадиган маошнинг чўғи қизиқтиради. Бундан икки-уч йил муқаддам тумандаги мактаблардан бирига борганимда жамоа раҳбарини жиғибийрони чиқиб турган ҳолатда учратдим.

- Нега асабийлашаяпсиз? - сўрадим ундан.

- Нимасини айтай, ясама ўқитувчилар-да, доим кайфиятни расво қилишади.

- Нима учун?

- Ўзи коллежни бир амаллаб тугатган, исм-шарифини аранг ёзади. Дарси оз эмиш, индамасангиз, тиши ўтмайдиган фандан ҳам дарс бераман, дейди. Билмадим, бу “академик”лар қаердан пайдо бўлаяпти?

Ҳамкасбим олдимга қўйган синф журналидан айтилаётган ўқитувчи тўлдирган саҳифаларни кўздан кечирдим. Баҳолаш тизими бузилган, ҳатто иш режасидан кўчириб ёзилган мавзуларда ҳам имловий хатолар ғиж-ғиж.

Бу билан мактабларда ишлаётган коллеж битирувчилари ёппасига саводсиз, демоқчи эмасман. Бундайлар олий маълумотлилар ичида ҳам бор. Аксинча, коллеж дипломи билан ишлаб, шогирдларининг суюклисига айланган ўнлаб педагогларни биламан. Нима бўлганда ҳам дарс ўтолмайдиган, ўз устида ишламайдиган муаллим – ўқувчининг шўри.

Яқинда Президентимиз бошчилигида 11 йиллик мактаб таълимига бағишлаб ўтказилган селектор йиғилишида кадрлар тақчиллигини инобатга олиб университетлар қошида бошланғич синф ўқитувчилари тайёрлайдиган махсус сиртқи бўлим очиш ҳақида сўз юритилганди. Бугун ушбу таклиф амалга ошди, педагогика йўналишига ихтисослашган 15 та олийгоҳда махсус сиртқи бўлимлар очилди.

Бу жуда хайрли иш, негаки бугун мактабларимизда 10-20 йиллик иш тажрибасига эга, изланувчан, ўз ишининг фидойиси бўлган ўрта махсус маълумотли муаллимлар ҳам кўп, улар меҳнати маҳсули ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Фақат (афсуски тағин шу кайфиятда сўз юритишга тўғри келаяпти) шундай бўлимларга тингловчилар қабул қилишда ҳар бир истак билдирувчининг иш фаолияти самараси ҳам инобатга олинса, нур устига аъло нур бўлар, соҳани тасодифий кимсалардан тозалашда қўл келарди.

Эсимда: мактабда бизга аниқ фанлардан сабоқ берган бир устоз 6-синфлардан юқорисига сира дарсга кирмасди. Орадан йиллар ўтиб шу  муаллимим билан бир сафда ишлаб, фурсат топиб нега бундай иш тутганлиги ҳақида сўраганимда:

- Бошингдан юқорига сакрай олмайсан, деган мақол бор, шогирд. Менинг фан бўйича билим ва имкониятим шундан юқорисига етмаслигини биламан, билиб туриб ўзимни ҳам, ўқувчини ҳам алдаб нима қиламан?! - деб жавоб берганди.

* * *

Жорий йилдан 11 йиллик мактаб таълими тизимига ўтдик, ҳадемай ўрта таълим масканлари юзидаги парда ҳам туширилади. Яъни тўққиз йиллик таълим, мактаб юзидаги парда олинади ва мактаб жамоаларининг бор “жамоли” кўринади. Шу пайтгача ҳаммасига лицей, коллеж балогардон бўлиб келаётганди. Битирувчилари олийгоҳга ёки муқим ишга киролмаса улар жавоб беришар, ўқувчининг “сара” тўққиз йили эса мактаб пардаси ортида қоларди: “лицей бўлмасаям барча битирувчиларни коллежга жойлаб қўйдик, қўлимиздан келгани шу-да”.

Гапнинг очиғи, йиллар давомида бирорта битирувчиси таҳсилнинг кейинги босқичини академик лицей ёки танлов асосида қабул қилинадиган коллежларда давом эттирмаган ўнлаб мактабларни санаш мумкин. Ҳақли савол туғилади: улардаги бундай паст кўрсаткич илдизлари қаерда? Саволга жавоб излаш олдидан тағин юқорида зикр этилган асардан олинган парчага мурожаат этамиз:

“Эртанги дарсларга тараддуд кўришим, конспект ёзишим керак эди. Ноилож, китоб-дафтарларимни хонтахта устига олдим. Бироқ на китоб варақлагим, на қоғоз қоралагим келади. Кўнглимнинг ярмида манави китоб-дафтар, ярмида йўқолган эчки. Ақл-шууримнинг ярмида эртанги дарслар ташвиши, ярмида эса молу жон қайғуси...

...Нажот Ғайбулла бизга бегона эди. Биз-чи?! Бу ёғини ўйласам, тўғриси, тубсиз жар лабида тургандек ҳис қиламан ўзимни. Бироқ айнан шу савол хаёлимда тегирмон тошидек бот-бот айланаверади. “Биз-чи?! Ишқилиб, биз мактабга бегона эмасми?..”

Бу кун ўтарига дарс беришга кўникиб қолган “қолипдаги ўқитувчи”нинг истиғфори. Ўқитувчи учун мактаб иши, янгича педагогик технологияларни излаб топиш, амал қилиш, ўқувчилари онгида бир умрга муҳрланиб қолишга қодир дарс ўтиш умр мазмунига айланмас экан, кўзланган мақсадга эришиш мушкул. Афсуски, ҳали сафимизда ностандарт фикрлайдиганларга қараганда “ғилоф бандаси” бўлиб қолган ўқитувчилар кўпчилик. “Бемаза қовуннинг уруғи кўп” бўлгани каби, соҳани бир амаллаб рўзғор тебратиш қуролига айлантирган муаллимлар изланувчан, янгилик яратувчан ҳамкасбларини ҳам турли йўллар билан ўз сафларига қўшиб олиш ёки унинг оёғидан чалиш пайида юришади.

Мактаб, коллеж таълимини олиб, олийгоҳга кириш ниятига эриша олмаганидан сўнг репетиторлик хизматидан фойдаланаётган ёш суҳбатдошим айтган сўзлар юрагимга тиғ бўлиб санчилди:

- Устоз, кечирасизу, репетиторга қатнай бошлаганимдан кейин ўзим ўқиган мактабу коллеждан ҳам, таҳсил берган устозларимдан ҳам кўнглим қолди. Улар бизни илм йўлига тўғри йўналтириш ўрнига умримизнинг энг гуллаган даврини ўғирлашган экан...

Нақадар аянчли, аммо ўринли мулоҳаза.

Бугун мактаб ишини, ўқувчини севмасдан туриб, бири иккинчисига эгизак бўлган бир қолипдаги дарс ўтиш билан янгиликка ўч, изланувчан ўқувчи талабини қондириб бўлмагани каби меҳрини ҳам қозониш қийин.

Яна “сирли муаллим”га қайтамиз. У дейди:

“Илмдан болаларгина ҳайратланишади. Мурғак онгига, ўй-хаёлига кириб келган озгина янгилик ҳам жажжиларни чинакамига қувонтиради, чинакамига ҳаяжонлантиради. Уларнинг севинчига севинч, ҳайратига ҳайрат қўшишдан-да ортиқ қандай бахт бор? Болаларнинг беғубор қалбида янгидан-янги дунё очувчи, кўнглига илм сеҳрини солувчи инсон – бу муаллимдир”...

Мактаб таълими янги поғоналарга кўтарилаяпти. Бугун бизга таълим сифатини оширишни кўзлаган юзлаб, минглаб Нажот Ғайбуллалар керак, фақат олий таълим олган, ўқувчини ҳайратлантиришни ўз таомилига айлантирган Нажот Ғайбуллалар.

Бизга айнан улар, “сирли муаллим”лар зарур!

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори