"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

ИҚТИДОРЛИЛАР ТАРБИЯ ТОПАЁТГАН МАСКАН

Таълим
Tipografiya

Фан ва ёшлар

ИҚТИДОРЛИЛАР ТАРБИЯ ТОПАЁТГАН МАСКАН

Ғузор туманидаги 77-ихтисослаштирилган мактаб-интернатда кўплаб иқтидорли ёшлар таълим олади. Муассасада чет тиллари чуқурлаштириб ўқитилса-да, бу ердаги ўқувчилар табиий фанларга ҳам астойдил қизиқишади. Мактабда ташкил этилган “Ёш физик - ихтирочи” тўгарагининг гавжумлиги ҳам шундан.

- Иқтидорли ўқувчиларимиз кўп, - дейди мактаб-интернат раҳбари Тўхтасин Қиёмов. – Айниқса, ёш физиклар тўгараги аъзолари қилаётган ихтироларнинг келажакда ҳаётимиз учун нафи катта бўлади. Уларнинг вилоят, республика миқёсида ўтказилаётган кўрик-танловлар, фан олимпиадаларида эътироф этилаётгани ҳам бежиз эмас.

Бугун “Ёш физик - ихтирочи” тўгарагида 20 нафар ўғил-қиз “Робототехника ва электрон ўйинчоқлар” йўналишида машғулотларда иштирок этмоқда. Кичик ихтирочилар қўл урган баъзи лойиҳалар илм-фан намояндалари, олиму профессорларни ҳам қизиқтирмоқда.

“Йилнинг энг ёш ихтирочиси” кўрик-танловининг “робототехника ва электрон ўйинчоқлар” йўналишида 2016 йилда ғолибликни қўлга киритган Неъматилло Маҳмудов мазкур мактаб-интернатнинг 8-синф ўқувчиси, “Ёш физик-ихтирочи” тўгарагининг доимий аъзоси. Унинг ўша танловга тақдим этган иши - “Фотон” қурилмаси қишлоқ хўжалиги соҳасида янгилик. Қурилма ёрдамида экинларни шира тушишдан асраш мумкин. Неъматилло бу лойиҳани тайёрлаш давомида кўплаб адабиётларни ўқиди, сўнгги технологияларни кузатди, агрономлар билан маслаҳатлашди. Ҳайъат аъзолари у яратган қурилмани ғолибликка тавсия этишди ва келажакда бундан самарали фойдаланиш мумкинлигини айтишди.

Жорий 2017 йилги “Йилнинг энг ёш ихтирочиси” кўрик-танловида мамлакатимизнинг 28 нафар иқтидорли ёшлари ўзаро беллашди. Бир-биридан ажойиб ғоялар асосида яратилган ихтиролар ўғил-қизларнинг билим ва савиясини, устозлари маҳоратини намоён этди. Қарангки, танловнинг бу галги ғолиблиги ҳам Ғузор туманидаги 77-ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси Дилнигор Очиловага насиб этди. Дилнигор асли қамашилик. Чет тилларини ўрганишга бўлган хаваси уни ушбу мактаб сари чорлади. У танловда тақдим этган лойиҳа  математика фанини ўзлаштиришда ўқувчиларга кўмак бериши билан аҳамиятли. Интерфаол дарс ўтишда қўл келади. Ҳайъат аъзоларининг эътиборини тортган ушбу қурилма устида Дилнигор устози Аъзам Муҳаммадиев билан анча вақт шуғулланди. Тўгаракнинг бошқа аъзолари ҳам ёрдам берди. Танловнинг “робототехника ва электрон ўйинчоқлар” йўналишида Дилнигорнинг ушбу қурилмаси ғолибликка муносиб топилди ва 1-даражали диплом билан тақдирланди.

- Мен келажакда иқтисодчи бўлмоқчиман, - дейди Дилнигор. – Ихтиро устида изланишга қизиқаман. Келажакда таълим соҳасида қулайлик яратадиган, қишлоқ хўжалиги ривожига хизмат қиладиган ихтиролар қилишни мақсад қилганман. Овоз тўлқинлари орқали ҳаракатланадиган ўйин қурилмаси уч қисмдан иборат. Доира шаклидаги қурилмага 12 вольтли батарея ўрнатилган бўлиб, товуш орқали ҳаракатланади. Доирадаги кўрсаткичга “ишла” буйруғини берсангиз бўлди, турли фан ва мавзуларга оид саволлар бўйлаб ҳаракатланади ва уларнинг бирида тўхтайди. Қурилма мили тўхтаган саволларга жавоб бериш учун иккинчи қисмда яширинган амалларни бажарасиз. Аниқ жавоблар учинчи қисмга жойланган. Ўқувчилар вазифани  қанчалик тўғри ёки хато бажарганини билиб боришлари мумкин.

Яқинда “Ёш физик-ихтирочи” тўгараги аъзолари яна бир янгиликни тақдим этишди. Мактабнинг 8-синф ўқувчиси Элмурод Ўралов томонидан “Илм чўққиси сари” деб номланган электрон нур нишон қурилмаси яратилди. Ушбу қурилма билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган анъанавий “Болалар техник ижодкорлиги” фестиваль-танловида иштирок этди ва фаол иштирокчи сифатида тақдирланди. Унинг тайёрлаган лойиҳаси ёрдамида маълум масофадан туриб нишонни тўғри олиш талаб этилади. Зинапоя шаклида тузилган қурилманинг ҳар бир поғонасида саволлар ва уларнинг жавоби бўлади. Нур ёрдамида саволнинг жавобини тўғри топсангиз, мультфильм қаҳрамонлари сизни овозли тарзда рағбатлантиради. Бу эса боланинг дарсга бўлган қизиқишини оширади. Нишонни тўғри олиш диққатни жамлаш, хотирани мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Бу каби иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, тўғри йўналтириш энг муҳим вазифа. Бугун уларга раҳбарлик қилаётган устозлар, иқтидорини пайқаган ота-оналар шунга эътибор қилишибдими, демак бу ёшлар келажагидан кўнгил тўқ.

С.АЛЛАЁРОВА