"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ЁШ КИТОБХОНЛАР БЕЛЛАШУВИ

Таълим
Tipografiya

Танлов

ЁШ КИТОБХОНЛАР БЕЛЛАШУВИ

Қарши шаҳрида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан илк маротаба ташкил этилаётган “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий савиясини юксалтириш мақсадида ташкил этилган ушбу танловнинг туман (шаҳар) босқичида 100 дан зиёд ёшлар иштирок этган бўлса, улардан 15 нафари вилоят миқёсидаги саралашда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. 14-20 ҳамда 20-30 ёш тоифасида ўтказилган танловда иштирокчиларнинг республика даврий    нашрларидан хабардорлик, танланган 5 та тарихий-сиёсий ва 20 та бадиий асар бўйича тузилган саволлар, севимли адиб ҳаёти-фаолиятига бағишланган тақдимот ҳамда эл севган шоирлар  Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуф шеърларини ифодали ёд ўқиш, таҳлил қилиш каби шартларда ижтимоий-сиёсий, тарихий-адабий билимлари синовдан ўтди.

Унинг якуний натижаларига кўра, 14-20 ёш тоифасида Қарши маданият ва туризм коллежи битирувчиси Достон Ҳамидов, 20-30 ёш тоифасида Қарши давлат университети талабаси Абдулазиз Қурбонов ғолибликни қўлга киритди.

- Танлов шартлари бир ой олдин маълум қилингани бизга қўл келди, - дейди  Достон Ҳамидов. – Мутолаа қилиниши лозим бўлган асарлар орасида “Темур тузуклари”, “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”, “Бобурнома” каби китобларнинг борлиги мени севинтирди, чунки бу китобларни аввалдан ўқиб-мутолаа қилиб юрардим. Ғолибликка эришганимдан мамнунман. Эндиги вазифа – энг юқори босқичда ҳам муносиб иштирок этиш.

Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Х.ҚИЛИЧЕВА