"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

ЭЛДОР – “САМАРАЛИ ҚУРИЛМА” НОМИНАЦИЯСИДА ҒОЛИБ

Таълим
Tipografiya

Кўрик-танлов

ЭЛДОР – “САМАРАЛИ ҚУРИЛМА” НОМИНАЦИЯСИДА ҒОЛИБ

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида илк бор “Касб маҳорати” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Республика Фанлар академияси физика-қуёш  илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ва Халқаро қуёш энергияси институти ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу танловда бир қанча номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Улар орасида вилоятимиз вакили ҳам борлиги аҳамиятлидир.

Айтиш жоизки, мазкур танловдан кўзланган мақсад илғор ёш муҳандисларни юзага чиқариш, уларнинг техник асосга эга ишланма ва ихтироларини оммалаштириш, ташаббусларини рағбатлантиришдан иборат. Албатта, бу орқали одамлар ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган лойиҳаларни самарали рўёбга чиқаришга кенг шароит ҳозирланади.

Танлов иштирокчиси, Миришкор маиший хизмат касб-ҳунар коллежи радио-телеаппаратураларни таъмирловчи уста йўналиши ўқувчиси Элдор Ражабов таклиф этган ишланма ҳам бир қатор афзалликларга эга. У ясаган ихчам қурилма қуёш энергияси асосида ишлайди.

- Мақсадим – узоқ чўл ҳудудларда яшовчи аҳолининг оғирини енгил қилиш, - дейди Элдор. – Бу жойларда электр энергияси истеъмолига талаб юқори. Менинг самарали қурилмам ана шу имкониятни беради. Уни ясашда иккиламчи материалларни ишлатдим. Унинг тепа қисмига қуёш нурини ютиб, энергия ҳосил қилувчи панеллар ўрнатдим. Эндиликда ушбу қурилма ёрдамида кам қувватли жиҳозлар, жумладан, мобиль телефон, фонарни қувватлантириш мумкин. Бу айниқса, чўпонларга асқатади, деб ўйлайман. Мазкур ишланмам кўрик-танлов ҳакамлари томонидан юқори баҳоланиб, “Самарали қурилма” номинациясида ғолиб бўлдим.

Элдорнинг сўзларига кўра, қурилмани такомиллаштиришда унинг устози, коллежнинг ишлаб чиқариш таълими устаси Ҳасан Шавқиевнинг маслаҳатлари қўл келди. Улар келгусида мазкур ишланмага яна бир қанча қўшимчалар киритиш, уни янада мақбуллаштиришни мўлжаллашмоқда. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга қўшаётган ҳиссаси эътиборга олиниб, ўқитувчи ҳам махсус сертификат билан тақдирланди.

Аброр МУРТАЗАЕВ,

вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси мутахассиси

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.