"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 июнь, чоршанба.

ЭНДИ ПЕДАГОГЛАР "УСТОЗ-ШОГИРД" УСУЛИДА ҲАМ ЎҚИТИЛИШИ МУМКИН

Таълим
Tipografiya

Таълим

ЭНДИ ПЕДАГОГЛАР "УСТОЗ-ШОГИРД" УСУЛИДА ҲАМ ЎҚИТИЛИШИ МУМКИН

Маълумки, кейинги пайтларда барча соҳаларда бўлгани каби таълим тизимида ҳам кескин ўзгариш ва янгиликлар кўзга ташланмоқда. Хусусан, педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида ҳам буни илғаш қийин эмас. Аввалроқ - 2017 йил 26 сентябрда қабул қилинган Президентимизнинг тегишли қарорига асосан халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича жойларда фаолият кўрсатаётган ҳудудий институтлар педагогика йўналишидаги университетлар тасарруфига қайтарилди ва университетлар ҳузуридаги "Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази" сифатида қайта ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрда қабул қилинган "Педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эса ушбу соҳани янада такомиллаштириш, таълим тизими ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қарорга кўра, "Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида"ги Низом тасдиқланди.

- Шу пайтгача амалда бўлган Низомда таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари камида 3 йилда бир марта, педагог ходимлар эса камида 5 йилда бир марта малака ошириш курсларидан ўтишлари керак эди, - дейди Қарши давлат университети ҳузуридаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази директори ўринбосари, фалсафа фанлари номзоди Тоҳир Қурбонов. - Эндиликда янги Низом асосида бу жараён даврийлиги барча педагоглар учун бир хилда - 5 йил этиб белгиланди. Малака ошириш курсларида ўқиш давомийлиги 4 ҳафтадан иборат бўлади. Педагог ходимларни қайта тайёрлаш курсларидаги ўқиш муддати эса ўқув режасига киритилган фанлар сони ва уларнинг юкламалари ҳажмидан келиб чиққан ҳолда белгиланади, бу муддат 16 ҳафтадан кам бўлмаслиги шарт.

Шунингдек, янги Низомда педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини  оширишнинг тўғридан-тўғри турлари сифатида малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқитишдан ташқари "устоз-шогирд" усули бўйича ўқитиш, мустақил ўқиб билим орттириш, масофавий таълим, стажировка шаклида тажриба орттириш кабилар ҳам кўрсатиб ўтилган. Булардан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, педагоглар ўз ҳудудларида белгиланган муассасаларда махсус тайинланган ўқитувчи-профессорлар қўл остида малака ошириши мумкин. "Устоз-шогирдлик" усулида ташкил этиладиган бундай машғулотларга раҳбарлик қилувчи мутахассислар танлов асосида саралаб олинади ва улар ўз касбий маҳорати, тажрибаси билан юқори натижаларга эришган бўлишлари лозим. Бундан ташқари, педагоглар белгиланган дастур асосида ўзлари мустақил ўқиб-ўрганишлари ҳам мумкин. Бу ҳолда педагог томонидан ўзлаштирилган дастур якуний назоратдан ўтказилади ва натижага кўра унга ҳудудий марказ томонидан белгиланган намунадаги ҳужжат - сертификат тақдим қилинади. Малака оширишнинг бу шакли барқарор юқори профессионал рейтингга эга бўлган, замонавий ахборот технологиялари билан ишлашнинг амалий кўникмаларини эгаллаган, ўз устида ишлаш жараёнига танқидий ва ижодий ёндаша оладиган педагогларга тавсия этилади.

Хуллас, ушбу Низом педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим қоида ва йўл-йўриқларини ўзида жамлаган. Бу эса таълим тизимини яхшилаш, янги босқичга кўтариш, ўқитиш сифатини оширишга хизмат қилади.

Х.ҚИЛИЧЕВА тайёрлади.