"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июль, душанба.

СЕССИЯДАГИ “КЎПКАРИ”

Таълим
Tipografiya

Теша теккан гап

СЕССИЯДАГИ “КЎПКАРИ”

Унда ким ғолиб? Эртаси мавҳум талабами, ўқитувчими ёки сўзи кесадиганлар?

Айни пайтда мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида талабаларнинг билимини бир сидра синовдан ўтказадиган сессия аталмиш бир жараён кечаяптики, у бошланиши билан кўпчилик толиби илмнинг тинчи бузилади. Чунки ғалвирни сувдан кўтарадиган паллада ким қандай ўқигани, ўзлаштиргани аён бўлади-қолади-да.

Ўз навбатида кимдир “қора доғ”ни пул билан, бошқаси сўзи ўтадиган амалдор, таниш-билишлари ёрдамида “ювади”. Энг ёмони, бу “кўпкари”да улоқ кўпроқ билими кучли эмас, чўнтаги бақувватларда кетаяпти. Демак, мазкур жараёнда адолат мезонларига путур етаяпти, яъни билимлилар қолиб, алифни калтак дейдиган ёхуд пули, ортида доим қўллаб турадиган хожалари борларнинг ошиғи олчи бўлаяпти. Кейинги пайтларда битта фанни “ёпиш” учун ҳатто очиқчасига фалон сўм берасан, йўқса “ведомость”дан тушиб қоласан, деган гаплар ҳам қулоққа чалинаяптики, буларни эшитиб, билим олиш “бозор”и ҳали ҳам барҳам топмайди-да, деган хаёлга борасан киши. 

Бу “бозор”ни қизитишда “староста”, яъни гуруҳ сардорларининг ҳам хизмати катта. Улар ўқитувчининг “ўнг қўли”, бу борадаги барча келишувлар улар орқали амалга ошади. Ўрганишларимизга кўра, бир фанни “ёпиш”да “учлик”, “тўртлик” ва “бешлик” стипендияларни олувчилар рўйхати олдиндан тузилади. Бу ерда ким қандай ўқигани муҳим эмас, асосийси, ўқитувчининг “кўнгли”дан чиқиш. Сўраб-суриштириб билдикки, “учлик”лардан бир фан учун 60 минг сўмдан 100 минг сўмгача олинармиш. Қолганларининг нархи ҳам мос тарзда кўтарилиб боравераркан. Бермаганларнинг ўзига қийин, баҳосини ололмайди, кейин бир ойлик стипендиясини... Буни эса ҳеч бир талаба хоҳламайди. 

Буни қарангки, сессия билан боғлиқ гап-сўзлар Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректоратига ҳам етиб борибди (гўёки улар шу вақтгача билишмаган). Бундай шармандагарчиликнинг олдини олиш мақсадида сессия олдидан ишчи гуруҳлар тузилиб, имтиҳонлар улар иштирокида олина бошлабди. Натижа эса кутилганидай бўлди: “бешлик” стипендияга даъвогарларнинг анчаси имтиҳондан ўтолмади. Ваҳоланки, уларнинг кўпчилиги авввалдан  “беш”га “ўқиб” келган!

- Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, бундай ҳолат, афсуски, учраб турибди, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти проректори Зафар Ботиров. – Бунинг олдини олиш учун институтда қатъий чоралар кўрилмоқда. Энди имтиҳонлар ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида тест усулида олинаяпти. “Олди-берди”га барҳам бериш мақсадида барча гуруҳ сардорлари ҳар йили алмаштириб борилаяпти. Тамагир ўқитувчиларнинг анчагинаси институтдан ҳайдалди.

Дарҳақиқат, институт аудиторияларига кузатув камералари ўрнатилган. Монитор орқали ўқитувчиларнинг ҳар бир ҳаракати кузатиб борилмоқда. Бу яхши, албатта. Бироқ имтиҳонлар кузатув камералари ўрнатилган аудиторияларда эмас, бошқа хоналарда олинаётгани айрим тамагир ўқитувчиларга қўл келаётгани ҳам бор гап. Ўрганган кўнгил эгалари барибир иложини қилишаяпти. “Бешлик” билан “тўртлик” қўлдан кетгани билан, “учлик” стипендияга илашишга орзуманд талабалар ҳам, афсуски, бор-да. Хўш, ушбу “кўпкари”да ким ютади? Талабами, ўқитувчими ёки сўзи кесадиганлар? Талаба ютмаслиги аниқ. Чунки илмни пулга сотиб олаётган экан, унинг эртага дуруст кадр бўлиб етишиши даргумон. Сўзини ўтказганлар эса “ҳимоя”сидаги талабанинг лаёқатсизлигини онгли равишда қўллаб, унинг бахтсиз келажагини таъминлаяпти. Ўқитувчи эса... Чўнтагига пул тушгани балки унинг учун муҳимдир. Бироқ виждонини сотиш эвазига тамагирлик билан талабадан пул ундираётгани шарафли касбга лаънат келтираётганини билармикан? Ёшлар келажагига етказаётган зарари кўламини-чи?

Мусо МУРОДОВ