"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 апрель, жума.

АГАР БОЛАДА ҚОБИЛИЯТ БЎЛМАСА,

Таълим
Tipografiya

Тарбия ва тажриба

АГАР БОЛАДА ҚОБИЛИЯТ БЎЛМАСА,

ундан аъло ўқишни талаб қилиш нафақат фойдасиз, балки жиноят ҳамдир

Машҳур педагог, бутун умрини шу фаолият билан чамбарчас боғлаган ва катта тажриба тўплаган россиялик Антон Семёнович Макаренконинг тарбия соҳасидаги қарашлари эътиборга молик. У ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда бола тарбиясига оид “Педагогик поэма”, “Ўттизинчи йиллар марши”, “Ота-оналар китоби”, “Болалар тарбияси ҳақида маърузалар” сингари кўплаб асарлар яратган. Унинг бола тарбиясига оид қарашлари бутун дунёда эътироф этилган ва улардан кенг фойдаланиб келинади.

Тарбия борасидаги хизматлари учун Халқ ўқитувчиси унвонига сазовор бўлган Антон Макаренко беш ёшгача бўлган тарбия боланинг шахсияти шаклланишида ўта муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этиб, бу ҳақда шундай деб ёзган: “...тарбиянинг бош асоси беш ёшда ниҳоясига етади, демак, сиз беш ёшгача нима қилган бўлсангиз, бу тарбиявий жараённинг 90 фоизини ташкил этади, кейинги тарбия эса қайта тарбиялаш негизида давом этади”.

У мана шу жараёнда бола тарбиясига ўта эътиборли бўлиш лозимлигини таъкидлайди. Айни пайтда инсоният бор экан, қайта тарбиялаш масаласи кун тартибидан тушмайди деган хулосага келади. Унинг айтишича, қайта тарбиялаш учун тарбияланувчининг руҳий ҳолати мукаммал ўрганилиши, ижобий ва салбий сифатлари аниқланиши зарур. Ижобий сифатларга суянган ҳолда ножўя қилиқлар йўқотиб борилади. Айниқса, ишонч билдириш, маълум бир йўналишда бошқалардан устун эканлигини далиллаш, ўзгаларга фойдаси текканидан завқланиш ва фахрланиш ҳиссини туйиш боланинг ўз “мен”ига ишонч ва ҳурматни қарор топтиради.

Макаренко фикрича, болаларимиз - бизнинг кексалигимиз. Яхши тарбия - бизнинг бахтли кексалигимиз, ёмон тарбия - бўлғуси ғам-аламларимиз, кўз ёшларимиз, бошқа одамлар олдидаги, бутун мамлакат олдидаги айбимиз демак.

Россияда 1917 йилги инқилобдан кейин мамлакатда очарчилик бошланиб, қаровсиз, етим болалар ҳаддан ташқари кўпайиб кетганди. Бундай болаларнинг аксарияти муҳтожликдан ўғирликка қўл уришарди, жиноят содир этишарди. Ҳукумат томонидан бундай болалар учун махсус меҳнат колониялари ташкил этила бошланади. Украинанинг Харьков шаҳрида ташкил этилган шундай колонияларнинг бирига Антон Макаренко анча йиллар раҳбарлик қилади.

Унинг мактабига вояга етмаган, бироқ тарбияси бутунлай издан чиққан, ахлоқсиз, ўғри, каззоб, безори болалар, шунингдек, фоҳишаликни касб қилиб олган ва ҳали балоғатга ҳам етмаган қизлар келишарди. Уларнинг аксарияти етим бўлса, бошқаларини ота-онаси эплай олмаганидан шу ерга олиб келишарди. Колонияда 600 нафар ахлоқи издан чиққан ҳуқуқбузар-безори бор эди. Ҳамма ўқитувчига жавоб бериб, уларнинг барчасини Макаренконинг бир ўзи тарбияларди. Бу ерда болалар мутлақо мустақил эди. Шундай тартиб ўрнатилдики, эрталабки сигналдан ҳамма бирдек туради, хоналарни тартибга солишади. Мактаб ҳовлисини ёғ тушса ялагудек ялтиратиб қўйишади. Бу ерга фаррошларнинг ҳам кераги бўлмасди.

Макаренко қўл остида тарбияланган 3 минг нафарга яқин боладан биронтаси кейинчалик ҳуқуқбузар ёки безори бўлгани ҳақида маълумот йўқ. Уларнинг барчаси ҳаётда ўз йўлларини топган, кўпчилиги устози сингари тарбиячиликни танлаган.

 Макаренконинг моҳир педагоглиги халқаро миқёсда ҳам тан олинган. 1988 йилда ЮНЕСКО қарори билан жаҳоннинг энг зўр тўрт нафар педагоги - Жон Дьюи, Георг Кершенштейнер, Мария Монтессори ва Антон Макаренко ХХ аср педагогик тафаккур йўналишини белгилаб берган моҳир педагог сифатида эътироф этилади.

Макаренконинг таъкидлашича, ҳар бир нарсага ўзига хос тарзда ёндашиш зарур. Масалан, заводда бир детални ясагунча оддий, бошқасига эса мураккаброқ усулда ишлов берилади. Моҳир чилангар эски темирдан ҳам бебаҳо буюм ясагани каби, моҳир педагог ҳам ҳар қандай болани тўғри йўлга осонгина сола олади. Бунда фақат болага унинг руҳиятидан келиб чиқиб муомала қилиш керак, шунда у сиз айтган йўриққа юради, сизни тушунади.

“Нега биз техника олийгоҳларида материаллар қаршилигини ўрганамизу, лекин бола тарбиясига киришганимизда шахс қаршилигини ўрганмаймиз? – деб савол қўяди Макаренко. -  Бундай қаршилик ҳар бир инсонда бор, лекин биз унга эътибор бермаймиз, уни илғамаймиз”.

Тарбияда энг муҳим воситалардан бири жамоада соғлом муҳитнинг яратилганидир. Тарбия масаласида майда нарса йўқ, дейилганидек, ҳар бир катта-кичик ҳолатга боланинг диққатини тортиш яхши иш беради. Интизом ана шу майда-чуйда асосида мустаҳкамланиб боради. Буни Макаренко ўз тажрибаси асосида бутун дунёга билдирди. Унинг мактабида тарбияланаётган собиқ ҳуқуқбузар-безори болалар вақт ўтиб шундай интизом эгаси бўлардики, кўрган киши ишонмасди, ҳатто ҳарбий қисмларда ҳам бу даражадаги тартиб камдан-кам кузатиларди.

“Сиз болаларга нисбатан бағритош, совуқ муомалада, талабчан бўлишингиз, уларни эътиборга олмаслигингиз, керагидан ортиқ тергашингиз мумкин, бироқ ўз ишингизнинг устаси бўлсангиз, билимингиз етарли бўлса, қўрқадиган жойингиз йўқ, болалар сизнинг ортингиздан боришади. Агар аксинча бўлиб, сиз уларга ўта хушмуомала бўлсангизу тарбия соҳасидаги билимингиз ҳаминқадар бўлса, обрўингиз кетиб, ишингиз юришмайди, бу борада бирон бир натижага эришолмайсиз. Яхшиси, сиз ўз касбингизни ўзгартириб қўя қолганингиз маъқул. Сиз бу ерда нафратдан бошқасига эришолмайсиз”. Антон Макаренконинг бу сўзлари биринчи ўринда ўқитувчи-тарбиячиларга, шунингдек, ота-оналарга ҳам тегишли. Педагог таъкидлаганидек, тарбиячи болалар билан ишлаганда самимий бўлиши керак. Чунки болалар катталардан фарқли ўлароқ сохталик, иккиюзламачиликни тез илғашади.

Антон Макаренконинг бола тарбиясига оид қуйидаги сўзлари эса барчамизга бирдек тегишли:

“Инсонни бахтли бўлишга ўргатиш – қийин масала, лекин уни яхши тарбиялаш орқали бахтли қилиш мумкин”;

“Агар болада қобилият бўлмаса, ундан аъло ўқишни талаб қилиш нафақат фойдасиз, балки жиноят ҳамдир. Мажбурлаб яхши ўқитиб бўлмайди. Бу даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин”;

“Китоб - бу муқоваланган одамлар”;

“Болага тўғри тарбия бериш учун белгиланган вақт бўлиши шарт эмас. Биринчи ўринда унга қалбингизни очинг, унга эътибор, меҳр кўрсатинг. Ана шу сизни бола дунёси сари етаклайди”;

“Болангизнинг бахтсиз бўлишини хоҳлайсизми? Унда ҳеч қачон унинг раъйини қайтарманг”...

Хориж матбуоти асосида Мусо МУРОДОВ тайёрлади.