"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 мaй, пайшанба.

МЕН ОЙБЕКНИ КЎРГАНМАН

Таълим
Tipografiya

“Юлдузлар шуъласи” туркумидан

МЕН ОЙБЕКНИ КЎРГАНМАН

Олтмиш олтинчи йилнинг кеч кузи, Фанлар академиясида туркманистонлик ёзувчилар билан учрашув бўлган эди. Учрашувга машҳур адиб Берди Кербобоев ҳам келган, биз-ТошДУнинг биринчи босқич талабалари, ўтирадиган жой йўқлигидан орқада тик турганимизча кечани томоша қилардик.

Минбарда Абдулла Қаҳҳор гапираётганди, шу пайт ёнимиздаги катта эшик очилиб, залга савлатли эркак ва хўшрўй аёл кириб келди. Булар Ойбек ва унинг рафиқаси Зарифа Саидносирова эди. Ойбек ҳансираб нафас олар, бутун қиёфасидан бетоблиги сезилиб турарди. Ўриндиқдагилар гур этиб ўрнидан туриб жой беришди.

Саҳнада ўтирганларнинг ҳаммаси Ойбекка қаради ва ёшроқ бир ёзувчи- чамамда Жонрид Абдуллахонов эди, югуриб келиб салом берди ва уларни юқорига таклиф қилди. Ойбек ҳам, Зарифа опа ҳам кескин бош чайқаб рад этишди.  Ойбек, “боравер, Зарифа чиқади”, деди. Лекин улар айтганидек бўлмади. Президиумдан тушиб келган бир неча ёзувчи Ойбекни қўярда-қўймай қўлтиқлаб юқорига олиб чиқиб кетишди. Зарифа опа Ойбекнинг номидан, янги  шеърларидан ўқиб берди, залда гулдурос қарсаклар янгради.

Ойбек бизнинг ёнимизда бир неча дақиқа ўтирди. Йирик-йирик кўзлари кишига меҳр билан боқар, унинг туб-тубида софлик, айни пайтда ҳорғинликми, бетобликми, шунга ўхшаш кишининг юрагини ачиштирадиган бир ҳолат акс этиб турарди.

Ойбекни эҳтиётлаб тирсагидан тутганича юқорига кўтарилган Зарифа опа ёнимдаги ўриндиқда кичкина сумкачасини унутиб қолдирган эди. Нима қилсам, деб бирпас иккиланиб турдим ва дугоналаримнинг қистови билан сумкачани Зарифа опага олиб бориб бердим. Опанинг кўзлари чақнаб, менга қараб жилмайди ва секингина “Раҳмат, бахтли бўлинг!”, деди. Ҳа. Шундай улуғ инсон – кимё фанлари доктори, Ойбекнинг рафиқаси мени дуо қилди. Ёш эмасманми, бир қарич ўсдим. Гуруҳимизда Адиба деган тошкентлик қиз ўқирди. У ишчилар шаҳарчасидан бўлиб, Ойбек билан девор-дармиён қўшни эди. Адиба “Ойбек домла ҳар куни кечки пайт тоза ҳавода айлангани чиқади”, деб қолди. Ёзувчини кўриш учун бир неча дугона кечки пайт Адибаникига бордик.

Ҳаво салқин. Кимдир костюм, кимдир плаш кийиб юрадиган кунлар. Соат бешлар атрофида Ойбек домла дарвозадан чиқиб келди. Биз, Адибаларнинг эшиги олдида ўриндиқда ўтирган қизлар дув этиб ўрнимиздан туриб, салом бердик.

-Аа-лай-кум, - Ойбек домла  саломимизга овоз чиқариб алик олди ва бизга жилмайиб қаради. Балки бизнинг мўъжиза кўргандек қотиб тикилиб туришимиз унга ғалати кўрингандир. Мен унинг кўзларини яна кўрдим. Ҳа, у ниҳоятда меҳрли кўзлар эди. Унинг бутун борлиғидан, қадамларидан бетоблиги сезилиб турар, паҳлавонсифат гавдаси ҳар замонда чайқалиб кетаётганга ўхшарди. Қўлидаги резина коптокчани тўхтовсиз ғижимларди, бу ҳам соғлиги учун экан. У йўл-йўл пижамада, оёқларида шиппак билан кўча охирига қараб кетди. Бир оздан кейин Зарифа опа унинг орқасидан борди ва икковлари қўлтиқлашиб анча айлангандан кейин, ёнимиздан ўтиб ҳовлига кириб кетишди.

Кейин ҳам Ойбекни бир қанча учрашув ва адабий кечаларда кўриш шарафига муяссар бўлганман. Лекин, у гапирмаган. Унинг номидан гоҳ Зарифа Саидносирова, гоҳ келинлари Ҳулкар Олимжонова (Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг қизи) сўзга чиқар ва шеърларидан ўқиб беришарди.

Унинг қиёфасида Йўлчининг паҳлавонлиги, кўзларида эса   Навоийнинг донолиги бордек эди. Дарвоқе, ижодкорларда севимли қаҳрамонларининг маълум бир хислати намоён бўлади дейишади-ку.

Буюк инсонларнинг ҳаёт йўли барчамиз учун катта ибрат мактабидир. Ойбек ва Зарифа опа ўртасидаги улкан муҳаббат, инсоний муносабатлар ҳақида кўплаб эсдалик ва хотиралар ёзилиши ва улар ўз ўқувчиларига маънавий озуқа беришига ишонаман.

Зарифа Саидносирова ёзганидек, буюк ёзувчининг “юрак қони-ла ёзган асарлари китобхонлар учун ҳамиша ардоқли ва севимли бўлиб қолаверади.

 

Бўстон РАҲМОНОВА, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси