"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

25 мaй, жума.

МАКТАБДА КИТОБ ЯРМАРКАСИ

Таълим
Tipografiya

Таълим ва ташаббус

МАКТАБДА КИТОБ ЯРМАРКАСИ

Касбим тақозоси билан ҳар кун ҳузуримга ўнлаб ўқувчилар киради. Турли ёш, турфа характердаги ўғил-қизлар. Болажон бўлганим боис улар билан тез тил топишаман, бирортасининг кўнглини ўкситгим келмайди, ўзимга тенгма-тенг кўриб, суҳбат қиламан. Кўп йиллик тажрибам асосида англаганим шу бўлдики, болани яхши-ёмонга ажратиш душвор. Бола қалбидагидек соф, беғубор қарашни ўзга ҳеч кимдан тополмайсиз.

Кўпинча улар ёнимга қандай китобларни мутолаа қилиш, ўзлари дуч келган катта ва кичик ноҳақликларга қандай муносабатда бўлиш, севимли касбни эгаллаш учун нималарга эътибор қаратиш, қайси фанлардан яхши ўқиш кераклиги ҳақида маслаҳат олиш ниятида киришади. Яна шундай ташаббус ва таклифларни ўртага ташлашадики, беихтиёр футбол афсонаси Пеле лутф этганидек, бутун борлиқни уларга тортиқ этгинг келади. Суҳбатларнинг бирида юқори синф ўқувчилари ўринли таклиф билдиришди:

- Муаллим, вилоят, туман марказидан анча олисда яшаймиз, қишлоғимизда эса китоб дўкони йўқ. Тўғри, мактаб кутубхонасида бадиий, илмий китоблар талайгина. Аммо 700 ўқувчига қиёслаганда бу жуда кам. Агар мактабда китоб савдоси йўлга қўйилса, биз ҳам шахсий кутубхонамизни яратардик.

Дарвоқе, яқиндагина Президент ташаббуси билан мамлакатнинг барча ҳудудларида бўлгани каби мактабимиз кутубхонасига ҳам 81 номдаги бадиий китоблар тақдим қилинганди, ўқувчиларнинг мутолаага бўлган иштиёқидан мамнун бўлдим. Аслида бу нафақат таклиф, балки ўринли талаб ҳам эди. Ўқувчилар истагини рўёбга чиқаришнинг йўлларини излаб юрган кунларнинг бирида қўшни Касби туманидан қилинган қўнғироқ оғиримни енгил қилди. Хуллас, якка тартибдаги тадбиркор Нодира Шерова таълим муассасамизда китоб ярмаркасини ўтказадиган бўлди. Ассортимент ҳам анча кенг: 500-600 номдаги китоб бор экан, ўқувчиларимиз жуда қизиқиб қолишди.

- Ярмаркада ўзим севган адиб Ўткир Ҳошимов китобларини олдим, - дейди мактаб ўқувчиси Дилшода Холмуродова. – Синфимизда туғилган кунини нишонлаётган тенгдошларимизга китоб совға қилиш одат тусига кирган. Яқин кунларда ёшига ёш қўшиладиган 10 нафар синфдошимизга совға қилинадиган китобларни ҳам шу куни танладик.

- Ҳар гал шаҳарга борганда, фарзандларимга деб китоб олиб қайтаман, - дейди Сожида Рўзиева. – Аммо боланинг ўзи кўриб, танлаганига нима етсин. Мактабда ташкил қилинган китоб савдосида 20 га яқин китоб харид қилдик. “Ўткан кунлар”, “Кеча ва кундуз”, “Дунёнинг ишлари” асарларининг янги нашрини ўзим ҳам қайта ўқиб чиқмоқчиман.

- Бундан етти йил аввал онам билан тадбиркорликни йўлга қўйиб, Касбида китоб дўкони очганимизда кўпчилик “Китоб савдосидан ҳам тижорат бўлармиди”, қабилида муносабатда бўлганди, - дейди тадбиркор Суннат Очилов. – Ҳозирга келиб туманимиздаги 60 та, Миришкордаги қарийб 40 та билим маскани билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Дўконимизда 2 минг номдан ортиқ китоблар бор. Уларнинг асосий қисми ўқувчи-ёшларга мўлжалланган.

Юқорида айтилганлар – мактабимизда ўтган китоб ярмаркасидан олинган таассуротлар. Ундан келиб чиқадиган хулоса эса шу: ота-оналар, болангизга қувонч улашмоқчи бўлсангиз, кўп ўйлаб ўтирманг, китоб совға қилинг! Шунда фарзандингизга энг катта яхшиликлардан бирини қилган бўласиз.

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори