"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 мaй, чоршанба.

ТАЪЛИМ ВА ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ, ТАЛАБАЛАР ЭНДИ МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ЖАЛБ ҚИЛИНМАЙДИ

Таълим
Tipografiya

 

Ижро ва масъулият

ТАЪЛИМ ВА ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ, ТАЛАБАЛАР ЭНДИ МАЖБУРИЙ

МЕҲНАТГА ЖАЛБ ҚИЛИНМАЙДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев берган топшириқлардан келиб чиқиб жорий йил 17 апрель куни Бош вазир раислигида “Ҳудудларда дала ва тозалаш, ободонлаштириш ишларига тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш ва ушбу ҳолатларга йўл қўйган барча даражадаги ҳокимлар ва раҳбарларнинг шахсий масъулият ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилаш” масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган, унда ҳудудларда йўл қўйилаётган мажбурий меҳнат кўринишлари қаттиқ танқид қилинган эди. Жумладан, бюджет ташкилоти ходимларини, айниқса, таълим ва тиббиёт соҳаси вакиллари, талабаларнинг ўз соҳасига тегишли бўлмаган ишларга, хусусан, қишлоқ хўжалиги, дала ишлари, кўчаларни тозалаш ва ободонлаштириш, қурилиш ҳамда турли хилдаги жамоат ишларига мажбурий тарзда жалб қилинаётгани ҳолатлари кузатилаётгани қайд этилди.

Бу борада белгиланган вазифалар ижроси бўйича жойларда, ташкилот ва муассасаларда йиғилишлар ўтказилмоқда. Улардан бири Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташаббуси билан Қарши тумани ҳокимлигида ташкил этилди. Йиғилишда тумандаги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари, педагог ходимлар ҳамда ташкилотлардаги бошланғич  касаба уюшма қўмиталари раислари иштирок этди.

Йиғилишда таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси    Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари   Жамил Яратов, кенгашнинг Қашқадарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Шодмон Кубаев ва бошқалар сўзга чиқиб, педагогларнинг ўз вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурий равишда жалб қилиниши ёш авлодга таълим-тарбия бериш жараёнларини иккинчи даражага тушириб юбориши, турли кўнгилсизликларга олиб келиши, эндиликда бундай ҳолатга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида гапирдилар. Шундай экан, бундан кейин масъулиятни ҳис этган ҳолда асосий ишга виждонан ёндашиш, бордию мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳоллари учраса, бу ҳақда таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига ишонч телефонлари орқали маълум қилиш тушунтирилди.

Тадбир савол-жавоб руҳида ўтди.

Умиджон МУСТАЕВ,

Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Қарши тумани кенгаши раиси