"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 август, шанба.

ТАЛАБАНИНГ ИШЛАНМАСИ РЎЗFОР ЮМУШЛАРИНИ ЕНГИЛЛАШТИРИШГА АСҚАТИШИ МУМКИН

Таълим
Tipografiya

Иқтидорли ёшлар - юрт таянчи

ТАЛАБАНИНГ ИШЛАНМАСИ РЎЗFОР ЮМУШЛАРИНИ

ЕНГИЛЛАШТИРИШГА АСҚАТИШИ МУМКИН

Маълумки, ер юзида табиат ато этган неъматлар - табиий газ ва ёқилғи ресурслари чекланган. Шу боис, уларнинг муқобил турларини излаб топишга бўлган ҳаракатлар фаол давом этмоқда. Чорва гўнги ва қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан биогаз олиш бўйича амалиётга татбиқ этилаётган лойиҳалар мазкур йўналишдаги ишланмаларнинг бир қисми бўлиб, уларни мукаммаллаштириш жараёни давом этмоқда. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси Сардор Эрнафасовнинг ҳам ҳаракатлари шунга мувофиқ ва у суткасига 10 кубметр метан гази ишлаб чиқариш қувватига эга қурилма тайёрлади.

У мазкур олий таълим муассасининг Энергетика факультети 2-босқич талабаси, ихтироларга қизиқади. Устозларидан олган назарий билимлари унинг қобилиятини янада оширди. 

- Ишланмам кичик хонадонларни иситиш, таом пишириш ҳамда иссиқхона хўжаликлари учун мўлжалланган, - дейди Сардор Эрнафасов. - Ушбу биогаз қурилмасининг турдошларидан афзаллиги, ясаш учун зарур жиҳозларни топиш қийин эмас. Ортиқча ишчи кучи ҳам талаб қилмайди. Содда ва жўн тузилишдан иборат. Яъни уни ясаш учун 220 литр ҳажмли пўлат реактор, 30 литр ҳажмли газ баллони, юк автомобили камераси ҳамда бошқа майда деталлардан фойдаланилди.

Ихтирочининг тушунтиришича, ҳаво ҳароратининг 15 даражадан юқори бўлиши қурилма ишлаши учун мақбул шароит ҳисобланади. Чунки ундаги биоэнергия хомашё  - органик чиқиндининг бижғиши ҳисобига ҳосил бўлади.

Бу билимга чанқоқ, изланувчан бир талабанинг изланишлари  маҳсули. Воҳамизда эса бундай иқтидорли ёшлар жуда кўп. Хусусан, Сардор Эрнафасов билан бир даргоҳда таълим оладиган қатор ёш олимлар ҳам доимо изланишда. Улар турли лойиҳалари билан Республика "Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар" ярмаркасида мунтазам қатнашиб келишади. Бундай ярмаркалар доирасида таклиф этилган ишланмаларни амалиётда қўллаш бўйича буюртмачи субъектлар билан 1 миллиард 393 миллион сўмлик шартномалар имзоланган. 15 та илмий ихтиро ҳамда фойдали моделларга эса патент олинган.

С.АЛЛАЁРОВА