"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 август, жума.

САОДАТ, САХОВАТ, СУРУР

Сўнгги янгиликлар
Tipografiya

Бунёдкорлик

САОДАТ, САХОВАТ, СУРУР

Қарши тумани марказида биратўла уч ижтимоий объект - Нуронийлар маскани, Ёшлар хиёбони ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқаролар учун мўлжалланган яшаш уйлари тантанали тарзда фойдаланишга топширилди.

Туман марказидаги истироҳат боғида қарийб 1 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган “Нуронийлар маскани” ҳудудда истиқомат қилаётган 20 минг нафардан ортиқ кекса-фахрийлар учун Ҳайит байрами арафасида муносиб туҳфа бўлди. Объект 12 та хонадан иборат бўлиб, бу ерда нуронийлар бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.  Жумладан, шахмат, шашка клуби, стол тенниси, жисмоний машғулотлар зали, кутубхона, тиббиёт хонаси, намозхона ҳамда тадбирлар зали мавжуд.

“Нуроний маскани”дан унча узоқ бўлмаган майдонда ташкил этилган Ёшлар хиёбони ҳам диққатга сазовор бўлиб, туман ёшларининг дам олиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун мўлжалланган замонавий мажмуа кўринишини олган. Унда нафақат ёшлар, балки барча аҳоли вакилларининг келиб дам олиши, сайр қилиши учун шароит ҳозирланган.

 

Хиёбонда амфитеатр, турли болалар аттракционлари, 5 хил рангда ёғдуланадиган замонавий фаввора, катта ҳажмдаги телемонитор мавжуд. Атрофдаги яшил ҳудуд ва турфа рангли гуллар киши қалбига ором бағишлайди.

- Туманимиз йилдан-йилга чирой очиб бормоқда, - дейди шу ерлик Наргиза Асадова. – Айниқса, бугун Ёшлар хиёбонида яратилган қулайликларни кўриб, янада хурсанд бўлдим. Энди  бу ерга ишдан сўнг бемалол фарзандларим билан келиб, мароқли ҳордиқ чиқариб кетамиз.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга мувофиқ, Қарши туманида ҳам 37 та хонадондан иборат уйнинг ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга топширилиши мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг яна бир намунаси бўлди.

Шу куни мазкур объектларнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан маданият ва санъат вакиллари иштирокида байрам тадбири уюштирилди. Унинг доирасида тумандаги 12 та кам таъминланган оила фарзандларининг суннат тўйлари ҳам ўтказилди. Болажонларга вилоят ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотларнинг совғалари ҳамда 500 минг сўмдан маблағ қўйилган омонат дафтарчалари топширилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: тантанали тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.