"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июль, шанба.

ТИББИЁТДА КОМПЬЮТЕР ТИЗИМЛАРИ

Тиббиёт
Tipografiya

Тадбир

ТИББИЁТДА КОМПЬЮТЕР ТИЗИМЛАРИ

2018 йилда мазкур йўналишда магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилади

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида Европа Иттифоқининг Эрасмус+ дастури доирасидаги TechReh лойиҳаси бўйича навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.

Унда Италиянинг Саннио университети, Франциянинг Пьер ва Мария Кюри институти, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва унинг Нукус филиали профессорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги олий таълим муассасаларида электрон таълимни жорий этиш маркази ва республика физиотерапия ва тиббий реабилитация илмий маркази ходимлари қатнашди.

Шунингдек, тадбирда Болгариянинг Пловдив, Литванинг Вильнюс тиббиёт университетлари, Португалиянинг PLUX – симсиз биосигналлар тиббий ишлаб чиқариш корхонаси, Европа жисмоний ва реабилитация тиббиёти жамияти профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари онлайн тарзда иштирок этди.

Лойиҳанинг асосий мақсади жаҳонда тиббиёт соҳасида, жумладан, реабилитацияда ахборот технологияларининг илғор ютуқларини қўллаш борасидаги иш тажрибаларини ўрганиш, Тошкент ахборот технологиялари университетида ахборот-коммуникация технологияларини тиббиёт соҳасида қўллаш кўникмаларига эга кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, шунингдек, “Тиббиётда компьютер тизимлари” деб номланган магистратура мутахассислигини очиш борасида таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

- Ушбу лойиҳа бўйича ҳар бирининг қиймати 47 минг еврога тенг бўлган тўртта - Тошкент ахборот технологиялари университетида иккита, унинг Нукус ва Қарши филиалларида биттадан илмий лаборатория ва доимий офис ташкил этилади, - дейди ушбу университет докторанти Шербек Норматов. – Мазкур лабораториялар жаҳоннинг етук компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган замонавий тиббиёт ускуналари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланади. 2018 йилдан бошлаб университетда “Тиббиётда компьютер тизимлари” йўналишида магистратура мутахассислиги очилади ҳамда бир нечта тиббий фанлар ўқитилиши жорий этилади. Бу келгусида ахборот-коммуникация технологияларини тиббиёт соҳасида қўллаш кўникмаларига эга кадрларни тайёрлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Мулоқот давомида хориж олий таълим муассасалари мутахассисларининг ҳамда тиббиёт ходимларининг фикр-мулоҳазалари тингланиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

М.ТЎЛАГАНОВ