"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июль, шанба.

ДАРДМАНД КЎНГИЛЛАРГА ДАРЗ ЕТМАСИН

Тиббиёт
Tipografiya

3 декабрь - Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни

ДАРДМАНД КЎНГИЛЛАРГА ДАРЗ ЕТМАСИН

1. Муқаддима

"Бири кам дунё..." Нега шундай дейишади? Аслида олам мукаммалу одамга нимадир етишмайди. Ўзи ўйлаган мукаммаллик, бахтли, тўкис ҳаёт учун курашиб яшаш йўлида недир камлик қилади. У юксаклик истайди, аммо қанотлари йўқ; оби ҳаёт, деб саробга, висол истаб ҳижронга, диёнат излаб хиёнатга, бойлик ахтариб қашшоқликка дуч келаверади. Энг зарур икки нарса - соғлик ва вақтнинг қадрига етмайди шу йўлда.

Айни дамда Яратган эгам уларни бир тўкисда жисмонан соғлом, ақлан етук, руҳан бардам қилиб яратмаган. Аҳён-аҳёнда бўлса-да, бу ёруғ олам гўзалликларини кўролмайдиганлар, тили бир оғиз сўз айтиб, қулоғи сеҳрли оҳангларни, сас-садоларни эшита олмайдиганлар, икки оёқ ё икки қўлсиз ёхуд бирисиз яшашга, ҳатто бир умр тўшакда умр ўтказишга, ақлдан бегона бўлиб ҳаёт кечиришга маҳкум этилганлар ҳам учрайди. Жамият, жамиятдаги соғлом кишилар уларни умумлаштирган ҳолда "ногиронлар" ёхуд "имконияти чекланганлар" деб атайди.

2. Ногиронлик

Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунида "Ногирон - жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги) нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ногирон деб топилган ҳамда ижтимоий ёрдамга ва ҳимояга муҳтож шахс", деб кўрсатилган. Унда имконияти чекланганларни ҳимоя қилишнинг қатор йўналишлари ўз аксини топган. Асосий мақсад эса бундай одамларни қадрлаш, ўқитиш, имкон даражасида меҳнатга жалб этиш, соғлом одамлар билан тенг ҳуқуққа эгалик кўникмасини юзага келтириш орқали уларнинг ҳаётга, яшашга муҳаббатини    уйғотишдир.

Истиқлол йилларида имконияти чекланганларни ижтимоий ҳимоялашга бўлган эътибор сезиларли даражада ортди. Айни вақтда халқимизда имконияти чекланган, бева-бечора ва етим-есирларга моддий-маънавий ва руҳий қувват, ёрдам бериш каби қадриятлар янада қадр топаётгани уларнинг ҳаётда умид, ишонч билан яшашига омил бўлмоқда.

3. "Эшитмасин дардимизни бегона"

Ҳаёт ниҳоятда гўзал. Ҳаёт ғоят шафқатсиз. Бирда гул яратади, бирда тикан. Барча мавжудотлар орасида инсонгина фикрлаб, ўйлаб, умид қилиб кейинги авлоднинг ўзидан кучли, гўзал, ақлли, ахлоқли, идрокли ва иродали бўлишини истайди. Аммо ҳаммага соғлом, бақувват, тўла-тўкис, нуқсонларсиз фарзанд ато этавермайди. Кимлардир туғма ногирон бўлса, айримлар ҳаётдаги тасодифлар, фалокатлар, ўзининг ёки ўзганинг хатоси, айби билан ногиронга айланиб қолади. Шу боис тўрт мучаси соғ бўлсин, деб ният қиладилар. Тана ташқи ва ички томондан соғ бўлса, яшаш осон, курашиб қийинчиликларни енгиш, орзу-умидга эришмоқ осон.

Бироқ  инсонлар орасида гўзаллару хунуклар, соғломлару хасталар, тўкислару нотўкислар мавжуд. Айниқса вужудида нуқсони борлар, яъни қўлсиз ва оёқсиз (ҳатто иккаласи-да йўқлар), кўр, кар ва соқовлар, ақлида қусури борлар учун яшаш, ўз қисматига кўникиш минг бир азоб, машаққат. Шайх Саъдий Шерозий айтганидек, улар дардини ичида ютиб яшайди:

Тансиҳатлар билмас яра дардини,

Эшитмасин дардимизни бегона.

Асал демак бирла оғиз чучимас,

Ари нишин синаб кўрмай бир бора.

Ногиронлар дард-аламини, чекаётган азобини соғ одамларга ошкор қилишни исташмайди, шикоят, шафқат сўраш, ўзгаларнинг раҳмини келтиришни ҳам ёқтиришмайди. Чунки маълум вақт ўтгандан сўнг ўзларининг кимлигини унутиб, соғлардек кўникма ҳосил қилади. Соғлар қиладиган, яшаш учун зарур ишларни қила оладиган    бўлади.

Эътибор берсангиз, имконияти чекланганларнинг аксарияти бироз ўйчан, аччиғи тезроқ, ҳақиқатпараст, гоҳо сал жиззакироқ бўлади. Лекин улар ўзини камситиб, тани сиҳатлардан айри яшашга қодир эмас. Кимдир камчилигини таъна қилмаса, юзига солмаса ёхуд қайси бир ҳаётий заруриятда ниманидир бажаришга ўша йўқ ёки нуқсонли аъзо керак бўлиб қолмаса, ўзини соғлом, тўкис билади. Уларга соғлом кишиларнинг бўлар-бўлмасга, ўзлари бемалол бажара оладиган юмушга кўмаклашишга шошиши ёқмайди, балки камситиш туюлади.

4. Яқинларининг чеккан озори

Ногиронларнинг ўзигагина аён азоб-уқубат, ғамини фақат ўзи тортмайди, ўзигина кўтармайди. Улар дардини оиладагилар, яқин қариндошлар, дўстлар, яхшилар бўлиб-бўлиб оладилар-да, ғам юкини енгиллатадилар, яшашга муҳаббат улашадилар. Аммо ногирон бир четда қолиб, ана шу яқинларнинг айримлар гап-сўзидан дили вайрон. Чунки ногирондаги жисмоний қусур унинг номига қўшиб айтилади ва эри (хотини), фарзандлари, ака-ука, опа-сингиллари, ўзга яқинлари камситилади, ҳақорат қилинади. "Кўрнинг хотини", "Чўлоқнинг эри" ва ҳоказо тарзидаги дашномлар ногироннинг соғлом қариндошига қанчалар оғир ботишини тили бийронлар билармикан?! Йўқ, билмайди, била олмайди. Бунга ақли етмайди. Йўқса, болани "Ҳой, чўлоқнинг боласи", "Сен фалончи кўрнинг қизимисан?" деб мурғак дилини вайрон қилмас, улар эса уйга йиғлаб келмас, отаси ёхуд онасининг жисмоний қусуридан алам чекмасди. Энг ёмон томони, бундай камситишлар бола ёки ўспириндан эмас, катта ёшдагилардан чиқаётганидир. Бундай кишилар қисматни, балки кун келиб ўз ҳаётида ҳам кутилмаган кўнгилсизлик юз бериши, ўшанда ўзини қандай тутишини ўйлаб кўриши керак. Зинҳор бундай бўлмасин, лекин уларнинг жисмоний қусури бўлган кишиларни ва уларнинг оила аъзоларини ҳақоратлаши ҳар ҳолда мақтовли иш эмас.

5. Эътибор, меҳр ҳар он керак

Мамлакатимиз Конституцияси, тегишли қонун ҳужжатларида ногиронларни ҳимоя қилиш ва шу асосда уларнинг бахтли, ҳаётдан рози бўлиб яшашига, илм олишига, касб эгаллаб меҳнат қилишига, илмий-ижодий салоҳиятини тўлиқ намоён этишига инсонпарварлик мезонида туриб шарт-шароит ва имкониятлар яратиш белгилаб қўйилган. Бундай ғамхўрликни  имконияти чекланганлар катта хурсандчилик билан қабул қилгани бор гап. Аммо бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ижросида сусткашлик рўй бераётган экан, бунга ўрта ва қуйи бўғиндаги раҳбарларнинг эътиборсизлиги сабаб, десак хато бўлмас.

Дарвоқе, бошидан ўтганнинг қошидан ўтма,  деган гап бор. Буни эслашдан мақсад мен 55 йилдан буён ногиронман. Қирқ олти йилдан буён меҳнат қиламан. Шу муддатда айрим раҳбарларнинг ногирон аҳволи билан қизиққанини кам кўрдим. Эҳтимол, икки-уч марта ногиронлар кунига атаб моддий ёрдам берилгандир.

Ногиронларга бўлган бефарқ муносабат турли ташкилот, корхоналар раҳбарлари ва ходимлари фаолиятида учрайди. Кассаларда, электр ё газ ҳақини тўлашда, айрим савдо шохобчаларида гоҳ ҳассага суяниб, гоҳ бели букчайиб ўтирган ақалли биринчи, иккинчи гуруҳ ногиронларига боқинг. Битта-иккита, борингки учта шундай ногиронни  навбатсиз қабул қилиш мумкин эмасми?!

Яна бир ҳолат: кўриниб турган ногирон (оёқсиз, қўлсиз, кўр ва ҳоказодан) идора, корхона, ташкилотнинг масъул ходими унинг ногиронлик ёки нафақа гувоҳномаси билан ҳисоблашмай маълумотнома сўрайди. Бир мисол, уч йил бурун ногиронлик ҳуқуқларимни ҳимоя қилиб ариза ёзсам, бир ҳуқуқшунос 1962 йилда қўлим кесилгани ҳақида ҳужжат сўраб бошимни қотирса бўладими. Икки кун югурдим, аммо топиб келолмадим айтган қоғозларини... Бундай қоғозбозу сарсон этувчилар    учраб турибди. Начора?!

Ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз кириши учун ҳам жойларда ҳали  муаммолар учрайди.

6. Саховат беминнат бўлар

Ногиронлик ҳамма вақт бўлган ва бўлиб туради. Лекин ҳамиша бардоши кучли, иродаси мустаҳкам, фикри теран ногиронлар инсоният тарихига ўз номларини муҳрлаб келишмоқда. Ана шу бардош ва ирода Гомер, Аз-Замахшарий, Рудакий каби кўплаб даҳоларни етиштирган. Тарихдан бунга мисоллар кўп. Ҳозирги кунда ҳам илм-фан, санъат, маданият, спорт ва бошқа турли соҳаларда бундай фидойилар эл-юрт диққат-эътиборида. Мустақиллик даврида ногиронларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши туфайли биргина Бразилияда ўтказилган мусобақада 2016 йилги паралимпиячиларнинг оламшумул зафарларини эсланг.

Яхши биламизки, меҳр, кўмак ва саховат дилдан бўлиши керак. Негадир айримлар шуни унутиб қўяётгандек. Бир ўқув юртида раҳбар ходимларини йиғиб, йиғилиш қилибди-да, оқсоқ қоровулга: "Бугун сизнинг байрамингиз, яъни халқаро ногиронлар куни. Табриклаймиз! Мана шу пакетда гўшт билан масаллиғи бор. Уйга бориб шўрва қилиб ичасиз. Яна бир гап, январни кутиб юрмай нафақага ҳам чиқариб қўйдик, совуқда юрмай дам олинг", дебди.

Мана сизга ақл, фаросат ва ногиронни "ҳимоя" қилиш. Аввало, раҳбар ногиронларга эътибор қаратадиган бир кунни "байрам" деди. Айни вақтда қоровулни "сиз чўлоқсиз", деб камситганини англамади. Иккинчидан, бир овқатлик масаллиғини миннат қилди. Учинчидан, "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 24-моддасида: "...ногиронлар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, ногиронни унинг розилигисиз бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилмайди", деб ёзиб қўйилганини унутди ёки назарга олмади (негадир бир гуруҳ раҳбарларга шу модда ёқмаслиги тез-тез учраб туради).

Яна бир ҳолатга ҳам кўп дуч келамиз. Ташкилот раҳбари, тадбиркор, фермер ё ўзга бир иқтисодий жиҳатдан бақувватроқ киши ногиронга, муҳтожга маълум кунлари (хусусан, байрам ва сайиллар) озроқ моддий ёрдам кўрсатиб (ёки совға улашиб), мақтанишни, ҳатто оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб, барчага шу ишини овоза қилишни хуш кўради. Дадилроқ, арзирли, бир камни битказадиган ёрдам (совға) бўлса майлику-я, аммо гоҳо қоғоз гул, икки-уч килограмм озиқ-овқат маҳсулоти, ҳиммати ошиб кетса яна арзонроқ нимадир олиб бориб, шуни кўпчиликка кўз-кўз қилишга арзирмикан. Халқ топиб, билиб, минг йиллик ҳаёт тажрибасидан ўтказиб айтган: "Саховат кўрсатишда, кимгадир моддий ёрдам беришда ўнг қўл узатганни чап қўл билмасин". Савоб ҳам, барака ҳам шунда.

Ниятимиз - дардманд кўнгилларга яна дарз    етмасин. Ота-боболаримизнинг муқаддас қадрияти - меҳр кўрсатиб, меҳрдан руҳланиб соғу шодон яшайлик.

Абдиолим ЭРГАШЕВ,  2-гуруҳ ногирони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси