"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

ҚИШ КЕЛТИРАДИГАН КАСАЛЛИК

Тиббиёт
Tipografiya

Дўхтир огоҳлантиради

ҚИШ КЕЛТИРАДИГАН КАСАЛЛИК

Куз ҳамда қиш фаслларида иқлим шароитлари, ҳавонинг тез-тез ўзгариб туриши, намгарчилик сабаб ёш болалар ўртасида юқори нафас йўллари, фарингит, бронхит, пневмония касалликлари кўп учрайди. Халқимиз орасида бу оммавий ҳолат “тумов” ёки “ланг” деб аталади ва кўпинча оёқда ўтказилади. Эътиборсиз қараладиган тумов асоратида бронхит ва бошқа жиддий касалликлар келиб чиқишини  эса билмаймиз.

Хусусан, ўткир тумов – юқори нафас йўлларининг шамоллаши бўлиб, кўп ҳолларда бола танаси совқотганда бошланади. Оғиз қурийди ва бурундан сув оқади, бош оғрийди, тана ҳарорати кўтарилади. Ўткир ларингит ўткир тумовдан сўнг бошланади ва ҳиқилдоқ яллиғланади. Бу пайтда ҳиқилдоқ қизаради, товуш хириллаб, дағал бўлиб қолади. Бемор қуруқ йўталдан қийналади, гўдакнинг томоғи бўғилиб қолиши эҳтимоли ҳам бор. Ўткир фарингитда томоқ шиллиқ пардаси яллиғланади, оғиз қуриб, ютиниш қийинлашади. Тана ҳарорати кўтарилиб, нафас олиш оғирлашади. Камқувват, камқон, камҳаракат болалар бу касалликларга тез чалинади. Энг ёмони, ўз вақтида даволатилмаган бу хасталиклар бронхитни шакллантиради.

- Одатда, тумовдан бошланган касаллик босқичма-босқич фарингит, ларингит, транхит ва охирида бронхитга айланади, - дейди вилоят сил касалликлари диспансери шифокори Маъруф Бердиев. - Ўткир бронхит сабабчиси, асосан, вируслар ҳисобланади. Даволаш муолажалари ўз вақтида олиб борилса, бир неча ҳафтада тузалади, аксинча сурункали тус олиб, бир неча йилларга чўзилади ва тез-тез қўзғаб туради. Болалардаги доимий йўтал ва ҳансираш, лоҳаслик, нафас қисиши, бўшашиш сурункали бронхитнинг асосий аломатидир. Бу касаллик билан хасталанган одамлар ўпка ва нафас йўллари хасталикларини қузғатувчи бактерия ва вирусларга сезувчан ёки доимий равишда инфекцияланган бўлади.

ЙЎТАЛ – БРОНХИТ ДАРАКЧИСИ

Бронхитда энг кўп кузатиладигани йўталдир. Бемор қуруқ йўталдан қийналади. Болалар йўталганда қизариб ва кўкариб кетади ҳамда ҳаракати сусаяди. Чунки бу пайтда нафас олиш қийинлашади, шиллиқ қават таъсирланади ва кўп миқдорда шилимшиқ ишлаб чиқара бошлайди. Бемор тўлиқ даволанмаса, хасталик  йиллар давомида сурункали тус олади. Сурункали бронхитда тўхтовсиз йўтал, тез-тез балғам ажралиши, шамоллаш ва иситма, нафас етишмаслиги безовта қилади. Шунингдек, ҳолсизлик пайдо бўлади, терлаш, тез чарчаб қолиш каби белгилар кузатилади. Йўтал эса кундалик ҳаёт тарзига айланади.

ТАМАКИ ТУТУНИ ЗАРАРЛИ

Мутахассислар тамаки тутуни сурункали бронхитга чалиниш ҳолатининг 80 фоизига сабабчи  эканини айтишади. Шунинг учун чекишдан воз кечиш керак, агар бунинг иложи бўлмаса, бу одатни камайтириш лозим. Чекиш ўпкага салбий таъсир кўрсатиб, нафас йўллари киприкчаларини ишдан чиқаради. Бунинг оқибатида нафас йўлларидаги шиллиқ қават қолдиқ моддалар ва ортиқча шиллиқларни тозалаш вазифасини бажаришдан тўхтайди. Вақт ўтиши билан тамаки тутунидаги зарарли моддалар нафас йўлларига доимий равишда таъсир кўрсатиб боради. Бу эса ўпка ва нафас йўллари тўқималарининг кенгайиши ва ҳаво тўпланиши, ўпка саратони каби жиддий касалликлар юзага келиш хавфини оширади.

ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИН...

Доно халқимизда касалликни даволашдан кўра олдини олган маъқул, деган гап бор. Ушбу хасталикнинг ҳам олдини олиш муҳим. Бунинг учун чекиш, зарарли моддалар билан ифлосланган ҳаводан нафас олиш, ноқулай экологик муҳит ва бошқаларни бартараф қилиш лозим. Шунингдек, ўз вақтида зарур дори-дармонлар билан бирга қўшимча даволовчи машқлар ва бошқа физиотерапевтик усуллардан фойдаланиш лозим. Бу касалликка чалинганларга аччиқ ва шўр маҳсулотларни  истеъмол қилиш мумкин эмас.

Маълумки, қиш ойларида уй деразалари кам очилади. Ўз-ўзидан хона ҳавоси қуруқлашади. Бу пайтда ҳавони намлантирувчи воситалардан фойдаланиш тавсия этилади. Масалан, хонага сув тўлдирилган коса ёки нам сочиқ қўйиш мумкин. Шунингдек, совуқ ҳавода танани қуруқ сақлашга эътибор бериш лозим. Чунки сурункали бронхитда тана ҳароратининг доим бир хил бўлиб туришига хизмат қиладиган физиологик жараён бузилади. Бу эса кўп терлашга сабаб бўлади. Озгина совуқ ўтиши ҳам терлаган танада касалликни қайта қўзғатиши мумкин.

ДАВОЛАШ ЙЎЛЛАРИ...

Сурункали бронхитни даволашга қаратилган асосий тадбирлардан бири нафас йўлларини очиш ва унинг фаолиятини тиклашдир. Бу нафас йўлларини шиллиқ тўпланишидан ва инфекция ривожланишидан ҳимоя қилади. Шунингдек, шифокор кўрсатмаси билан истеъмол қилинган дори-дармонлар орқали бронхларни кенгайтириш, нафас йўлларини ортиқча шиллиқдан тозалаш, яллиғланишни бостириш, ҳансираш ва нафас етишмаслик белгиларини камайтиришга эришиш мумкин. Бронхит сурункали тус олса, кейинчалик ўткир пневмония, сурункали ўпка сиқиши касаллиги, астматик бронхит, ўпкада қон босимининг ошиб кетиши, ўпка трахеяларининг торайиши, сурункали юрак-ўпка етишмаслиги каби бир қанча асоратларга олиб келишини унутмаслик керак.

ХАЛҚ ТАБОБАТИДА

Кексаларимиз бу каби касалликларни халқ табобати йўли билан даволашни маъқул кўришади. Даволашнинг бундай усули нафақат самарали, балки танага қувват бахш этади.

Ичига сариёғ ёки қуйруқ солиб, буғда пиширилган ёхуд ошга босилган беҳи истеъмол этилганда, қуруқ, изтиробли йўтални қолдириб, балғам кўчишини осонлаштиради, кўкракни юмшатади;

Картошка пўсти билан қайнатилиб, сўнг яхшилаб эзилади ва унга 1 ош қошиқ ўсимлик ёғи, 2-3 томчи йод қўшиб аралаштирилади. Аралашма иссиқлигида бирорта матога ўралиб, кўкракдан томоққа қадар босилади. Устидан ўралади. Бундай тадбир одатда кечаси қилинади. Кўкракка босилган аралашма совигандан сўнг олинади. Мазкур муолажа бронхит, юқори нафас йўлларининг шамоллашида яхши фойда беради.

Аҳоли орасида “ланг” тарқалган пайтда оналаримиздан қаттиқ эътибор талаб этилади. Болани ҳар куни тоза ҳавода сайр қилдириш, у ётадиган ва ўйнайдиган хоналарни вақти-вақти билан шамоллатиб, ҳавосини янгилаб, полларини ҳўл латта ёрдамида артиб туриш зарур. Айниқса, қиш кунлари исириқ тутатиш билан  хонадонларни “дезинфекциялаш” мумкин. Бу усуллар қишки хасталиклар, шу жумладан, бронхитга чалиниш хавфини бирмунча камайтиради.  

С. АЛЛАЁРОВА тайёрлади.