"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 апрель, якшанба.

ОХИРИ - БАХАЙР

Тиббиёт
Tipografiya

4 февраль - Бутунжаҳон саратон касаллигига қарши кураш куни

ОХИРИ - БАХАЙР

Бунинг учун вақтида тиббий кўрикдан ўтиб,

хасталикни мағлуб қилишга қатъий киришиш лозим

Дунёда саратон касаллигига чалиниш ҳолати тобора кўпайиб бораётгани унинг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтиришни тақозо этади. Касаллик сабаблари нимада? Вилоятда уни даволаш ва олдини олиш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Адҳам ПАРМОНОВ қуйидагиларни маълум қилди:

- Саратон касаллиги тўсатдан пайдо бўлмайди. Ҳар бир касалликнинг бошланиш ва ривожланиш босқичи бўлганидек, саратон хасталигида ҳам шу жараён мавжуд. Кўпинча саратон касаллик нишонаси деб аталиб, сурункали кечадиган патологик ўзгаришлардан сўнг ривожланади, шунингдек, тери, меъда, бачадон бўйнидаги узоқ вақт битмайдиган яралар, полиплар, сут безлари фиброадиноматози ва ҳоказолар оқибатида ҳам пайдо бўлади. Аммо шу касалликлардан кейин албатта саратон ривожланади, деб бўлмайди. Агар организмдаги саратонга сабаб бўладиган омиллар ўз вақтида узил-кесил даволанса, унинг олдини олиш мумкин. Саратоннинг характерли хусусиятларидан бири шуки, тўқимада ўсимта ҳосил бўлиб ривожлангандан кейингина касаллик белгилари юзага чиқади ва танадаги ўсимта ўсаётган аъзонинг функцияси кескин бузилади. Эркакларда кўпинча меъда, бронхлар, тери, пастки лаб, оғиз бўшлиғи, халқум, ўпка, таносил аъзоларида саратон касаллиги учрайди. Айниқса, сигарет ёки носни кўп чекиш ўпка, меъда саратони ёки оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати ўсмалари келиб чиқиши эҳтимолини оширади. Маълумотларга кўра, ўпка саратонига чалинган беморларнинг 96 фоизи сигарет, оғиз бўшлиғида учрайдиган саратонга чалинган беморларнинг 80 фоизи нос чекувчилар ҳисобланади. Аёлларда эса ўзгача. Уларда бачадон, овқат ҳазм қилиш аъзолари, сут безлари ва терида саратон касаллиги кузатилади. Ўсимта тананинг қайси қисмида ривожланаётганидан қатъи назар, қаттиқ оғриқ бермайди. Баъзи ҳолларда бемор оғриқни сезмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун бемор врачга кеч мурожаат қилади. Шу туфайли ҳам касаллик анча ривожланади ва уни даволаш жараёни қийин кечади.

Саратон касаллиги қанча эрта (1-2-босқичларда) аниқланса, соғайиб кетиш даражаси шунча юқори бўлади. Айтайлик, сут бези, меъда, йўғон ичак, бачадон бўйни хавфли ўсмаларининг бошланғич даврида соғайиш имкони 90-95 фоизни ташкил қилади. Ачинарлиси, кўпчилик ўз соғлиғига бефарқ. Масалан, аксарият аёлларимиз уй-рўзғор ташвишлари билан андармон бўлиб, аҳволи ўта ночор бўлгандагина шифокорга мурожаат қилади. Сўнгра "охири барибир бехайр-ку, демак, тақдирим шу экан", деб таслим бўлади.

22 йиллик фаолиятим давомида ҳатто 4-босқичда ҳам даволаниб, тўла соғайиб кетган юзлаб беморларни биламан. Бунда энг муҳими бемор билан шифокор ҳамкорлигидир. Агар ушбу ҳамкорлик яхши ишласа, дардга даво топса бўлади. Беморда ишонч бўлса, ўзи ҳам кураша бошлайди. Тушкунликка берилиб, ишончсизликни енга олмаса, даволаш чоралари чиппакка чиқади.

Саратонга чалинмаслик учун энг аввало, соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилиш зарур. Агар ҳар биримиз йилда бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишни одат қилиб олсак, турли касалликлар бошланғич даврида аниқланиб, улардан тўла-тўкис халос бўлиш имкони пайдо бўлади. Алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирда юртимизнинг энг чекка жойларида ҳам замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган тиббиёт масканлари мавжуд. Биргина қишлоқ оилавий поликлиникаларида талаб даражасида қон, пешоб таҳлилларини бемалол бажариш мумкин. Эндоскоплар, УТТ жиҳозлари ҳам аҳоли фойдаланиши учун.

Мухтасар айтганда, касалликнинг олдини олиш, уни барвақт аниқлаш ва даволашда тўғри ташхис қўйиш, профилактик чоралар қўллаш муҳим аҳамиятга эга. Тиббиёт ютуқлари шуни кўрсатадики, ушбу хасталик бедаво эмас. Даволаниш жараёнидаги эътибор, касалликни енгишга бўлган ишонч, яшашга кучли иштиёқ, яна тиббий маданият бу хасталикни мағлуб қила олади.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.