"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 сентябрь, чоршанба.

НИШОН ТУМАНИДАГИ АСОСИЙ МУАММОЛАР - ТИББИЁТ СОҲАСИГА ТЕГИШЛИ

Тиббиёт
Tipografiya

Маҳаллий кенгашларда

НИШОН ТУМАНИДАГИ АСОСИЙ МУАММОЛАР - ТИББИЁТ СОҲАСИГА ТЕГИШЛИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари мавжуд аҳвол билан яқиндан танишиш, ҳудуддаги муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг 16-23 февраль кунлари Нишон туманида бўлди. Депутатлар ва сенаторлар ҳокимият, халқ депутатлари туман Кенгаши, ички ишлар, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш объектлари, коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятини ўрганишди, якуний натижалар халқ депутатлари Нишон тумани Кенгаши сессиясида муҳокама қилинди.

Сессияда таъкидланганидек, уйма-уй юриб ўтказилган мулоқотлар давомида аҳоли вакиллари томонидан 483 та масала кўтарилди, ишчи гуруҳ штабида 80 га яқин фуқаро қабул қилинди. Мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой, коммунал соҳа, бандлик, таълим, тиббиёт, савдо ва маиший хизмат, транспорт ва йўл қурилиши масалаларига тааллуқли. Шунга кўра, кўплаб муаммоларга жойида ечим топилди.

- Мулоқотлар давомида 50 та кам таъминланган хонадонга газ баллонлари етказилди, депутат ва сенаторлар таклифи билан масъул мутасаддилар иштирокида умумтаълим мактабларида чиқинди сифатида қолаётган кўмир кукунларидан брикет тайёрланди, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров. - 5 нафар имконияти чекланган шахс даволаниш учун шифохонага ётқизилди, 8 кишига имтиёзли даволаниши учун ордер берилди. 11 кишининг бандлиги таъминланди.

Шу билан бирга, сессияда аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар аҳволи юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳам эшитилди.

Бугунги кунда юртимиз тиббиёт муассасаларида зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда тиббий хизмат сифатини янада ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратилаётган бўлса-да, Нишон туманида бу борадаги аҳволни қониқарли деб бўлмайди.

Айни пайтда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли даволаш-профилактика муассасаларида 58 нафар шифокор, хусусан,  акушер-гинеколог, офтальмолог, педиатр, терапевт, рентгенолог, уролог, врач-статист, онколог, эндокринолог каби мутахассислар етишмайди.

Тиббиёт бирлашмасининг  5 қаватли асосий даволаш биноси, ошхона, омборхона, тез тиббий ёрдам, кирхона ва хўжалик бўлими бинолари 2017 йилги Инвестиция дастури асосида капитал реконструкция қилиниши режалаштирилган эди. Бироқ бу амалда ижро қилинмаган, асосий даволаш биноси бўшатилиб, 2017 йил январь ойидан ҳозирги кунгача таъмирталаб ҳолда турибди. Бу беморлар ва тиббиёт ходимларига қатор ноқулайликлар туғдирмоқда. Беморлар санитария қоида ва меъёрларига зид ҳолда тиқилинч жойлаштирилган.

Тиббиёт бирлашмасига қарашли 40 ўринли Талимаржон шифохонасидаги бинолар ҳам таъмирталаб аҳволда.

Тез тиббий ёрдам шохобчаларида автомашиналарни сақлаш учун қурилган навес (айвон)лар қўлбола бўлгани сабабли талабга жавоб бермайди.

Ҳозирги кунда рўйхатда турган ногиронларда 34 та ногиронлар аравачаси, 9 та эшитиш мосламаси, 17 та қўлтиқтаёқ, 14 та ҳасса, 3 та болалар ногиронлар аравачасига эҳтиёж мавжуд.

Янги ташкил қилинган қишлоқ оилавий поликлиникалари тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмаган, поликлиникаларни иситишда қўлбола печдан фойдаланилади. Ичимлик суви ташиб келтирилади. Оналар ва болалар ўлими ҳолати бу борада тизимли чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

Шу билан бирга, беморларни қабул қилиш жараёнини тезлаштириш ва соддалаштириш мақсадида замонавий АКТ имкониятларидан фойдаланиш йўлга қўйилмаган, беморлар ва уларнинг яқинлари учун кутиш жойлари номигагина ташкил этилган, шифохонада ҳатто чойшаблар етишмаслиги каби муаммолардан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида ишлар кўнгилдагидек йўлга қўйилмаган, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш жараёнлари талаб даражасида ўтказилмаяпти, патронаж ҳамширалар фаолиятини янада яхшилаш лозим.

Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада яхшилаш, мутахассисларни зарур компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда улар томонидан юритиладиган ҳужжатларни мақбуллаштириш ва соддалаштириш, Президентимизнинг фармон ва қарорларида, ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларнинг, тегишли дастурларнинг ўз вақтида сўзсиз бажарилишини таъминлаш, бу ишлар устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш чораларини кўриш белгиланди.

Туманда аҳолига сифатли тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини йўлга қўйиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш борасидаги ҳаракатлар етарли эмаслиги қайд этилиб, туман тиббиёт бирлашмасига бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаб, амалга ошириш ҳамда биринчи чорак якунлари бўйича унинг ижроси юзасидан бирлашма раҳбарининг ҳисоботини эшитиш зарурлиги таъкидланди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон    Умаров иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

Б.САЙФИЕВ