"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 мaй, пайшанба.

АПРЕЛЬ - БАҲОРГИ АЛЛЕРГИЯ ХУРУЖИ ДАВРИ

Тиббиёт
Tipografiya

Дўхтир огоҳлантиради

АПРЕЛЬ - БАҲОРГИ АЛЛЕРГИЯ ХУРУЖИ ДАВРИ

Баҳор фаслининг мусаффо ва ёқимли об-ҳавоси, яшил ўтлар насими, турфа очилган гуллар ифори кўпчиликка қувонч бағишлаётган бир пайтда, айрим кишилар бурун битиши, акса уриш, кўз ёшланиши, димоқдаги қичишишдан қийналади. Бундай пайтда айримлар ўзбошимчалик билан дардига “иммунитет пасайган” ёки “шамоллаш” деб ташхис қўяди. Шунга қарши дорилар ичади. Аммо беморга улар ёрдам бермайди. Бунинг баҳорги аллергия белгилари эканини эса ҳамма ҳам билавермайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, иммун тизимининг организмга ташқаридан тушадиган ёки унинг ўзида ривожланадиган ёмон таъсирга эга қўзғатувчиларга нисбатан реакцияси – аллергия дейилади. Аллергияга мойиллик келиб чиқишига ҳомиладорлик ва туғруқнинг паталогик кечиши, гўдакнинг она сутидан узилиб, сунъий озуқага ўтказилиши, овқатланиш тартибининг бузилиши ҳамда иқлим ўзгариши, экологик шароитлар ҳам сабаб бўлади. Хасталик ёш танламайди ва уч босқичда намоён бўлади. Хусусан, нафас йўли аллергиясида - бензин, бўёқ, керосин ҳидига, ўсимлик ва дарахтлар гулчангига, шунингдек, қуруқ ва нам ҳавога таъсирчанлик юқори бўлади. Озиқ-овқатларга нисбатан аллергияси бор кишилар маълум бир таомлар: мош, нўхат, ёнғоқ, помидор, от гўшти, сут, балиқ, тропик ва субтропик мевалар, қизил рангли сабзавотларни истеъмол қилганидан сўнг танасидаги қичишиш, қизариш ва шишдан шикоят қилишади. Контактли аллергия турида эса бирор жисм ёки нарсага тегиш оқибатида тўқималар шишади.

- Айни баҳор ойларида, дарахтлар ва ўсимликлар гуллаши билан аксарият инсонлар аллергиядан азоб чекишади, - дейди аллерголог шифокор Ирода Тўраева. –  Тиббиётда поллиноз деб аталувчи ушбу дард ҳароратнинг ўзгариши, ўсимликларнинг гуллаш даврида, гулчанг сабабли авж олади. Айниқса, апрель ойи аллергияга мойиллиги бор  кишилар учун анча хавотирли ўтади. Бу пайтда қайин, қайрағоч, ёнғоқ, шумтол, терак, заранг, олма, олча, шафтоли, ўрик каби мевали дарахтлар гуллайди ва уларнинг гулчанглари касалликни қўзғайди. Шуни айтиб ўтиш жоизки, айниқса, қайин дарахтининг гуллаш даврида баҳорги аллергия авж олади. Терак дарахти момиғи эса аллерген ташувчи вазифасини ўтайди. Баҳор фаслига ўзгача чирой бахш этадиган, момақаймоқ, марваридгул, қичитқи ўт, зубтурум каби ўсимликлар ҳам бу дардга чалинган беморларга таъсир ўтказиши шубҳасиз.

Шу ўринда баҳорги аллергияни шамоллаш ва тумовдан қандай фарқлаш мумкин, деган савол туғилади. Мутахассислар уқтиришича, гарчи белгилар ўзаро ўхшаш бўлса-да, аллергияда тана ҳарорати кўтарилмайди. Агар айтиб ўтилган ҳолатлар 3-4 кун давом этса-ю, кейин тана ҳарорати кўтарилса билингки, бу аллергик жараёнга бирор инфекциянинг қўшилганидан далолат беради. Ҳар баҳорда бу ҳолат такрорланаётган бўлса, вақтни ўтказмасдан аллерголог-шифокорга бориш ва керакли тиббий кўриклардан ўтиш лозим. Ўтиб кетар қабилида иш тутилса, узоқ муддат муолажа талаб этадиган баъзи хасталиклар келиб чиқиши мумкин. Шуни унутмаслик керакки, аллергик реакцияга мойиллик наслдан-наслга ўтади. Мойиллик ўғил болаларга кўпроқ онадан ўтса, қиз болаларга отадан  мерос қолади.

- Афсуски, аллергия вақт ўтиши билан йўқолиб кетмайди, балки ҳар баҳор мавсумида қайталайди, - дейди Ирода Тўраева. – Бундай дард билан оғриган беморлар аллергия қўзғатувчи омиллардан ўзини асраши керак. Бунинг учун ўсимликлар гуллаш даври, яъни баҳор фаслида қуйидагиларга амал қилиш шарт. Гулчангларнинг сочда тўпланишини эътиборга олиб, ҳар куни кечқурун бошни ювиш лозим. Кўчадан келгандан сўнг иложи борича қайта-қайта бурун ва кўзни, оғизни сув билан чайиш, шамол ва иссиқ об-ҳаволи кунларда хона деразаларини кўп очмаслик жоиз. Фақат ёмғир ёғаётганида ёки тинганида уйни шамоллатиш мумкин. Чунки бу вақтда ҳавода учиб юрган ўсимлик гулчанги паст бўлади. Яна  сайрга ҳам кечки пайт чиққан маъқул. Кийим ва чойшабларни айвонда қуритиш, кўчага чиққанда бош ва кўзни ўсимликлар гулчанги тушишидан асраш лозим.

Орамизда эътиборсиз ва лоқайд кимсалар борки, оддийликдан мураккаблик ясайди. Соғлигига эътиборли одам ўзбошимча чоралар кўрмасдан  аввало ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтади. Танидаги  оғриқ ва ўзгаришларга малакали асосда чора кўради. Шу билан у келиб чиқиши мумкин бўлган оғир дардларнинг олдини олишга эришади. Зеро, Буқрот айтганидек: доно киши албатта, сиҳат-саломатлик инсон учун энг улуғ неъмат деб эътибор қилувчи инсондир. 

 

С.АЛЛАЁРОВА