"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 апрель, якшанба.

ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТДА БИРИНЧИ ТИББИЙ ЁРДАМНИ ҲАММА КЎРСАТА ОЛИШИ КЕРАК

Тиббиёт
Tipografiya

Семинар-тренинг

ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТДА БИРИНЧИ ТИББИЙ ЁРДАМНИ ҲАММА КЎРСАТА ОЛИШИ КЕРАК

Қарши хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида фавқулодда вазиятлар содир бўлганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича сандружиначиларни тайёрлаш, шунингдек, коллеж ўқувчиларида зилзила, ёнғин ёки бошқа  ҳодиса содир бўлганда жароҳатланганларга ёрдам бериш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган кўргазмали семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят, Қарши шаҳар ташкилотлари, вилоят фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ўқувчи-ёшлар, соҳа мутахассислари иштирок этишди.

Амалий машғулотлар жараёнида кўнгилли сандружиначиларга малакали инструкторлар ёрдамида биринчи тиббий ёрдам турлари ва шакллари ҳақида маълумотлар берилди.

Сўнг ўқувчиларнинг назарий билимлари синовдан ўтказилди. Бунда юрак массажи, турли жароҳатларни боғлаш ва тўғри муолажа қилиш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаси кўрикдан ўтказилди.

- Бундай амалий машғулотлар фавқулодда вазиятлар содир бўлганда инсон ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади, - дейди Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Қарши шаҳар ташкилоти раҳбари Анвар Расулов. - Чунки ҳаётда шундай ҳолатлар бўладики, билим ва кўникмалар сустлигидан ёрдамга муҳтож одамга нафингиз тегмай қолади. Бизнинг мақсадимиз – биринчи тиббий ёрдам кўрсатишни ҳаммага ўргатиш, буни барча билиш керак. Кутилмаган пайтда юз берадиган ҳолатга доим тайёр бўлиши зарур.

Аҳоли саломатлигини муҳофазалаш, турли фавқулодда вазиятларда тезкор ва малакали биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган бундай тадбирлар давом этмоқда.

М.МУРОДОВ