"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 август, сешанба.

КАНА ЧАҚИШИ УЧ КИШИНИНГ ЎЛИМИГА САБАБ БЎЛДИ

Тиббиёт
Tipografiya

Дўхтир огоҳлантиради

КАНА ЧАҚИШИ УЧ КИШИНИНГ ЎЛИМИГА САБАБ БЎЛДИ

Халқаро эпизоотик бюро 2017 йилда дунёнинг кўпгина мамлакатларида, шунингдек, Ўзбекистон билан чегарадош Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонда оқсил, чечак, куйдирги, қутуриш, ўлат ва Қрим-Конго геморрагик иситма каби инсон ва ҳайвонлар учун ўта хавфли юқумли касалликлар қайд этилганини маълум қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2018 йилнинг ўтган даврида табиий ўчоқларнинг фаоллашуви натижасида вилоятимизда Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги 5 ҳолатда қайд этилган. Қарши туманида 3, Деҳқонобод ва Косон туманларида 1 тадан ҳолат қайд этилиб, беморларнинг 3 нафари вафот этган.

Хўш, бу касаллик ҳақида бизга  нималар маълум?

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги ўта хавфли юқумли касалликлар гуруҳига киради. У маҳаллий аҳоли тилида "қора ўлим" деб ҳам юритилади.

Абу Али ибн Сино издошларидан бўлмиш Жузжоний 1110 йилда "Хоразм хазинаси" асарининг "Майда касалликлар ҳақида" бўлимида касаллик майда ҳашаротлардан келиб чиқишини айтган. Касалликнинг айни пайтдаги номи - Қрим-Конго геморрагик иситмаси. Бу ном у қайд этилган ҳудудлар ва ўзига хос белгилардан келиб чиққан. Чунки у илк бор 1944 йилда Қримда кўчманчилар ва ҳарбийлар ўртасида, 1945 йилда эса Конго давлатида расман қайд этилган. Касаллик тананинг деярли барча қисмида қон қуйилишлар ҳамда юқори ҳарорат билан кечиши унинг геморрагик (лотинча - қон қуйилиши) иситма деб аталишига сабаб бўлган.

Агар касаллик ўчоғи табиатда одамлар фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлса, бу жой касалликнинг табиий ўчоғи, деб аталади. Табиий ўчоқда яшовчи ёввойи ҳайвонлар - чўл сичқонлари, типратикан, юмронқозиқ, қуён, тулки кабилар каналарнинг йил давомида яшаб кўпайишига имкон яратади. Каналар эса ўз навбатида танасида касаллик қўзғатувчи вирусларни сақлайди. Ушбу ҳудудларга экспедиция, чорва озуқаси жамғариш, ов қилиш ёки шунчаки табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш учун келган одамлар кана чақиши натижасида касалликка чалиниши мумкин. Шунингдек, ушбу ўчоқларда ўтаётган чорва ҳайвонлари ҳам каналарни ўзи билан бирга олиб кетиши мумкин.

Касалликнинг асосан баҳор-ёз мавсумида қайд этилиши каналар фаоллиги билан боғлиқ. Чунки улар кунлик ҳарорат ўртача 10 даража ва ундан юқори бўлганда фаоллашиб, озуқа манбаси - иссиқ қонли ҳайвонлар ёки одамларга ҳамла қилади.

Касалликнинг одамларга юқиши кана чаққанда, каналарни қўл билан олиб ташлаш, қайчи билан кесиш жараёнида қон сачраши, шунингдек, касал одамлар билан муомалада бўлиш жараёнида рўй беради. Демак, канани қўлда териш, ўлдириш мумкин эмас.

Иксод каналарини бутунлай йўқ қилишнинг иложи йўқ. Улар ниҳоятда яшовчан бўлиб молхона девори тирқишида ўн йилгача оч ухлаши исботланган. Шу сабаб якка хўжаликларда чорва молларини сақлаш шароитини тўғри ташкил этиш ва каналарнинг кўпайишига йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Каналарни йўқ қилиш учун уй ҳайвонлари танаси мартдан сентябрь ойига қадар ҳафтада бир марта хлорли бирикмалар билан махсус ишловдан ўтказилиши лозим.

Касалликни юқтирмаслик учун қуйидаги қоидаларга қатъий амал қилиш зарур:

ҳайвонларни боқиш, чорва озуқаси жамғариш, дала ишларини бажариш ёки табиат қўйнига дам олиш учун чиққанда канадан ҳимояланиш чораларини кўриш, ҳар соатда ўзингиз, ҳамроҳингизнинг устини кўздан кечириб, кана бор-йўқлигини аниқлаб туриш, умуман, каналарни яқинлаштирмайдиган репеллантлардан фойдаланиш керак;

чорва ва уй ҳайвонларида канани пайқасангиз, уни қўл билан олиб ташлашга ёки қайчи билан кесишга ҳаракат қилманг, дарҳол ветеринария мутахассисига мурожаат қилиб, унинг маслаҳат ва кўрсатмаларини бажаринг.

Эсда тутинг, кана одам танасига ўтиб олгандан кейин дарҳол чақмайди, аввал ўзига қулай жой қидиради (қўлтиқ ости, чатан ва бошқа иссиқ, пана жой), бу вақтда уни пайқаб қолсангиз пинцет ёрдамида, резина қўлқоп билан олиб ташланг. Агар кана танага ёпишган бўлса, уни зинҳор юлиб олманг. Кананинг нафас олиш аъзоси танасининг орқа қисмида жойлашган бўлиб, унинг устига камфора ёғи, агар у йўқ бўлса оддий ўсимлик ёғини томизсангиз, нафаси бўғилиб, сўрғичини танадан чиқаради. Кейин уни осонгина пинцет ёки резина қўлқоп билан олиб ташлаш мумкин. Тиббиёт маскани яқин бўлса, дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат қилинг.

Касалликнинг олдини олиш мақсадида чорва молларининг жунини қирқишга тайёрлашда уларга махсус  воситалар ёрдамида каналарга қарши ишлов берилиши, қирқимга жалб қилинган ишчилар тўлиқ махсус  кийим (этик, комбинезон, қўлқоп) билан таъминланиб, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиши, ветеринария кўригидан ўтказилмаган, касал ҳайвонларни сўймаслик, молхона, қўра-қўтонларда мунтазам равишда каналарга қарши дезинфекция тадбирларини ўтказиб бориш, ахлат ва гўнг йиғилиб қолишига, сичқонлар ва  бошқа кемирувчилар кўпайишига йўл қўймаслик лозим.

Қрим-Конго геморрагик иситмасига қарши эмлама, махсус даволаш усули мавжуд эмас. Касалликнинг олдини олиш мақсадида ветеринария, соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиология назорати органлари томонидан ҳар йили чорва молларига, чўпон уйларига ишлов бериш, қўра-қўтонларда дезинфекция ўтказиш, ҳар хил ветеринария ва тиббиёт препаратларини харид қилиш тадбирлари ўтказиб борилмоқда. Қиймати бир неча юз миллион сўмни ташкил этувчи ушбу профилактик тадбирлар,  фуқароларимиз томонидан юқорида қайд этилган оддий қоидаларга риоя қилинмаса кутилган юқори самарани бермайди ва касаллик чиқиши хавфи сақланиб қолади.  

Шуни эсда тутиш лозимки, кана чақишидан эҳтиёт бўлиш Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигининг олдини олишда асосий омил саналади.

 

Нурбек ҚУЛМУРОДОВ, вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ карантин гуруҳи командири, сержант

Шоймардон ШОДИЕВ, вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи ўринбосари