"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

25 мaй, жума.

8 ЙИЛДАН БУЁН АЛОМАТЛАРИ УЧРАМАГАН

Тиббиёт
Tipografiya

25 апрель - Бутунжаҳон безгакка қарши кураш куни

8 ЙИЛДАН БУЁН АЛОМАТЛАРИ УЧРАМАГАН

Бироқ бефарқ қараш ярамайди

Безгакка қарши курашиш Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти  зиммасидаги долзарб масала бўлиб турибди. 2015 йилда тўқсондан ортиқ мамлакатда ушбу хасталик авж олган. 2016 йили эса дунё бўйича 212 миллион киши безгак билан касаллангани қайд этилган. Беморларнинг 429 минг нафари ҳаётдан кўз юмган. Касаллик асосан Африка, Ўрта Осиё, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Европанинг айрим ҳудудларида рўйхатга олинмоқда.

Хўш, безгак қандай касаллик? Унинг келиб чиқиш сабаблари нимада? Ушбу саволлар билан  вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази паразитология бўлими врач-паразитологи Бахтишод ЭШОНҚУЛОВга  мурожаат қилдик.

- Безгак - ўткир юқумли касаллик бўлиб, ўқтин-ўқтин иситма хуружлари, ички аъзоларнинг шикастланиши ва кам-қонлик ривожланиши  билан кечади, - дейди мутахассис. - У трансмиссив, яъни ҳашаротлар иштирокида тарқалади. Касалликни паразит ташувчи Aнофелес авлодига мансуб пашшалар юқтиради. Чивин тухуми, личинкаси ва ғумбак шакллари сувда ривожланади. Бу жараён учун кўл, ҳовуз, сув омборлари ва кўп қаватли бино ертўлаларидаги кўлмак сувлар қулай иқлим ҳисобланади. Булар қаторига шоли экилган майдонларни ҳам киритиш мумкин. Чивинларнинг кўпайиш манзиллари одам истиқомат қиладиган жойларга қанчалик яқин бўлса, шунчалик касаллик тарқалиш эҳтимоли ортиб боради. Бизнинг иқлим шароитимизда безгак ёз-куз ойларида юқиши мумкин.

Безгак одамга пашша чаққанидан ташқари, қон қуйганда ва ҳомиладор онадан болага юқиш йўллари билан ўтади. Касаллик кўпинча илк бор хасталанган одамда иситмали хуружлар билан бошланади. Беморнинг боши оғриб, дармони қурийди, бутун бадани қақшайди. 3-4 кун ўтгач, безгак характерли иситма хуружи билан давом этади. Хуруж уч - эт увишиб, қалтираш, иситма чиқиши ва терлаш даврларига ажратилади. Хуружнинг қанча вақт оралаб қайталаниб бориши безгакнинг турига боғлиқ. Безгак шаклига кўра, хуружлар бир ёки икки кунда қайталаниб туради. Иккинчи ҳафтадан жигар, талоқ катталашади, эритроцитларнинг кўп миқдорда парчаланиши оқибатида камқонлик авж олади. Безгакнинг энг хавфли тури тропик безгак бўлиб, у 90 фоиз ҳолатда ўлим билан якунланади.

Касалликнинг олдини олишда асосий вазифалардан бири беморлар ҳамда паразит ташувчиларни ўз вақтида аниқлаб олишдир. Шунинг учун мунтазам иситмалаб турадиган ва жигар, талоқнинг катталашиши, камқонлик, сариқлик белгилари кузатилган шахслар безгак касаллиги бўйича тиббиёт муассасаларининг тегишли лабораторияларида текширувлардан ўтказилади. Аниқланган бемор ва паразит ташиб юрувчилар касалхона шароитида даволанади, кейинчалик 3 йил мобайнида диспансер назоратида бўлади. Чунки бу касаллик қайтадан ривожланиш хусусиятига эга.

Безгак юқтирмаслик учун яшаш хоналарининг дераза, эшикларига тўр пардалар тортиш ҳамда танага турли суртмалар суриш керак. Пашшалар актив бўлган жойларда тунни пашшахоналар ичида ўтказиш лозим.

Безгак чивинлари уруғ қўймаслиги учун кўлмак ва ботқоқликлар қуритилади. Сув ҳавзалари, сув тўпланган ва туриб қолган жойларга кимёвий воситалар ёрдамида ишлов берилади. Экинларни суғориш даврида сув кўллаб, ботқоқликлар ҳосил бўлишига йўл қўймаслик лозим. Иссиқ иқлимга эга мамлакатларга жўнаб кетишдан аввал албатта санитария-эпидемиология назорати маркази шифокори билан безгак касаллигининг олдини олиш чоралари тўғрисида маслаҳатлашиш тавсия этилади.

Мамлакатимизда ушбу касалликнинг  олдини олиш бўйича йўлга қўйилган санитария-эпидемиология тизими самарасида 2010 йилдан буён юртимизда ушбу касаллик аломатлари учрамаган. Шу сабаб Ўзбекистон безгакдан холи ҳудуд ҳисобланади. Бироқ бу бефарқликка берилиш керак дегани эмас.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.