"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 сентябрь, жума.

ПОЛИОМИЕЛИТГА ҚАРШИ ВАКЦИНА

Тиббиёт
Tipografiya

Тиббиёт

ПОЛИОМИЕЛИТГА ҚАРШИ ВАКЦИНА

қандай самарага эга?

Юртимизда юқумли касалликларга қарши кураш ва уларнинг олдини олиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилади. Хусусан, бугун юртдошларимиз 13 хил юқумли касалликка қарши давлат томонидан бепул эмланади. Улардан бири полиомиелитдир.  Маълумки, полиомиелит ўткир юқумли касаллик бўлиб, унга қарши асосан янги туғилган чақалоқлар ва 5 ёшгача бўлган болалар эмланади.

Хўш, у қандай касаллик? Полиомиелитга қарши эмлаш ишлари қандай олиб борилаяпти? Бу ҳақда вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази иммунопрофилактика бўлими мудири Омон ИСМОИЛОВ қуйидагиларни гапириб берди:

- Полиомиелит (шол) – ўткир инфекцион касаллик бўлиб, дастлабки аломатлари юқори ҳарорат, толиқиш, қусиш, бош ва қўл-оёқлар оғриши орқали намоён бўлади. Инфекцияга чалинишнинг ҳар 500 ҳолатидан биттаси даволаб бўлмайдиган фалажга (одатда оёқлар) олиб келади, қолган 499 ҳолатида эса хасталик шифокорга мурожаат этиш учун етарли даражада сезилмайди. Шу сабабли полиомиелит ўзини фалажлик сифатида намоён этишдан анча аввал кенг тарқалишга улгурган бўлиши ҳамда нафас мушакларини фалаж қилса, бу ўлимга олиб келиши мумкин. Чақалоқликдан 5 ёшгача бўлган бола полиомиелит хуружига қарши энг заиф ҳисобланади. Ушбу касаллик ўсмирлар ва катталарда жуда кам учрайди.

Полиовирус инсон организмига оғиз орқали кириб, одамлар бир-бири билан ўзаро алоқада бўлганда юқади, шунингдек, ифлосланган овқат ва сув билан ҳамда нафас олганда бурун йўллари орқали кириб боради. Вирус организмга тушгандан сўнг ичакларда кўпаяди ва асаб тизимини хасталайди. Ушбу касалликдан полиомиелит вакцинаси ёрдамида сақланиш мумкин. Вакцина болаларни полиовирусдан бутун умр давомида ҳимоялашда жуда самарали восита ҳисобланади. Ҳатто 2002 йилда полиомиелитдан ҳоли мамлакат мақомини олган давлатимизга ҳам вирус қўшни мамлакатлардан кириб келиши ва қайтадан тарқала бошлаши мумкин. Шу сабабли полиомиелитга қарши миллий иммунизация кунларига эътиборсиз қарамаслик керак.

Миллий эмлаш тақвимига кўра мамлакатимизда янги - инактивланган полиомиелит вакцинаси киритилди. Эмлаш кунлари ота-оналар тўрт ойликкача бўлган фарзандларини ўзлари яшаётган ҳудуддаги тиббиёт муассасаларига олиб бориб, эмлатишлари лозим. Мазкур вакцинанинг хавфсизлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус сертификати билан кафолатланган бўлиб, эмлаш инъекция йўли билан амалга оширилади. Шунингдек, 7 ёшгача бўлган болалар оғзига томчи-вакцина томизиш йўли билан эмланади.

Полиомиелитга қарши миллий эмлаш кунлари давомида хавфсиз эмлашни ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва  Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан касалликнинг клиникаси, даволаш, профилактикаси мавзусида вилоятимизнинг барча ҳудудларида “Хавфсиз эмлаш” мавзусида семинарлар ўтказилди.

Соғлом фарзанд - миллат келажаги. Шундай экан, ҳар биримиз фарзандларимиз саломатлигига бефарқ бўлмайлик ва эмлаш кунларида фаол иштирок этайлик.

Ш.БОЗОРОВА ёзиб олди.