"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 сентябрь, жума.

ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИДА ХОРИЖДА ВАФОТ ЭТГАН ҚАРИНДОШЛАР ҚАБРИНИ

Тиббиёт
Tipografiya

8 май - Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамияти куни

ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИДА ХОРИЖДА ВАФОТ ЭТГАН ҚАРИНДОШЛАР ҚАБРИНИ

топишга қайси ташкилот кўмаклашади?

Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти жисмоний шахсларнинг ихтиёрий, мустақил жамоа бирлашмаси бўлиб, инсонпарварлик, меҳр-муҳаббат ғоялари асосида холис ёрдам кўрсатиш билан бирга, гуманитар ва ижтимоий соҳада давлат ҳокимияти ва маҳаллий бошқарув органларига кўмаклашишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз истиқлолга эришгач, бу ташкилот ўз вазифаларини бажаришда янги имкониятларга эга бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йилда қабул қилган “Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти тўғрисида”ги фармони унинг мустақил, гуманитар жамоат бирлашмаси мақомини белгилади ва ташкилот фаолияти ривожида янги даврни бошлаб берди. Ушбу тузилманинг барча ташаббуслари инсонпарварлик, холислик, бетарафлик, ихтиёрийлик, бирлик, мустақиллик, универсаллик каби еттита асосий тамойилга асосланади.

Бугунги кунда жамиятнинг вилоят тузилмаси Қарши шаҳри ва 13 та туман бўлинмалари ҳамда 100 дан зиёд бошланғич ташкилотидан иборат. Умумий аъзолар сони қарийб 150 минг нафарга яқин бўлиб, 190 нафари кўнгилли (волонтёр)лардир.

Бу кун ривожланган барча мамлакатларда Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим ой ҳаракати асосчиси, дунёда тинчлик бўйича Нобель мукофотининг биринчи лауреати швейцариялик Анри Дюнан таваллуд топган санада нишонланади.

- Аҳолини фавқулодда вазиятларга тайёрлаш асосий тамойиллардан бири ҳисобланади, - дейди Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти вилоят ташкилоти раиси Абдуқаҳҳор Аҳмедов. - Ана шу йўналиш доирасида мактаблар, олий ва ўрта таълим муассасалари қошида санитар гуруҳ ва постлар, кўнгилли гуруҳлар тузиш ва уларга фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш, экстремал вазиятларда азият чеккан аҳолига кўмаклашиш мақсадида зарурий моддий қийматлар захираси тизими яратилади. Аҳоли саломатлигини сақлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳимояга муҳтож қатламлар, якка-ёлғиз қарияларга, ногиронларга, турли касалликлар билан оғриган беморларга уйида, тиббий-ижтимоий марказлар хоналарида мақсадли ва бепул ёрдам кўрсатиш, руҳий қўллаб-қувватлаш, фаолиятга доир ўқув тадбирларини ташкил этиш жамиятнинг меҳр-шафқат хизматини ўз ичига олган яна бир йўналишдир.

Шунингдек, умумдавлат стратегик характерга эга беғараз донорлик тарғиботини йўлга қўйиш, фуқароларга мамлакатимиз ҳудуди ва хорижда бўлган қариндошлари, республикамиз ташқарисига вақтинчалик чиққан ёки доимий яшаш учун кўчиб кетган яқинлари тўғрисида маълумот тўплаш, Иккинчи жаҳон уруши йилларида эвакуация ёки депортация этилган инсонлар, Германияда мажбурий меҳнат қилганлиги, гетто ва концлагерларда бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатларини қидириш, хорижда ҳалок бўлганларнинг манзили, дафн этилган жойи ва қабристонини аниқлашда кўмаклашиш жамиятнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.

- Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти вилоят ташкилотининг асосий йўналишларидан яна бири бу “Меҳр-шафқат” хизматидир, - дейди ташкилот ҳамшираси Соҳиба Иргашева. - Бунда ёлғиз қарияларга, ногиронларга, кам таъминланган, кўп болали оилаларга ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож, ОИТС, сил касалликлари билан касалланган аҳоли вакилларига инсонпарварлик ёрдамини бериб, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини олиб борамиз. Айни пайтда вилоятдаги даволаш муассасалари қошида “Меҳр-шафқат” хизмати кўрсатиш учун 19 та палатада 39 та жой ажратилган бўлиб, уларда 14 нафар “Меҳр-шафқат” ҳамшираси хизмат қилиб келмоқда.

Вилоятимиздаги барча олий ўқув юртлари, коллеж, лицей ва мактабларнинг минглаб талабалари ва ўқувчилари Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти томонидан ўтказиб келинаётган хайрия ва саховат акцияларида иштирок этиб, турли фавқулодда вазиятлар туфайли азият чеккан инсонларга ёрдам кўрсатиш ишларига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Ҳар йили имконияти чекланган болалар ўртасида “Мафтункор ранглар олами” ва санитария постларида фаолият юритаётган ёшлар ўртасида “Саломатликнинг ёш дўстлари” кўрик-танловлари ўтказилиб, иштирокчилар эсдалик совғалари билан рағбатлантириб борилмоқда. Мақсад – Қизил ярим ой жамияти, унинг фаолияти ва олдига қўйган вазифалари ҳақида аҳолини кенгроқ хабардор этиш.

Шоҳиста БОЗОРОВА