"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 сентябрь, душанба.

ПОМУҚДА ЗАМОНАВИЙ ШИФОХОНА ИШ БОШЛАДИ

Тиббиёт
Tipografiya

Бунёдкорлик

ПОМУҚДА ЗАМОНАВИЙ ШИФОХОНА ИШ БОШЛАДИ

Миришкор туманидаги Помуқ қишлоғида жойлашган 2-сонли шифохона 3 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев қатнашди ва ҳудуд аҳолисини замонавий тиббий хизмат кўрсатиш маркази очилиши билан муборакбод этди.

Муассасанинг 180 ўринли поликлиника, 25 ўринли туғруқхона, болалар касалликлари, жарроҳлик, шошилинч тиббий хизмат, ички касалликлар бўлимлари бинолари таъмирланди. Барча бўлимлар “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди.

9 бўлимни ўз ичига олган шифохона 1979 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, ўтган йиллар мобайнида бино таъмирталаб ҳолга келиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати анча тушиб кетганди.

- Биргина туғруқ бўлимини оладиган бўлсак, илгариги шароитлар ҳаминқадар эди, - дейди болалар шифокори Дилноза Атакова. – Эндиликда бу ерда жарроҳлик амалиётини ўтказиш имконияти ҳам яратилди. Бўлим ҳузурида ташкил этилган “Ёш оналар мактаби”да эса бола тарбиясида етарли малакага эга бўлмаган оналар билан машғулотлар олиб борилади.

Қайд этиш жоиз, бажарилган ишлар шифохонага замонавий кўркамлик ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган дастурнинг биринчи босқичи, холос. Иккинчи босқичда йил якунигача муассаса биносида яна 2 миллиард 600 миллион сўмлик ишлар бажарилиши кўзда тутилмоқда. Мазкур маблағ юқумли касалликлар ҳамда тез ёрдам бўлимларини таъмирлашга, шунингдек, янги тиббиёт-ташхис жиҳозлари олиб келишга йўналтирилади.

А.АБДИЕВ