"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июнь, пайшанба.

ҚАЙСИ ОВҚАТДА ЗАҲАРЛАНИШ ХАВФИ БОР?

Тиббиёт
Tipografiya

Мутахассис огоҳлантиради

ҚАЙСИ ОВҚАТДА ЗАҲАРЛАНИШ ХАВФИ БОР?

Ёз жазирамаси ўз таъсирини сездира бошлади. Деярли барча аҳоли гавжум жойларда фуқаролар томонидан санитария-гигиена қоидаларига амал қилмасдан, қўлбола услубда тайёрланиб, сотиладиган турли озиқ-овқат маҳсулотлари қаторига энди чанқовбости ичимликлар, музқаймоқ ҳам қўшилди. Яна уларнинг аксарияти қуёш нурларидан тўсилмаган очиқ жойларда, тинмай чанг-тўзон кўтарилиб турадиган автомобиль йўллари ёқаларида сотилаётгани кишини ташвишга солади. Гап шундаки, ушбу маҳсулотларни истеъмол қилган айрим фуқароларда эса ботулизм касаллигига чалиниш ҳолати кузатилмоқда. Ваҳоланки, ботулизм - овқат токсикоинфекциялари ичида оғир кечадиган хасталик саналиб, ботулизм таёқчаси ва унинг заҳри тушган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида юқади. Бу хасталик оғир кечиши, ҳатто, ўлимга олиб келиши озиқ-овқат маҳсулотлари савдосининг мазкур кўринишига қарши курашиш долзарб масала эканлигини яққол англатиб турибди.

Турли хил овқатдан заҳарланиш ҳолатлари келиб чиқишига аслида сабабчи ўзимиз. Чунки, кўриб-била туриб, номаълум шароитда, номаълум шахслар томонидан тайёрланган турли хил сифатсиз ва хавфсизлиги кафолатланмаган консерва маҳсулотлари ва озиқ-овқатларни харид қилиб, дастурхонга тортамиз. Натижада ўз соғлиғимиз, ҳаётимизни хавфга қўямиз.

Шундай ҳолат жорий йилда Қамаши туманида кузатилди. Бунинг оқибатида   7 нафар фуқаро овқатдан заҳарланди.

Кўпчилигимиз кўчада иш билан шошилиб юрамиз. Тезроқ ишларимни тугатсам, бошқа юмушларимга ҳам улгурсам деймиз. Шошилиш билан тўғри келган жойдан тушлик қиламиз ёки шу мақсадда бирор егулик харид қиламиз. Тўғри, қорнингиз тўяди. Лекин ўша егулик саломатлигингизга қанчалик фойдали ёки зиён эканини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Шунингдек, рисоладагидек ишлаб турган дўкондан харид қилинган айрим егуликлардан ҳам заҳарланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Қандай қилиб дейсизми? Харидор маҳсулотни сотиб олгач, уни ошхонада қолдиради. Ёрлиғида +5 даража ҳароратда сақланиши кераклиги уқтирилган маҳсулот ошхонадаги 20-30 даражада қолдирилгач, айнийди. Шунингдек, ҳаводаги микроорганизмлар маҳсулотга тушиб, унинг сифатини бузади. Қарабсизки, бу маҳсулот истеъмол қилинганида хўранда заҳарланади ва ботулизм касаллигига чалинади. Бу касаллик ички аъзоларнинг ишдан чиқиши, нерв тизимининг фалажланиши, мушакларда тортишиш каби оғир ҳолатлар билан кечади.

Шунингдек, кўчаларда сотилаётган айрон, ўрик шарбати, газли сув, морс каби ичимликларни истеъмол қилиш ҳам ярамайди. Чунки уларнинг тайёрланиш жараёни мавҳум, сотилиши санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди. Ёдда тутинг, улар сифатини кафолатловчи ҳужжатларсиз савдога чиқарилмоқда. Ушбу ичимликлар қуйиб бериладиган идишлар тозалиги ҳам талаб даражасида эмас. Бундай шароитда сотилаётган шарбатларни истеъмол қилиш киши организми учун катта хавф туғдириши мумкин. Чунки уларда ичбуруғ, вирусли гепатит касалликларини қўзғатувчи микроблар бўлиши лаборатория текширувларида ўз тасдиғини топган. Шунингдек, турли кимёвий компонентлардан тайёрланган салқин ичимликлар қуёш тиғида кумилятив хусусияти юқори бўлган токсик моддалар ҳосил қилади ва бундай маҳсулот истеъмол қилинганда ошқозон, хавфли ўсма, жигар касалликларини келтириб чиқариши хам  илмий тасдиғини топган.

Ҳудудларда турли материаллардан тайёрланган бочкаларда сотилаётган морс салқин ичимликлари лаборатория текширувидан ўтказилганида, уларнинг айримлари микробиологик зарарлангани қайд этилди. Ўрнатилган тартибга кўра, ўтказилган қисқа муддатли текширишда, тайёрлаш технологияси бузилганлиги билан бир қаторда сақлагичда (цистерна) ювиш-зарарсизлантириш ишлари ўтказилмаслиги, маҳсулот тасдиқланган рецепт асосида тайёрланмагани аниқланди. Сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқариб, қонун бузилишига йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тегишли тартибда маъмурий чора кўрилди.

 Шуни ҳам эслатиб ўтишни истардикки, ёзги иссиқ мавсумда тез тайёр бўлувчи ход-дог, гамбургер, чизбургер, шаурма, лаваш каби таомларни ҳам имкон қадар истеъмол қилмасликни тавсия этамиз. Чунки ушбу таомларни тайёрлашда майонез ҳамда соуслардан фойдаланилади ва улар тез бузулиш хусусиятига эга.

Яна бир бор эслатиб ўтамиз: ўзингизда бирор бир нохушлик сезсангиз ёки умумий ҳолсизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши каби  ҳолатлар кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг, унутманг, авваламбор касал бўлиш эмас, балки касал бўлмаслик учун ҳаракат қилиб яшашимиз керак.

Нурбек ҚУЛМУРОДОВ, вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ карантин тадбирларни таъминлаш бўлинмаси командири, катта сержант

Одилжон ОЧИЛОВ, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази шифокори