"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 сентябрь, чоршанба.

АЖАЛ ЧАНГАЛИГА ЎЗИНИ ОТГАНЛАР ҚИСМАТИ

Тиббиёт
Tipografiya

26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни

АЖАЛ ЧАНГАЛИГА ЎЗИНИ ОТГАНЛАР ҚИСМАТИ

Гиёҳвандлик -оқибати ўлим билан тугайдиган вабо касаллигига қиёсланишини ҳар куни ўқиймиз, эшитамиз, гапирамиз... Аммо ҳанузга қадар бу мудҳиш иллат билан боғлиқ жиноятлар бот-бот учраб турибди. Ҳолбуки ҳар йили ана шу "оғу" сабаб минглаб инсонларнинг ёстиғи қурийди, қанчалаб оилалар пароканда бўлади, фарзандлар етим қолади. Гулдек умрлар панжара ортида ўтади.

Маълумки,  ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан аҳоли ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш, унинг жирканч оқибатлари ҳақида кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Бироқ бу оғу шайдолари уни истеъмол қилиш, сақлаш ва мижозларига пуллаш учун ҳар дақиқада имкон қидираётганлиги ачинарли ҳолдир.

- Вилоятимиз ҳудудида наркотрафик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш ҳамда гиёҳвандликнинг олдини олиш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида 2018 йилнинг ўтган даврида бу борадаги 80 та ҳолат аниқланди, - дейди вилоят ички ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи Алимардон Мирзаев. - Қонунга кўра, гиёҳвандлик моддаларини етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, олди-сотдисида иштирок этиш, воситачилик қилиш, сотиш ва ҳоказолар учун тегишли жазолар белгиланган. Шунга кўра, аниқланган ҳолатлар бўйича  90 нафардан зиёд шахс жиноий жавобгарликка тортилди, улардан 42 килограмм 500 грамм гиёҳвандлик моддалари далилий ашё сифатида олинди.

  "Қорадори-2018" кенг қамровли тадбири давомида вилоят ИИБ ва божхона бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тадбирлар давомида Шаҳрисабз тумани Хўжахуросон қишлоғида яшовчи С.А. томорқасида  таркибида гиёҳванд моддаси бўлган 10 туп наша ва 223 туп кўкнор ўсимлигини парваришлаб келаётганлиги аниқланди. Текшириш давомида ушбу гиёҳванд моддаларининг оғирлиги 3 килограмм 868 граммни ташкил қилди. Шунингдек, Қарши тумани Сохтапиёз қишлоғида яшовчи А.Х.нинг яшаш уйи холислар иштирокида текширилганда ҳам таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимлик экилгани аниқланди.

Ғузор туманилик О.Р. эса 5 дона гугурт қутисига жойланган  гиёҳвандлик моддасини олдиндан тил бириктириб қўйган мижози Т.Б.га сотаётган вақтда ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди. Мазкур ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Маълумотларга кўра, дунёда гиёҳвандлик исканжасига тушганларнинг аксарият қисми 15-35 ёш орасида бўлган йигит-қизлардир. Айни пайтда, уларнинг сони 200 миллионга етади. БМТ экспертлари ўтказган тадқиқотлар хулосасига кўра, жаҳонда ҳар йили тахминан 100 минг гиёҳванд вафот этмоқда. Статистик маълумотлар бугунги кунда наркобизнес савдосидан тушадиган даромад йилига 400 миллиард долларни ташкил этишини кўрсатади.

- Гиёҳвандларнинг деярли ҳаммаси юрак ва ўпка етишмовчилиги, артритдан азият чекишади, - дейди вилоят наркология диспансери бош шифокори Зокир Меглиев. - Гиёҳванд моддалар бир неча бор қабул қилгандан сўнг кишида уйқусизлик бошланади, қувватсизлик, иштаҳанинг йўқолиши, озиб кетиш кабилар содир бўлади. Хотира сусаяди, мушакларда оғриқлар, тиришиш, бош оғриғи кузатилади. Умуман, гиёҳвандлик исканжасига тушган одам издан чиқади. Жисмонан ҳам, маънан ҳам мажруҳга айланади.

Энг ачинарлиси, оғу қулига айланиб қолиш гиёҳванднинг ўзи учунгина эмас, унинг оила аъзолари ва ён-атрофдаги одамлар, бутун жамият  учун ҳам хавфлидир. Шундай экан, гиёҳвандликка қарши кураш барчамизни бирдек ўйлантириши лозимлигини дилдан ҳис қилишимиз лозим.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА