"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

ПИЁЗ

Тиббиёт
Tipografiya

Табиат дорихонаси

ПИЁЗ

Пиёз – кўп (асосан икки) йиллик пиёзсимонлар оиласига мансуб кенг  тарқалган ўсимлик.  Пояси узунлиги 1,5 метргача етади, ичи ковак, учида соябонсимон гуллари бор. Июнь-июль ойларида гуллайди. Меваси  августда пишиб етилади. Ер тагида етиладиган бошчасининг диаметри 15 сантиметргача етади.

 

Таркибининг 8-10 фоизини шакар (фруктоза, сахароза, мельтоза, полисахарид инулин), 1,5-2 фоизини оқсиллар, шунингдек, аскорбин кислота каби дармондорилар, флавоноидлар, фермент ва салонинлар, калий, фосфор тузлари, темир моддаси ҳамда фитонцидлар ташкил қилади. Пиёз бошчаси ва барра барглари йод, олма ҳамда лимон кислотаси, гликозидларга бой.

Пиёз организмда овқат ҳазм қилувчи ошқозон шираси ажралиб чиқишини тезлаштиради. Пешоб ҳайдовчи ва тинчлантирувчи хусусиятга эга. Ибн Сино пиёз шарбатини ангинани даволашда қўллаган, ҳиди, аччиқ ва ўткир таъми туфайли пиёзни иштаҳа очувчи сифатида тавсия қилган.     

Қиш-баҳор ойларида пиёзни кўпроқ истеъмол қилиш организмнинг касалликларга қарши курашиш қобилиятини мустаҳкамлайди. Пиёз шарбатидан юз териси ва соч парваришида ҳам фойдаланиш мумкин. Соч илдизини мустаҳкамлаш, қазғоқни кетказишда пиёз шарбатининг нафи катта. Бу воситадан мунтазам фойдаланиш юз терисини тиниқлаштириб, ажин тушишининг олдини олади.

 

КАРТОШКА

Картошка – итузумдошлар оиласига мансуб кўп йиллик тугунакли ўсимлик. Пояси ўзидан узунлиги 15-20 сантиметрга етадиган новдалар чиқаради. Ер тагида ҳосил бўладиган тугунаклари энг асосий озиқ-овқат маҳсулоти сифатида ишлатилади. Илдизмеваси август-сентябрь ойларида кавлаб олинади.

Картошка таркибининг 75 фоизини сув, 18,2 фоизини крахмал ташкил қилади. Бундан ташқари, оқсил, шакар, ёғ ва клетчаткага бой. Картошкада пектин моддаси, нуклеин кислота ва гликоалкалоидлар, С, В1, В2, В6, К дармондорилари ҳамда каротиноидлар мавжуд.

Овқат рационидан мустаҳкам ўрин эгаллаган картошка организмни калий билан таъминловчи асосий модда саналади. Унинг янги чиқарилган шарбати ва крахмали ошқозон яраси, ўн икки бармоқли ичак хасталикларида яллиғланишга қарши восита сифатида қўлланади. Халқ табобатида картошка куйишда, тери хасталикларида ишлатилади. Шунингдек, юқори нафас йўллари ҳамда ўпка шамоллашини даволашда унинг нафи катта.

Картошканинг яшил тугунакларида заҳарли модда - соланин ҳосил бўлади. Шу сабабли яшил тусдаги тугунагини ишлатмаслик мақсадга мувофиқдир.

Манбалар асосида ХУРШИДА тайёрлади.