"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июнь, шанба.

КЎП ТАРМОҚЛИ ХОНАДОН

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Томорқа - хазина

КЎП ТАРМОҚЛИ ХОНАДОН

Статистик маълумотларга кўра, ўтган 2016 йилда вилоятимизда 2 триллион 61 миллиард 800 миллион сўмлик деҳқончилик ва 1 триллион 800 миллиард сўмлик чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бунда фермер ва деҳқон хўжаликлари билан бир қаторда, томорқачиларнинг ҳам катта ҳиссаси бор.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш, шу аснода оилаларнинг моддий даромадини, турмуш фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни ўз ўрнида англаб, томорқа ишини тўғри йўлга қўйган оила борки, кам бўлаётгани йўқ. Яхши даромад топаяпти. Натижада оиласи фаровонлиги таъминланаяпти, бозорларимизнинг тўкин-сочинлигига ҳисса қўшаяпти. Мана биргина мисол. Миришкор туманининг Ёшлик маҳалласида яшовчи Тўра бобо Нусратов оила аъзолари билан биргаликда 16 сотих ерда деҳқончилик қилади. Шу билан бирга чорвачилик, паррандачилик ҳам йўлга қўйилган. Бу оиланинг томорқачилик фаолияти кўп тармоқли хўжаликни эсга солади. Бугун мазкур хонадон соҳибларининг эришаётган ютуқлари кўпчилик учун ибрат бўлмоқда. Улардан  маслаҳат сўрайдиганлар, деҳқончилик сир-асрорларини ўрганиб кетадиганлар кўп. Чунки бу оиланинг ҳалол меҳнати ортидан топаётган даромади ҳам унча-мунча эмас-да.

Масалан, ўтган йил томорқанинг 8 сотих майдонига саримсоқпиёз эккан оила вакиллари эндиликда ҳосилни йиғиб олишга ҳозирлик кўришмоқда. Ана шу ернинг ўзидан 1 тонна 200 килограммдан ошиқ маҳсулот олишни мўлжаллаб туришибди.

- Саримсоқпиёзнинг бозори чаққон, харидоргир, - дейди Тўра бобо Нусратов. - Нафақат ички бозорда, балки  ташқи бозорда ҳам маҳсулотга талаб юқори. Яқинда туман ҳокимлигидан мутахассислар келиб, томорқамиздаги саримсоқпиёзларни кўриб, ҳатто нархини ҳам келишиб кетишди. Насиб этса, маҳсулотни томорқанинг ўзидан юклаб тўғри экспортга йўналтирамиз. Харидор қидириб юришимизга ҳам ҳожат бўлмайди.

Томорқачининг таъкидлашича, саримсоқпиёз етиштириш учун кўп меҳнат талаб этилмайди. Ерни яхши тайёрласа, уруғни тўғри танлаб, экиш муддатини сентябрь ойининг охири, октябрь ойининг бошларидан кечиктирмаса бўлгани. Шундан сўнг совуқ тушгунга қадар 2-3 марта суғориб, қатор ораларини юмшатиб чиқса, қиш бўйи ўзи ривожланади. Баҳорда эса 3-4 маротаба суғориш, бегона ўтлардан тозалаш талаб этилади. Энг муҳими, ёзнинг илк кунлариданоқ ҳосили йиғиб олинган ерга такрорий экинлар экиш мумкин.

Бундан ташқари, томорқанинг 3 сотих майдонида ташкил этилган иссиқхона ҳам оилага яхшигина даромад келтираётган экан. Бу ерда парваришланаётган 65 туп лимондан 1 тоннадан ошиқ ҳосил олинибди. Даромад ҳам шунга яраша. Шунингдек, 5 сотих майдонга экилган помидор, бодринг кўчатлари ҳосилга кирмоқда. Улар ҳам ёз бўйи оиланинг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қоплайди,  ортиқчаси эса сотилади.

- Томорқадан ташқари чорвачилик, паррандачилик билан ҳам шуғулланамиз, - дейди Тўра бобо Нусратовнинг тўнғич ўғли Зафар Умирқулов. - Айни пайтда 20 та қорамолимиз бор. Уларнинг 15 таси соғин сигир. Ўрта ҳисобда бир кунда 100 литрдан ошиқ сут соғиб олинади. Маҳсулотни ҳудуддаги турли ширинликлар тайёрлайдиган тадбиркорлар, савдо дўконлари вакиллари ўзлари келиб, олиб кетишаяпти. Шунингдек, ҳовлимизнинг бир четида 100 дан ортиқ маҳаллий товуқ ҳам боқаяпмиз. Паррандачилик ҳам анчайин даромадли соҳа. Бу иш кўп меҳнат ва катта сармоя ҳам талаб этмайди. Ҳозирги пайтда бир кунда ўртача 80 донадан тухум олмоқдамиз.  Хуллас, қилаётган меҳнатимиз ортидан яхшигина даромад келаяпти.

Яна бир жиҳати, бугун бу оиланинг ҳар бир аъзоси фойдали меҳнат билан банд. Ҳатто неваралар ҳам бўш қолди дегунча қайсидир юмушга ёрдамлашишга ошиқади. Чунки улар ҳам фаровон ҳаёт ҳалол меҳнат асосига қурилажагини теран англаб боришаяпти. 

Дарҳақиқат, бугунги кунда томорқа хўжаликларининг ривожланиши одамларнинг турмуш даражаси янада яхшиланишига, қўшимча даромад манбаларига эга бўлишига, озиқ-овқат мўл-кўлчилигига эришиш ва энг муҳими аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Зеро, ҳукуматимиз томонидан аҳоли томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланилишини йўлга қўйиш ва даромад олиш манбаларини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида ҳам ана шу мақсадлар мужассам.

Ж.БОЙМУРОДОВ

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.