"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июль, якшанба.

СОФ ФОЙДА – ИСТИҚБОЛЛИ ТАРМОҚЛАР АСОСИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Фермерлик ҳаракати

СОФ ФОЙДА – ИСТИҚБОЛЛИ ТАРМОҚЛАР АСОСИ

Мамлакатимизда фермерлик ҳаракати шу даражада тараққий этдики, унинг фаолият қамрови фақатгина деҳқончилик ва боғдорчилик билан чегараланмаган, балки ушбу йўналишларда муваффақият қозонган фермерларга янги тармоқларни ривожлантириш, ишлаб чиқариш билан машғул бўлиш учун кенг имкониятлар тақдим этилган. Қисқача айтганда, барқарорлик омили бўлган кўп тармоқли фаолиятни ташкил этишга ҳукуматимиз томонидан ҳар томонлама рағбат кўрсатилаяпти. Бу фермерга даромад манбаларини яна кўпайтириш имконини бермоқда. Янги тармоқларнинг йўлга қўйилиши натижасида эса қишлоқ инфратузилмаси юксалиб, аҳоли фойдали машғулот билан банд этилаяпти, яъни турмуш фаровонлиги янада ошишига замин ҳозирланаяпти.

Айтиш жоизки, ўтган йилларда вилоятимизда ҳам кўп тармоқли фермер хўжаликлари сони ортди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Улар томонидан юқори ишлаб чиқариш унумдорлигини таъминлаш, сифат кўрсаткичларини яхшилаш бўйича жиддий иш олиб борилаётганини ҳам пайқаш қийин эмас. Бунга Яккабоғ туманидаги “Улаш ҳожи Жамил ўғли” фермер хўжалиги фаолияти мисолида тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин.

2005 йилда пахтачилик ва ғаллачиликда иш бошлаган ушбу фермер хўжалигининг янги ташкил этилган тармоқларида ҳам маҳсулдорлик кўзга ташланади. Ҳозирда хўжалик тасарруфидаги қарийб 90 гектар майдонда деҳқончилик қилинади. Жорий йилда 60 гектар майдонда уруғлик ғалла парваришланиб, давлатга 240 тонна сифатли дон топширилди. Пахтадан ҳам юқори ҳосил кўтариш мақсад қилинган.

- Ҳар йили фаолиятимизни катта миқдордаги соф фойда билан якунлаймиз, - дейди фермер Тўлқин Нормуродов. – Маблағнинг бир қисмини моддий-техника базамизни мустаҳкамлашга сарфласак, салмоқли улуши истиқболли тармоқлар ривожи учун йўналтирилади. Шу вақтгача хўжалигимизда чорвачиликни йўлга қўйдик, асаларичиликни ташкил этдик. 40 бош қорамол бор, шунинг 8 таси зотли  сигир, хориждан олиб келганмиз. Бу наслли сигирлар сут йўналишида маҳсулдорлиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари, 20 та асалари оиласини парвариш қилаяпмиз. Олинган болни аҳолига сотамиз. Ўтган йили ҳам хўжалигимизда янгилик қилдик. Тижорат банкининг 310 миллион сўм кредити ва 200 миллион сўм ўз маблағимиз ҳисобидан 250 тонна сиғимга эга совуткични қуриб фойдаланишга киришдик. Бу иншоотимиз Германия технологияси асосида ишлайди. Ушбу ишимиз ҳам самарасини кўп куттирмади. Бултур ижара асосида туманимиздаги ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотини совуткичда сақлаб бердик. Бу ерга узум, олма, қовоқ ва пиёз жойлаштирилди. Жорий йилда ҳам омборхонамиз маҳсулот билан тўлган. Кейинчалик сотиш мақсадида олма ва картошка жойлаштирганмиз.

Фермернинг билдиришича, сўнгги вақтда хўжаликнинг асосий экиндан бўшайдиган майдонларидан унумли фойдаланишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 3 гектар жойга пиёз, 1 гектар майдонга эса саримсоқ экилганди. Тез орада ҳосилни йиғиштириб олиш кутилмоқда. Талаб бўлса, маҳсулотни экспортга чиқариш ёки ички бозорга етказиб бериш кўзда тутилган. Ҳар икки ҳолатда ҳам фермер наф кўради. Шунингдек, ҳозирда яна бир лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича иш олиб борилаяпти. Аниқроғи, қорамол боқишга мўлжалланган замонавий чорвачилик мажмуаси қуриш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати эса 780 миллион сўмга баҳоланган. Хориждан келтирилажак энг сўнгги технологиялар чорвани мақбул шароитларда парваришлаш, озиқлантиришга кенг имконият беради. Қолаверса, қўшимчасига чет элдан наслли сигирлар харид қилиш мўлжалланган. Бундан хўжаликда етиштириладиган сут ҳажмини ошириш кўзланган. Маҳсулот тумандаги қайта ишлаш корхоналарига етказиб берилади.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.