"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

ҲАМ ФИДОЙИЛИК, ҲАМ МАНФААТДОРЛИК

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

ҲАМ ФИДОЙИЛИК, ҲАМ МАНФААТДОРЛИК

уюшмаган ёшларни йиғим-терим мавсумида илғор бўлишга ундаяпти

Жаҳон бозорида ўзбек пахтаси ҳамда ундан тайёрланган бежирим текстиль ва тикув-трикотаж маҳсулотлари юқори баҳоланади, уларга харидор кўп. Боиси, серқуёш заминимизда етиштирилган пахта толаси пишиқ ва яхши чўзилувчан, бу дегани, олий сифатга, бисёр афзалликларга эга.

Ушбу жиҳатлар заҳматкаш деҳқонларимиз меҳнати ҳосиласи бўлган “оқ олтин”нинг қадрини ҳамон ошириб келаётир. Мазкур устунликдан унумли фойдаланиш эса иқтисодиётимиз ривожига хизмат қилмоқда. Яъни, юртимизда пахта толасини қайта ишлаш, истеъмол ёғи ва чорва озуқаси ишлаб чиқариш каби муҳим тармоқларнинг барқарор фаолияти таъминланаяпти. Замонавий ишлаб чиқариш қувватига эга янги-янги енгил саноат корхоналари барпо этилишига шароит ҳозирланмоқда. Натижада аҳоли бандлиги даражаси ошиб, турмуш фаровонлиги янада яхшиланаяпти. Шундай экан, халқимиз пахтани миллий бойлик сифатида ардоқлаши бежиз эмас.

Айни кунларда ўлкамиз далаларида қийғос очилган пахтани йиғиб-териб олиш ишлари жадал давом этмоқда. Мақсад – баҳоси олтинга тенг ушбу хомашёни нест-нобуд қилмаслик, теримни ёғин-сочинли кунларга қолдирмаслик. Шунда деҳқоннинг машаққатли меҳнати зое кетмайди, пахта юқори сифат ва нархга баҳоланади. Мўл ҳосил эса барака ва тўкинлик омилидир.

Маълумки, вилоятимиз пахтачиликда мамлакатимизнинг етакчи ҳудудларидан ҳисобланади. Юртимиз миқёсида тўпланадиган хирмоннинг салмоқли улушини воҳамиз миришкорлари етказиб беради. Пахта асосан вилоятимизнинг қуёш нури кўп тушадиган, об-ҳавоси нисбатан иссиқроқ бўлган чўл минтақаларида кўп етиштирилади. Мазкур ҳудудларда эса аҳоли сийрак жойлашган, табиийки, терим мавсумида ёрдамчиларга эҳтиёж сезилади. Бу жараёнда фермерларга кўнгилли ҳашарчилар кўмакка келмоқда.

Айтиш жоизки, пахта терими чин маънода аҳолининг муайян вақт бекор турган, уюшмаган вакиллари учун мавсумда яхши пул ишлаб топишнинг қулай фурсати, яъниким, даромад манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Чунки жорий йилдан эътиборан терим пуллари сезиларли даражада оширилгани, меҳнатга адолатли ҳақ тўланаётгани ҳашарчиларнинг ўз ишидан манфаатдорлик туйишига имкон бераяпти. Натижада улар теримда фаол иштирок этиб, илғорлик кўрсатишмоқда. Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 сентябрдаги “2017 йил ҳосили пахта хом ашёсининг харид нархлари тўғрисида”ги қарорига кўра, қўлда терилган пахтанинг 1 килограмми учун биринчи босқичда 450 сўмдан, 1 октябрдан эса 500 сўм ҳақ тўлаш белгиланган.

Ҳашарга бел боғлаган пахтакорлар орасида уюшмаган ёшларнинг ҳам борлиги аҳамиятлидир. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган “Фидойи ёшлар” отрядлари лойиҳаси доирасида кўнгилли сифатида бирлашган йигит-қизлар бугун деҳқоннинг мушкулига ора кирибгина қолмай, ўз моддий имкониятларини янада яхшилаш, ижтимоий фаоллигини ошириш имкониятидан баҳраманд бўлмоқда. Шу орқали мавсумда уларнинг бандлиги таъминланиши, фойдали иш билан машғул бўлишига шароит яратилаяпти.

Маълумотларга кўра, вилоятимизда уюшмаган ёшлар 80 минг нафарни ташкил этади, ҳозирги пайтда шундан 20 минг нафарга яқин киши ўз хоҳиши билан “Фидойи ёшлар” отрядларига келиб қўшилган. Улар пахтачиликка ихтисослашган хўжаликларда фермерларга баҳоли қудрат ёрдам бераяпти, ўз  навбатида моддий манфаатдорлик кўраяпти.

- Туманимиз бўйича қарийб 800 нафар ёш пахта теримида қатнашиш истагини билдирди, - дейди Ёшлар иттифоқи Шаҳрисабз тумани кенгаши раиси Абдушукур Янгиев. – Улар айрим сабабларга кўра бир муддат бўш қолган, эндиликда ўз оиласига, рўзғорига наф келтиришни ният қилган. Натижада мавсум бошида ушбу ёшлардан иборат 12 та отряд тузилди. Айни пайтда ҳашарчиларимиз Нишон туманидаги фермер хўжаликлари далаларида пахта теришаяпти. Ёшлар ҳудуддаги 6 та бинода жойлаштирилди. Уларнинг ётиб-туриши, яшаши учун аввалдан барча шарт-шароитлар ҳозирланган. Теримга чиқишдан олдин фермерлар билан баъзи бир ташкилий масалаларни келишамиз, пахтазорнинг ҳолатини кўрамиз. Шундан сўнг далага йўл оламиз. Далага бориб келиш учун транспорт воситалари ажратилган. Фермерлар ташаббуси билан тушликда теримчиларга иссиқ овқат ташкил этилган. Ҳар икки кунда терим пуллари тарқатилади. Отрядларимиз теримчилари кунига ўртача 25-28 тоннагача пахта саранжомлашаяпти. Уларнинг орасида 150 килограммгача терадиган илғорлари ҳам бор.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи пахта мавсуми давомида ранг-баранг лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, теримчиларнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун концерт дастурлари, фильмлар намойиши, турли учрашувлар ташкил этилмоқда. Йиғим-терим ишларида фаол иштирок этаётган “Фидойи ёшлар” отрядлари аъзоларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида мавсумнинг ҳар ўн кунлигида “Энг илғор теримчи”, “Энг интизомли теримчи”, “Энг яхши отряд раҳбари” ва бошқа номинациялар бўйича турли танловлар ўтказилиб, ғолиблар рағбатлантириб борилаяпти.

- Ўрта махсус маълумотга эгаман, коллежни тамомлаб, мутахассислигим бўйича анчагача ишга жойлашолмай уйда бекор қолдик, - дейди “Фидойи ёшлар” отряди аъзоларидан бири Муҳаррам Маликова. - Ёшларни мавсумий иш билан таъминлашга қаратилган “Фидойи ёшлар” отрядлари тузилганини эшитиб, кўнгилли равишда унга аъзо бўлдим. Ҳозир тенгдошларим билан пахта йиғим-терим ишларида фермерларга кўмак бераяпмиз. Теримда иштирок этаётганимга 20 кундан ошди. Шу вақтгача 2 тоннадан кўпроқ пахта тердим. Ишлаб топган пулим 1 миллион сўмга етди. Бекор ўтирсам, бу пулни қаердан ҳам олардим, ким ҳам берарди? Мана, илғорлик кўрсатганим учун бир неча марта тақдирландим. Совғага маиший техника беришди.

Таъкидлаш ўринлики, “Фидойи ёшлар” отрядлари лойиҳаси пахта йиғим-терим ишларининг жадаллашишида қўл келаяпти ҳамда уюшмаган ёшларни эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, қалбида ватанпарварлик, халқ хизматига шайлик, масъулият ҳиссининг жўш уришига замин яратмоқда.

Яна бир жиҳати, бу каби ташаббуслар ҳукуматимиз томонидан ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши мажлисининг баёни қабул қилиниб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) Кенгашлари билан биргаликда ташаббускор, фидойи ва фаол ёшлар ҳамда отряд раҳбарлари ва аъзоларига имтиёзлар тақдим этиш белгиланди. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тавсиясига кўра, “Фидойи ёшлар” отрядларида фидойилик кўрсатган бир гуруҳ фаол ёшларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш, энг илғор теримчи ёшларга рағбат сифатида чорва ҳайвонлари (қорамол, қўй, товуқ) ажратиш, шунингдек, мавсумий ишларга жалб қилинган ёшларнинг вақтинчалик меҳнат фаолиятини меҳнат стажи сифатида инобатга олиш масаласини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

М.ШУҲРАТОВ