"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июль, шанба.

ҲАММАСИ – ЎЗИМИЗНИНГ БОҒДАН

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

ҲАММАСИ – ЎЗИМИЗНИНГ БОҒДАН

Истеъмол бозорини сархил мева-чева билан тўлдиришда боғдорчилик муҳим ўрин тутади. Бугун юртимизда қишлоқ хўжалигининг ушбу тармоғи янгича ёндашув асосида жадал ривож топаяпти. Аввало боғларни барпо этишда муайян ҳудуднинг қулай тупроқ-иқлим шароити, сув билан таъминланганлик даражаси алоҳида эътиборга олинаяпти. Шу билан бирга, боғ парваришида интенсив технологияларни фаол қўллашга устувор аҳамият берилмоқда. Бу эса меҳнат сарфини камайтириб, мўл ҳосил етиштириш имконини тақдим этаяпти.

Маълумки, вилоятимиз ҳудудларида боғдорчиликнинг ўзига хос йўналишлари шаклланган, кўп йиллик тажрибалар асосида махсус мактаблар яратилган. Мисол учун, воҳамизнинг айрим туманларида узумчиликка чуқур ихтисослашув кузатилади. Косон туманининг Пудина қишлоғи ҳақида гап кетганда эса беихтиёр таъми тилёрар анорлар эсга тушади. Дарҳақиқат, ушбу ҳудуд аҳолиси анорчиликнинг ҳадисини олган. Шу кунларда пудиналиклар ғарқ пишган анорларни териб олиб, ички бозорга мунтазам етказиб бераяпти.

“Абдималик Абдижалил ўғли” фермер хўжалиги ҳам мазкур қишлоқ ҳудудида фаолият кўрсатади. Асосан боғдорчиликка ихтисослашган хўжаликда анорчиликни ривожлантиришга катта урғу берилмоқда. 70 сотих майдонда ташкил этилган анорзорда бугунги кунда  600 туп 3 йиллик анор кўчати парваришланаяпти.

- Анор етиштиришнинг ўзига яраша меҳнати, машаққати бор, - дейди фермер Абдижалил Камолов. – Бу ўсимлик сувни жуда хуш кўради, шу боис уни вақтида суғориб туриш керак. Совуққа чидамсиз бўлгани учун қишда кўмишга тўғри келади. Зарур муддатда агротехник тадбирлар кўрилса, ҳосил ҳам шунга яраша сероб бўлади. Ҳали ниҳолларимиз ёш бўлгани учун ҳар тупидан 10-15 килограммга қадар ҳосил олдик. Ниҳоллар 7-8 ёшга етганда, маҳсулдорлик ҳам бир неча баробар ошади. Ўшанда ҳар туп анор 50 килограммгача ҳосил беради. Мавсумда 2 тоннадан зиёд анор териб олдик. Бир қисмини харидорларга сотган бўлсак, қолганини сақлаш учун олиб қўямиз. Бу навнинг ўзига хослиги шундаки, яхши сақласангиз сархиллигини йўқотмайди. Келгусида анорзор ҳудудини кенгайтиришни мақсад қилганмиз.

Фермернинг сўзларига кўра, хўжаликда боғдорчиликнинг бошқа йўналишларида ҳам маҳсулдорлик қайд этилаяпти. Жорий йилги пишиқчилик даврида 3 гектардан ошиқ боғда 5 тоннадан кўп эртачи олма етиштирилган бўлса, 1 гектарча майдонни эгаллаган олчазордан ҳам шунча ҳосил олинган. Хўжалик юмушлари оила аъзоларининг ўзидан ортмайди. Боғларни босқичма-босқич ёшартириш, қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш асосий эътиборда. Анча аввал помидор, бақлажон ва қовоқлар узиб олиниб бозорга чиқарилган бўлса, 50 сотихда парваришланаётган пиёз келаси йили баҳорда тайёр бўлади.

М.ШУҲРАТОВ

Суратларда: Косон туманидаги “Абдималик Абдижалил ўғли” фермер хўжалиги анорзоридан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.