"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июль, якшанба.

УЗУМИНИ ЕНГ, БОҒИНИ ҲАМ СЎРАБ ҚЎЙИНГ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қашқадарё ва дунё

УЗУМИНИ ЕНГ, БОҒИНИ ҲАМ СЎРАБ ҚЎЙИНГ

Маълумки, куз фасли ҳам юртимизда пишиқчилик палласи ҳисобланади. Бу даврда кечпишар мевалар ғарқ етилади, мезон шамолини “еган” сабзавот ва кўкатлар ҳосили йиғиштириб олинади. Айниқса, сентябрь ва октябрь ойларида роса ширага тўлган узум катта миқдорда истеъмол бозорига чиқарилади. Бугун савдо шохобчаларидан ушбу маҳсулотнинг исталган хили ва навини топиш мумкин. Бири биридан сархил ҳамда мазали. Албатта, бу мамлакатимизда ҳар йили узум ҳосили сероб бўлаётгани, маҳсулдорлик йилдан-йилга ошиб бораётганидан далолат. Шу билан бир қаторда, юртимизда узумчилик ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам аҳолининг бу маҳсулотга бўлган эҳтиёжи самарали қондирилишига хизмат қилаяпти.

Айтиш жоизки, вилоятимизда ҳам узумчилик тармоғи кенг қулоч ёйган, деҳқонларимиз ток парваришлашнинг интенсив усулларини қўллаш, серҳосил навларни етиштиришда илғорлик намоён этишмоқда. Тегишли дастурлар асосида ҳудуддаги токзорлар майдони янада кенгайтирилмоқда, соҳада фаолият юритаётган хўжаликлар эса ҳар томонлама қўллаб-қувватланаяпти, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамлаб борилаяпти. Янги токзорларни барпо этишда ҳудуднинг иқлими, тупроқ унумдорлиги эътиборга олинмоқда.

Бугун воҳамизда лалми ерларда ҳам узумчилик билан шуғулланиш борасида катта тажриба тўпланган. Шу асосда узумнинг саноатбоп ва хўраки навлари етиштирилмоқда. Бу каби тадбирлар эса ички бозорни ушбу ноз-неъмат билан етарли даражада тўлдириш имконини бераяпти. Аҳоли истеъмолидан ортган маҳсулотнинг хориж бозорларига чиқарилаётгани эса вилоятимиз экспорт салоҳияти юксалишига шароит ҳозирламоқда.

Дарҳақиқат, ҳар боши марварид шодасидек, мазаси тилёрар узумларимиз чет элларда севиб истеъмол қилинади. Маҳсулотни сотиб олиш истагида бўлган талабгорлар кўплаб топилади. Бу эса ўз маҳсулотини хориж бозорига етказиб беришни мақсад қилган юртимиз соҳибкорлари учун айни муддаодир. Маълумотларга кўра, пишиқчилик мавсумининг ўтган даврида вилоятимиздаги тадбиркорлик субъектлари томонидан 495 тонна узум экспортга йўналтирилди. Мазкур жараёнда 30 дан ортиқ экспортчи корхона иштирок этгани аҳамиятлидир. Уларнинг орасида Яккабоғ туманидаги “Шарофат она Қаҳрамон қизи” агрофирмаси ҳам бор.

- Айни вақтга қадар россиялик ҳамкорларимизга сара ва экспорт талабига мос 300 тоннага яқин узум етказиб бердик, - дейди ушбу тадбиркорлик субъектининг божхона ишлари бўйича масъул ходими Шерзод Шеров. – Маҳсулотни вилоятимиздаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва аҳолидан шартнома асосида харид қилаяпмиз. Хорижлик ишбилармонлар билан мева-сабзавот олди-сотдиси бўйича манфаатли келишувлар имзолаганмиз. Унга кўра, жами 2000 тонна сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилиниши мўлжалланган. Экспорт таркибида асосий ўринни узум, хурмо ва лимон эгаллайди.

Қайд этиш жоиз, ҳар қандай мамлакат иқтисодий қудрати унинг жаҳон бозоридаги иштирокига, экспорт салоҳиятига қараб баҳоланади. Шу боис мамлакатимизда ҳам хорижга маҳсулот чиқариш кўламини ошириш, бу борадаги имконият ва ресурслардан тўлақонли фойдаланиш масаласи устувор аҳамият касб этаяпти. Шунга ҳамоҳанг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни экспорт фаолиятига жалб этиш, ташқи савдо билан шуғулланмоқчи бўлган ишбилармонларга кўмак кўрсатишга қаратилган чоралар кўрилмоқда, соҳа вакилларига бисёр енгилликлар тақдим этилаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 июндаги “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари манфаатлари биринчи ўринга қўйилган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан ўзлари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди. Бу эса маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарнинг рақобатдошлиги ва молиявий барқарорлигини оширишга имконият яратади. Шунингдек, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашда муҳим омил бўлмоқда.

- Албатта, бу ўзгаришлар ижобий самара бермоқда, буни вилоятимиз экспорт ҳажми ортаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин, - дейди вилоят божхона бошқармаси катта инспектори Собир Холмуродов. - Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида воҳамиз тадбиркорлари томонидан чет давлатларга умумий қиймати 136 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши ошган. Муҳими, ушбу фаолият билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари сони ҳам кўпайган. Шунингдек, тегишли даврда чет элга вилоятимиздан қиймати 13,6 миллион долларлик мева-сабзавот экспортга йўналтирилди.  Харидорлар орасида Россия ва Қозоғистон мамлакатлари етакчи. Айни кунларда эса воҳада етиштирилган узум, хурмо, шафтоли каби сархил ва хуштаъм мевалар экспорти жадал давом этмоқда.

Юртимиз замини саховатли, деҳқони миришкор, ер билан тиллашади. Тупроғимизда унган ноз-неъмат борки, бари сархил, экологик тоза, жуда тотли ва   кўплаб фойдали хусусиятларни ўзида жамлаган. Шунинг учун ушбу маҳсулотларнинг қадри баланд, харидори кўп. Қишлоқ хўжалиги ривожига қаратилаётган эътибор сабаб эса нафақат бозорларимиз тўкинлиги таъминланаяпти, балки истеъмолдан ортиқча мева-сабзавот ва узумни хорижга сотиш имкони мавжуд. Бу имкониятдан унумли фойдаланиш мамлакатимиз иқтисодиёти ривожи, халқ фаровонлиги юксалишига ҳар томонлама хизмат қилади.

М.ЖЎРАЕВ