"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 июнь, чоршанба.

ТОМОРҚАДАГИ ГУЛЗОР

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Ислоҳот қирралари

ТОМОРҚАДАГИ ГУЛЗОР

Юртимизда аҳолининг кўпчилиги шахсий томорқа ерларига эга. Ундан унумли фойдаланиб, турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираётган ва бунинг ортидан мўмай даромад топаётган оилалар ҳам талайгина. Бинобарин, ушбу машғулот ҳар томонлама фойдали бўлиб, аввало рўзғорга катта наф келтиради. Бунинг исботини томорқачилик билан мунтазам шуғулланиб келаётган аҳоли хонадонлари мисолида кўриш мумкин.

Қарши шаҳридаги Чармгар маҳалласида яшовчи Акмал Раҳматовнинг хонадони ҳам бугун кўрган кўзни қувнатади. Ҳовлининг ўртасидаги томорқа ери 3 сотихга етади. Кунлар совий бошлаганига қарамасдан, ҳамма ёқ яшилликка бурканган. Томорқанинг бир бурчида қаторлаштириб экилган гуллар қийғос очилган. Билсак, оила аъзоларининг гулга қизиқиши шунчаки ҳавасга эмас экан. Сал нарида қўр тўкиб турган, усти очиқ "теплица"нинг ичи тўла гул. Ерда ўстирилаётгани ҳам, тувакда парваришланаётгани ҳам бор.

- Гулларнинг турини ҳеч санаб кўрмаган эканмиз, - дейди уйнинг кексаси, 90 ёшдан ошган Гулнора Уздемникова. - 50 хилдан ошса керак. Номлари эсимда кўп ҳам қолавермайди. Кала, хризантема, герань каби гулларимиз бор. Гулчиликка ёшлигимдан қизиққанман. Битта томир топсам ҳам, ерга экаман. Бу хислатим фарзандларимга, набираларимга ҳам ўтган. Парваришини ўзлари эплашади.

Оила аъзоларининг айтишича, гулчилик ҳозирги вақтда даромадли  фаолиятга айлантирилган. Сўраб келганларга хонадоннинг ўзидан гул сотишади. Дўконларга тарқатишади. Гулларни кўпайтириш ҳам томорқанинг ўзида амалга оширилади. Баъзи гуллар ниҳоли, уруғидан экилса, қолганлари пиёзи ёки томиридан парваришлаб кўпайтирилади. Хонадон соҳиблари ерни йил давомида бўш қолдирмасликка ҳаракат қилишади. Қишда очиқ жойга уруғ қадаб кўкатлар етиштиришса, бу вақтда иссиқхонада гулларни ўстириш давом эттирилади. Томорқа эгалари қилаётган меҳнати ўзларига ҳам завқ бағишлаётгани, ҳам фойда бераётганидан хурсанд бўлишади.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.