"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

ТАЖРИБАГА ТАЯНГАН БОҒБОН АДАШМАЙДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

ТАЖРИБАГА ТАЯНГАН БОҒБОН АДАШМАЙДИ

Дунё бозорида энг харидоргир мевалардан бири бодом бўлса, иккинчиси ёнғоқдир. Буни ушбу маҳсулотлар ўзимизда ҳам етиштирилишига қарамай, айни пайтда бозорларимизда баҳоси юқори эканидан ҳам билсак бўлади. Чунки ёнғоқ ва бодом бисёр фойдали хусусиятларга эга. Улар муайян шароитда етиштирилади. Хўш, кўпчилик ўйлаганидек, ёнғоқ ва бодом парвариши шу қадар қийинми, бунда нималарга эътибор қаратиш керак? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Яккабоғ туманида истиқомат қилаётган, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, тажрибали боғбон Тўра Шовруқовнинг даласида бўлдик. 

– Азалдан одамлар бодом ва ёнғоқ каби маҳсулотларни юксак қадрлаган, севиб истеъмол қилган, - дейди у. – Айтиш жоизки, бу меваларни етиштириш кишидан ўзига яраша билим ва кўникма талаб қилади. Бироқ  ёнғоқ ва бодомни парвариш қилишда одамларимиз етарли тажрибага эга эмас. Эътибор қилсак, азалдан ёнғоқ ва бодом дарахтлари асосан ҳовлиларда экиб, ўстирилган. Уларни етиштиришга ихтисослашган йирик-йирик боғлар жуда кам. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Мисол учун, бодом эрта баҳорда гуллагани боис, совуқ уриб кетади, ёнғоқ эса кеч ҳосилга киради, деган нотўғри қараш туфайли улар катта майдонларга экилмаган. Экилганлари ҳам узоққа бормай, сув танқислиги ёки қаровнинг етарли эмаслигидан қуриган.

Кейинги сабаби, мустақилликкача бўлган даврда қишлоқ хўжалигида пахта ва ғалла сиёсати қаттиқ бўлган. Шу икки экиндан бошқаси эътибордан четда қолиб кетаверган. Бироқ бугун эса ушбу соҳага бошқача муносабат шаклланган. Экин ерларининг бир қисми мева-сабзавот, узум ва полиз экинлари учун ажратиб берилмоқда. Мен ҳам кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, ушбу қимматли маҳсулотларнинг маҳаллий навларини етиштиришни мақсад қилдим.   

Кекса боғбон ўз аҳдини бажаришга киришди. Ёнғоқзор ва бодомзор яратиш учун Яккабоғ туманининг об-ҳавоси жуда қулай. Дарвоқе, мазкур ҳудуд ҳақида гап кетганда одамнинг кўз олдига биринчи ўринда гўзал боғ-роғлар, бепоён қир-адирлар келади. Яккабоғликлар етиштирган турли сархил мева-сабзавотлар нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам     машҳур.

– Кўп йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида ишладим, аммо боғ яратиш, яратганда ҳам кишининг ҳавасини келтирадиган бўстон яратиш ниятида юрганман, – дейди боғбон. – Шукрки, бу ниятим  мустақиллик йилларида амалга ошди. Нафақага чиққанимдан сўнг, туғилиб ўсган қишлоғимдаги сув бормайдиган 12 гектарли лалми ерда ўзим орзу қилган боғни барпо этишга бел боғладим. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эса кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшди. Қарорда белгиланган лойиҳалар рўёбга чиқарилса, нафақат ушбу қимматбаҳо маҳсулотларга бўлган аҳоли талаби қондирилади, балки хорижга ҳам экспорт қилиш ҳажми ортади.

Кўрдик, бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Ҳақиқатда бу жой бир пайтлар сув чиқмайдиган ер бўлган экан. Ҳозир ҳам боғ атрофидаги ерни турли бегона ўтлар босган. Сабаби, боғ ёнидан катта анҳор ўтишига қарамай, баландликда жойлашган боғга сув чиқмайди. Сув чиқариш учун эса махсус насос зарур бўлади. Табиийки, насос ёрдамида сув чиқариш учун яхшигина харажат зарур. Тўра бобо эса кўпчилик эътибор қилмайдиган сув чиқаришнинг оддий ва камчиқим йўлини қўллади. Яъни физика фанининг қоидалари (сифон усули)ни амалиётга жорий қилиб, ернинг бир қисмига сув кўтаришнинг уддасидан чиқди.   

– Ёнғоқ ва бодом кам сув талаб қилади, бироқ сувсиз бўлмайди, –  дейди Тўра Шовруқов. – Айниқса, ниҳоллигида яхши парвариш билан бирга сувга ҳам талабчан бўлади. Вақтида суғорилмаса, кўчатлар нобуд бўлади. Бироқ кўп йиллик тажрибамда ёнғоқ ва бодомни сувга чидамли қилиш йўлларини синовдан ўтказаяпмиз. Чунки сув танқислиги муаммоси ҳар доим долзарб бўлиб келган.  

Тўра бобонинг кўчат парваришлаб, боғ яратишда ўзгача тажрибаси бор. Яъни у киши уруғларни боғ учун мўлжалланган ернинг ўзига қадайди. Қадаганда ҳам ўзгача усулда. Яъни   дастлаб куз ойларида (ёмғирли кунлар бошланишидан олдин) боғ учун мўлжалланган майдонда кўчат ўрни белгилаб чиқилади ва чуқурлиги 80 сантиметр қилиб қазилади. Сўнгра ўра ичига 25-30 килограмм маҳаллий ўғит, 120 грамм соф ҳолдаги азот ва 80-100 грамм соф ҳолдаги фосфор тупроқ билан аралаштириб солинади. Бироқ ўра тўлиб кетмаслиги лозим. Чунки қиш ойларида қор ва сув тўпланиши учун 10-15 сантимертли чуқурча қолгани маъқул. Эрта баҳорда белгиланган жойларга бодом ва ёнғоқ уруғлари қадалади. 

– Бу усул кўчатларнинг тез ва яхши ривожланишига сабаб бўлмоқда, энг муҳими ниҳоллар май-июнь ойларигача сув талаб қилмайди, – дейди у. – Ушбу тажрибамиз юқорида келтирилган “бодом эрта баҳорда гуллагани боис, совуқ уриб кетади, ёнғоқ эса кеч ҳосилга киради”, деган тушунчаларни инкор этди. Чунки маҳаллий ва органик ўғитлар ҳамда қор, ёмғирдан яхшилаб тўйинган ердаги кўчатлар сувсизликка чидамли бўлиб, жуда яхши ривожланди. Озуқа базаси ва парвариш яхши бўлса, ёнғоқ экилган йилнинг ўзида ҳам ҳосил беради. Ҳатто ёнғоқдан йилига икки марта ҳосил олиш мумкин экан. Буни амалиётда кузатдик. Яъни ёнғоқ баҳорда гуллаб, ҳосилга киргач август ойларида унда яна янги ҳосил нишоналари пайдо бўлмоқда. Ҳозирча иккинчи ҳосилнинг банди нозиклиги боис пишишга улгурмасдан тўкилиб кетмоқда. Айни пайтда иккинчи ҳосилни ҳам сақлаб қолиш чораларини кўраяпмиз. Бодом эса тажрибамизда кейинги йилдан ҳосилга кирди. Энг муҳими, совуққа чидамлилиги ортди. Яна тажрибамизда бодомнинг тагини кузда ва эрта баҳорда юмшатиш, март  ойида суғориш гуллаш муддатини кечиктирди ҳамда совуқ уришини сезиларли даражада камайтирди.    

Тўра Шовруқовнинг лалми ерда боғ барпо этиш борасидаги яна бир тажрибасини эшитиб, очиғи қойил қолдим. Яъни кузда кўчатдан бир метр узоқликдаги жойда бўйи ва эни бир ярим метр, чуқурлиги 70 сантиметр бўлган ўра қазилиб, қиш ойларида қор билан тўлдирилади. Сўнгра баҳор ойлари чуқурлар кўмилади. Агар шу тадбир кўнгилдагидек ўтказилса, кўчатлар июнь ойигача   чанқамас экан. 

Айни кунларда Тўра Шовруқов яратган боғ тўлиқ ҳосилга кирган. Ҳозирча ёш кўчатларнинг ҳар биридан 5-6 килограммдан ҳосил териб олинмоқда. Боғбоннинг сўзларига кўра, бу тариқа парваришланаётган ёнғоқ ва бодом дарахтларининг ҳосилдорлиги йилдан-йилга ортиб бораверади.

Сарвар ОЧИЛОВ, журналист