"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июль, шанба.

ҲАРАКАТДА БАРАКАТ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

ҲАРАКАТДА БАРАКАТ

ёхуд қишда ҳам ердан самарали фойдаланиш керак

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг деҳқончилик маданияти, ердан унумли фойдаланиш кўникмасини ошириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада саъй-ҳаракатларга мутаносиб равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш кўлами йил сайин ортиб бораяпти.

Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2017 йилнинг ўтган 9 ойи  давомида вилоятимизда барча тизим хўжаликлари томонидан 149 минг 43 тонна картошка, 448 минг 341 тонна сабзавот, 144 минг 643 тонна полиз маҳсулотлари, 118 минг 333 тонна мева ва 79 минг 472 тонна узум етиштирилган. Агар ушбу кўрсаткичларни ўтган йилнинг худди шу даври билан солиштирадиган бўлсак, картошка етиштириш 3 фоизга, сабзавот 4, полиз маҳсулотлари 7, мева 5,5 ва узум 4,5 фоизга ошганини кўриш мумкин. Бу албатта, одамларимизда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ошиб бораётгани, ўзининг фаровон ҳаётини таъминлаш учун астойдил ҳаракат қилаётгани самарасидир.

Мана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда деҳқончилик маданияти юксалиб бормоқда. Экин-тикин ишлари учун энг ноқулай мавсум бўлган қиш фаслида ҳам тўқсонбости усулида совуққа чидамли бўлган кўплаб турдаги маҳсулотлар етиштирилаётгани бунинг яққол далили.

Мисол учун, пиёз ва саримсоқпиёз ушбу тажрибага асосан сентябрь ойи боши, кечи билан эса ноябрь ва декабрь ойларида экилади. Бинобарин, ҳар икки маҳсулот ҳам кундалик озиқ-овқат рационида муҳим ўрин тутиши, инсон саломатлиги учун жуда фойдали эканлиги  билан ички ва ташқи бозорда бирдек харидоргир. Демак, уларни етиштириш қиш вақтида ҳам ердан унумли фойдаланишга имкон беради, деҳқонга яхшигина даромад келтиради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 августдаги “2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятимизда ҳам тўқсонбости усулида турли экинлар қаторида 2269 гектар майдонга пиёз ҳамда 868 гектар майдонга саримсоқпиёз экиш, бу борада талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини етказиб бериш бўйича ишларнинг тизимли йўлга қўйилиши деҳқонларимизни янада фаолликка ундади.

- Яхши меҳнат қилинса, ердан янада самарали фойдаланиб, олинаётган ҳосил ва даромадни 2-3 мартагача ошириш мумкин, - дейди яккабоғлик фермер Лазиз Абдиев. - Чунки  иқлим шароитимиз йил давомида деҳқончилик қилиш имконини беради. Ўтган йил ҳам хўжалигимизга тегишли экиндан бўшаган ердан тўқсонбости усулида  яхшигина ҳосил олгандик. Бу йил ҳам 1 гектар ерга саримсоқпиёз ва қишки пиёз экдик. Айни вақтда улар ривожланиб, анча ўсди. Уларни баҳорнинг сўнгги ойларида йиғиб, ички бозорга етказиб берамиз. Бу даромадимизни янада ошириш, хўжалигимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш имконини беради.

Ҳисоб-китобларга кўра, 10 сотих майдонда саримсоқпиёз етиштириш учун ўртача 100 килограмм уруғлик сарфланар экан. Агар бир бош саримсоқпиёзда ўртача 12 та саримсоқ бўлаклари бўлишини ҳисобга олсак, 10 сотих ердан камида 1 тоннадан ошиқ ҳосил олиш мумкин. Саримсоқпиёз экилганидан сўнг то қишга қадар иқлимга қараб суғорилиши ва яна бир-икки маротаба ер юмшатиб чиқилиши, ўғит берилишини инобатга олмаса, у қадар катта куч ва меҳнат талаб этмайди. Демак, 10 сотих ерга саримсоқпиёз эккан киши барча харажатларни чиқариб ташлаганда ҳам, камида 10 миллион сўм даромад олади. Бу оила учун каттагина моддий манфаат деганидир. Демакки, кўпчилик оилаларда камида 6 ёки 8 сотихдан томорқа мавжудлигини ҳисобга олсак, уларда қиш фаслининг ўзида ҳам совуққа чидамли маҳсулотларни етиштириш ва яхшигина даромад олиш имконияти мавжуд. Бу фаслда боғ ва ток ораларида деҳқончилик қилиш ҳам яхши самара беради. Шу боисдан ҳам жорий йилда вилоятимизда 33 минг 494 гектар майдонда қишки озиқ-овқат экинлари етиштириш кўзда тутилган бўлса, уларнинг 16 минг 494 гектари боғ ва боғ-токзорлар ичида экилиши белгиланган.

- Оилавий пиллачилик билан шуғулланганимиз боис, ҳудуддаги 2 гектарга яқин тутзорга қараш, парваришлаш ишлари зиммамизда, - дейди Косон туманилик Зариф Тиловатов. – Шу аснода боғ қатор ораларидаги ерлардан фойдаланиб, деҳқончилик  фаолияти билан ҳам шуғулланамиз. Бу ернинг унумдорлиги ошиши, оиламиз фаровонлигига ҳам хизмат қилаяпти. Ўтган йил ҳам дарахт ораларига турли кўкатлар, пиёз ва саримсоқпиёз эккан эдик. Даромад яхши бўлди. Шу боис айни вақтда 20 сотих ерга пиёз ва яна шунча саримсоқпиёз экдик.

Албатта, оила фаровонлигини таъминлаш энг аввало унинг аъзолари ҳаракатига, меҳнати ва интилишларига боғлиқ. Бунинг учун эса мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, улардан унумли фойдаланиш зарур. Ахир халқимиз “Ҳаракатда - баракат” деган нақлни бекорга айтмаган. Деҳқончиликда эса ҳаракатсиз ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Буни билган деҳқонларимиз эртанинг тараддудини бугун кўраётгани, ердан унумли фойдаланиб, қиш фаслида ҳам ҳосил олишни уддалаётгани ана шундан. Зеро, ўз вақтида амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар аввало ўша оиланинг дастурхони тўкинлигини, иқтисодий аҳволи ҳам яхшиланиб, турмуши фаровон бўлишини, шу аснода бозорларимиз маъмурчилигини таъминлайди.

Ж.ҚИЛИЧЕВ