"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июль, шанба.

БОЙ БЎЛИШНИНГ СИРИ - МЕҲНАТДА

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Томорқа - хазина

БОЙ БЎЛИШНИНГ СИРИ - МЕҲНАТДА

Томорқа бир оила учун яхшигина даромад манбаи бўла олади. Фақат ердан ўз ўрнида, самарали фойдаланилса, мўмай фойда келтиради, шунинг эвазига рўзғорга қут-барака киради. Маълумки, юртимиз қишлоқларида яшовчи аҳоли ихтиёрида катта-катта томорқа экин майдонлари мавжуд. Сўнгги вақтда ерни унумли ишлатиш, томорқа деҳқончилигига эътибор ошаяпти. Бу ишга ташаббус билдирган аҳоли вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Айтиш ўринлики, Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётир. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, томорқа экин майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, бу борада томорқа ер эгаларининг масъулиятини ошириш, деҳқончиликка оид билим ва кўникмаларини яхшилаш, ўз навбатида, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди.

Албатта, бу ўзгаришлар юртимиз аҳолисида томорқадан унумли фойдаланишга кучли рағбат уйғотиши, уларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдаги иштироки фаоллашувига олиб келиши шубҳасиз.

- Хонадонимизда катта ер майдони бор, қурбимиз етмагани сабаб имкониятимизни тўлиқ ишга сололмаётгандик, - дейди Қарши тумани Мирмирон қишлоғида яшовчи Мухторхон Файзуллаев. – 3 йил аввал тижорат банкидан қарийб 40 миллион сўм миқдорида молиявий кўмак олдик. Бунга ўзимиз жамғариб қўйган маблағни ҳам қўшдик. Натижада 9 сотихча ерда мўъжаз иссиқхона барпо қилдик. Ўшандан буён деҳқончилик қилиб келаяпмиз. 4 сотих жойда лимон парваришлаймиз. 5 сотихда эса бодринг етиштирамиз. Йилда икки марта ҳосил олиш имконига эгамиз. Жорий йилнинг август ойи охирида ҳам иссиқхонага 2000 туп бодринг ниҳолларини ўтқаздик. Октябрь ойининг илк ҳафтасидан бошлаб ҳосил теришга киришдик. Ҳар куни 200-300 килограммдан бодринг йиғиштириб олиб дўконларга тарқатаяпмиз, харидорларга сотаяпмиз. Шунинг ўзидан 15 миллион сўмдан ортиқ даромад қилишни мўлжаллаб турибмиз.

Дарҳақиқат, яхши ишлата билсангиз, меҳнатидан қочмасангиз, озроқ қунт қилсангиз, томорқа – мисли хазина. Меҳнаткаш одамни бой қилиши турган гап. Бунинг исботини томорқадан самарали фойдаланиб, оиласи фаровонлиги, шу билан бирга, бозорларимиз тўкинлигини таъминлаётган кўплаб кишилар мисолида кўриш мумкин.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.