"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 январь, шанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

БОҒ ҚАТОР ОРАСИ ЭНДИ БЎШ ҚОЛМАЙДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

БОҒ ҚАТОР ОРАСИ ЭНДИ БЎШ ҚОЛМАЙДИ

Маълумки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ерни йил давомида бўш қолдирмаслик, унда талаб юқори бўлган маҳсулотларни етиштириш бозорларимиз тўкинлигига, нархлар барқарорлигига хизмат қилади. Экспорт имкониятлари ҳам кенгаяди. Шу мақсадда жойларда куз мавсумида такрорий уруғ қадаб, ҳосил олишга қаратилган ишлар жадал амалга оширилмоқда. Аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, жорий йилда вилоятимизда ҳам асосий экиндан бўшаган майдонларда, боғ қатор ораларида харидоргир маҳсулот етиштиришга киришилди.

Бу борада Касби туманидаги “Шернаев Рамил Шарипович” фермер хўжалигида қилинган ишлар ҳам эътиборга молик. Асосан боғдорчиликка ихтисослашган мазкур хўжалик тасарруфидаги боғ қатор ораларидан шу пайтгача у қадар мақсадли фойдаланилмай келинаётганди. Деҳқоннинг манфаатдорлигини ошириш, шу орқали юртимизда ризқ-рўз сероблигини таъминлашни кўзлаб, бўш жойга такрорий экин экиб, давлатга сифатли маҳсулот етказиб бериш бўйича ушбу хўжалик раҳбари билан шартнома тузилди. Бунинг учун зарур уруғлик ва ресурслар билан таъминланди.

- 2 гектарча майдонда боғ барпо қилганмиз, - дейди фермер Рамил Шернаев. – Ўрикнинг маҳаллий навларини парваришлаяпмиз. Ҳар йили мўл ҳосил териб олиб, ички бозорга чиқараяпмиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша эди. Бироқ боғнинг қатор ораларидаги каттагина ерни унумли ишлата олмаётгандик. Бу жойда чорва озуқаси етиштириш билан кифояланардик. Бу йилдан бошлаб эса сабзавот парваришлашни ташкил этдик. 1 гектар ерга саримсоқпиёз қадаганмиз. 50 сотихча жойга эса пиёз экилди. Мутахассислар тавсиясига кўра, барча зарур арготехника тадбирларини ўз вақтида бажараяпмиз. Ерга яхши қарасак, уни бўш қолдирмасак, унумдорлиги ошиб, боғ ҳосили кўпайишига ҳам таъсир қилади. Натижада икки томондан ҳам манфаат кўрамиз.

Фермернинг айтишича, ҳозирда парваришланаётган пиёз ва саримсоқпиёз яхоб сув ичиб, баҳорнинг май ойларида тайёр бўлади. Гектарига 10-15 тоннагача ҳосил кўтариш мўлжалланмоқда. Келгуси йилдан бу экинларни кўчатидан экиб ўстириш режалаштирилмоқда. Шундай қилинса, ҳам вақтдан, ҳам нақддан ютилади. Асосийси, фермер маҳсулотига харидор излаб овора бўлмайди. Уни буюртмачи корхоналарга топшириб, фойдасидан баҳраманд бўлади.

М.ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.