"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

25 апрель, пайшанба.

УЛКАН ЮТУҚЛАР ҚУРШОВИДАГИ “БАХТ”

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Мулкдор ва давр

УЛКАН ЮТУҚЛАР ҚУРШОВИДАГИ “БАХТ”

Касбим тақозо этиб, иш юзасидан вилоятимиздаги кўплаб тадбиркорлар, фермерлар билан учрашганман. Улар билан фаолиятида эришган катта натижалар, эртанги режалар ҳақида суҳбат қурганман. Бу мулоқотлар кўпинча менда бир жиҳати билан эсда қолади. Қайси бир ишбилармонни гапга солмай, у одамда кучли бир иштиёқни, интилишни сезаман. Аксарияти ишида бирор кўринарли янгилик қилиш мақсади билан яшайди. Амалга оширмоқчи бўлган бизнес лойиҳасининг таърифини келтиради. Бундай кишилар ҳеч бир асос бўлмаса, асло муаммодан сўз очмайди. Қийинчиликка дуч келган бўлса ҳам бирор тадбирини қилиб, унга биринчи галда ўз кучи билан ечим топиш пайида бўлади. Ва бунинг уддасидан чиққани ҳам кўп. Шу боис бундай кишини тадбиркор, ишнинг кўзини биладиган деб алқаймиз. Шунга қарамай, улар муваффақиятларининг бош омили сифатида юртимизда хусусий тадбиркорликка яратилган кенг шароитларни кўрсатади. Мулкдор бўлиб, ҳеч ҳам кам бўлмагани, жамиятда ўз ўрнига эга экани, мамлакатимиз ривожига улуш қўшаётганидан фахрланади.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда ўзимни кўрсатаман, тадбиркор бўламан деган одамга имкониятлар бисёр. Қулай ишбилармонлик муҳити шаклланган. Қонун доирасида иш юритсангиз, ҳеч ким фаолиятингизга асоссиз аралаша олмайди. Тадбиркорнинг ҳуқуқ ва манфаатлари давлат томонидан ҳимояланган. Бунинг ҳуқуқий асоси аввало Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган. Асосий қонунимизнинг 36-моддасида “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли”, деб кўрсатилган. Бу - ҳар бир юртдошимиз мулк орттириш, мустақил бизнесини ташкил этиш, сармоясини ўзи истагандек тасарруф этишга ҳуқуқли дегани. Керак бўлса, бундай ташаббуслар давлат томонидан ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, рағбатлантирилади.

Айни шундай юксак эътиборни иқтисодиётимизнинг таянч устунларидан бири бўлган фермерлик ҳаракати мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугун аграр соҳада хусусий секторнинг иштироки қай даражада самара бераётганини билиш қийин эмас. Тармоқ доим ўсишда, ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги йил сайин ортаяпти. Бу ҳам бўлса, одамларнинг ерга муносабати тубдан ўзгаргани, меҳнатидан манфаатдорлиги ҳарчанд ошгани, замонавий технологиялар муттасил жорий этилаётгани эвазига бўлаяпти. Кечагина косаси оқармаган деҳқон бугун чин маънода қишлоқ мулкдорига айланган. Ҳудудда кечаётган ҳар қандай ўзгаришга у ҳам бир қадар дахлдор.

- Меҳнатдан қочмаган, астойдил ишлаган киши борки, бой бўлаяпти, - дейди Қарши туманидаги “Бахт” фермер хўжалиги раиси Иброҳим Холиёров. – Аслида бирор-бир ютуғимиз ҳақида гапирганда, фермерликнинг, тадбиркорликнинг кетидан эришаяпмиз, деймиз. Йўқ, аввало булар учун тагзамин бўлиб хизмат қилган омил мавжуд. У ҳам бўлса, Бош қомусимиздир. Ахир бизнинг тадбиркорлик қилиш, эркин ишлаш ҳуқуқимиз унда ўз аксини топган. Фаолиятимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарорлар ҳам шу асосда қабул қилинаяпти. Бунинг мевасини эса биз қўлга киритаётган ютуқларда ҳам кўриш мумкин. Натижа қилинган меҳнатга яраша. Қисқа давр ичида чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигимиз ҳар жиҳатдан қаддини тутиб олди. Зотли қорамоллар бош сони 600 тага, парранда сони 2 мингтага етган. Бошқа тармоқлар ҳам сермаҳсуллиги билан ажралиб турибди.

Дарҳақиқат, меҳнатда гап кўп. Боз устига яна бу меҳнат қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириб турилса, ишда унум, даромадда барака бўлади. Шунга мувофиқ истиқлол йилларида қишлоқда қарор топган мулкчиликнинг янги шакли – фермерликнинг серқирра имкониятларидан оқилона фойдаланган мулкдор чинакам мўъжиза яратаяпти. Мана бунинг ёрқин исботи. “Бахт” фермер хўжалиги томонидан Қовчин қишлоғида янги мажмуага асос солинди. Бу мажмуанинг бир қисми чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантиришга, бир қисми эса иссиқхона учун ажратилган. 20 сотих жойда барпо этилган иссиқхонага хориждан келтирилган 60 туп лимон ва 30 туп апельсин кўчатлари ўтқазилган. Фермер хўжалиги аъзолари лимон ва апельсин кўчатлари ҳосилга киргунга қадар уларнинг орасида кечки помидор ва бодринг етиштиришни мақсад қилишган. Иброҳим Холиёровнинг айтишича, мажмуа бўлмаларининг бирида келгусида туяқуш боқиш мўлжалланган. Айни пайтда бир бўлмада минг бош бедана парваришланаяпти. Қолган бўлмалар эса йилқичиликни, бўрдоқичиликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу фермер хўжалигида нафақат зарур хомашё маҳсулотларини етиштириш, балки уларни саноат усулида қайта ишлашга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда хориждан замонавий ишлаб чиқариш линиялари олиб келиб ўрнатилган. Ушбу цехларда бир кунда 1 тонна гўшт ва яна шунча сутни қайта ишлаш имкони мавжуд. Тайёрланаётган колбаса, сут, кефир, пишлоқ ва сметана сингари ноз-неъматлар аҳолига етказиб берилаяпти. Шунингдек, яна бир цехда қолипли нон, патир ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

- Жорий йилда яна бир қанча янгиликларга қўл урдик, - дейди фермер. – Биз учун бутунлай нотаниш бўлган қуёнчиликни ташкил этдик. Ҳозир 300 наслли қуён боқаяпмиз. Бу жониворлар жуда гўштдор, тез кўпайиб, тез етилади. Қолаверса, четдан қарийб 30 бош англер зотига мансуб қорамол олиб келдик. Бу қорамоллар сут йўналишида юқори маҳсулдорликка эга. Ҳар бири 20 литрга яқин сут беради. Албатта, хўжалик юмушларига ҳудуддаги ёшларни ҳам жалб қилганмиз. Уларга моддий кўмак бериш, меҳнатини муносиб рағбатлантиришга асосий аҳамият қаратганмиз. Бундан ташқари, келгусида яна кўплаб иш ўринлари яратамиз. Буни қишлоқда тўйхона, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш эвазига амалга оширамиз.

Аслида деҳқон қачон шундай меҳнат қилади? Қачонки меҳнати қадр топса, қачонки ернинг ҳақиқий эгаси эканлигини ҳис этиб, бугунию эртаси шу замин билан боғлиқлигини тушуниб етса. Қатъий ишонч билан айтиш мумкин: ҳозир юртимиздаги деҳқону фермерда ана шу туйғу шаклланиб улгурди. Зеро мустақиллик йилларида мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, соҳадаги барча жараёнларнинг тобора такомиллаштирилиши, фермерлик ҳаракатининг ҳар томонлама мукаммаллаштирилиши ва янада кўпроқ қўллаб-қувватланиши, хўжаликлар моддий-техник базасининг йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганлиги шундай дейишимизга асос бўлади.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.