"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

25 апрель, пайшанба.

РОҲАТИНИ МЕҲНАТДАН ТОПГАН ФЕРМЕР

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Аёл ва замон

РОҲАТИНИ МЕҲНАТДАН ТОПГАН ФЕРМЕР

Миришкор туманидаги “Санобар Мирзо” фермер хўжалиги раиси Санобар Ҳамидова меҳнатсеварлиги, ишбилармонлиги билан тилга тушган. Бу аёл ҳеч тиним билмайди. Йўлингиз шу томон тушса, ғайрат-шижоатга тўла бу фермерни учратмай қолмайсиз. Иши юришмай турган қишлоқдоши борми, маслаҳатини, амалий ёрдамини аямайди. Айниқса, қишлоқ хотин-қизларига эътибор кўрсатиш унинг одати. Бугун ҳудудда Санобар Ҳамидовага эргашиб, фойдали машғулотни маҳкам тутаётган ва бундан самара ҳам чиқараётган аёллар кўпайиб бораётгани шундан.

Мутахассислиги биолог бўлган бу аёл фермерликка анча эрта қўл урган. Фермер хўжалигининг асосий йўналишлари ғаллачилик ва пахтачилик этиб белгиланди. У 107 гектар ернинг 46 гектарида пахта, 40 гектарида ғалла етиштириб келаяпти. 3 гектар майдонда боғ барпо қилган. Асосийси, Санобар Ҳамидова ўз ишини севади, ўзи эришаётган юқори натижалардан роҳатланади. Тажрибали фермер юқори ҳосилдорлик ва сифат даромадни кўпайтиришини яхши тушунади. Шу тариқа иш олиб бораётгани учун ҳам бугун қўли узун, имконияти кенг.

- Ердан унумли фойдаланиш, бозорларимизни сархил мева-сабзавотлар билан таъминлаш бирмунча машаққатни талаб этади, - дейди фермер аёл. - Шунга қарамай жорий йилда мамлакатимиз хирмонига ҳар гектардан 60 центнердан ошириб ғалла, 45 центнердан пахта саранжомлаб сотдик. Бундан ташқари, фермер хўжалигимизда иссиқхона ташкил этиш баробарида янги иш ўринларини ҳам яратдик. 2016 йилда юртимизда биринчилардан бўлиб энг кўп – режадаги 70 тонна ўрнига давлатга 180 тонна ғалла сотган фермер хўжалигимиз республика Фермерлар кенгашининг ташаккурномаси ва “Спарк” автомашинаси билан тақдирланди.

Санобар Ҳамидова замонамиз фермери катта тажриба ва малакага эга бўлишдан ташқари замонавий билимларни ҳам пухта эгаллаши керак, дея ҳисоблайди. Яъни юқори маррани кўзлаган деҳқон замонавий бошқарув усулларидан етарлича бохабар бўлиши шарт. Унинг сўзларига кўра, Президентимиз таклифи билан жорий йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб номланиши юртимиз ишбилармонларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликларнинг ёрқин намунаси бўлди. Шунга жавобан фермерлар ҳар бир кунини беҳуда сарфламасдан, хайрли ишларга бош-қош бўлиши лозим. “Қўшимча ресурсларни излаб топиш ва улардан ўз ўрнида фойдаланиш фермернинг фойдасига хизмат қилади”, дейди у.

- Хўжалигимиз тармоқларини кенгайтиришга имкониятимиз бор, - дея давом этади фермер. - Чорвачилик, балиқчиликни йўлга қўймоқчимиз. Бу борада дастлабки ишлар бошлаб юборилган. Шунинг эвазига янги иш ўринлари яратилади, хўжаликнинг иқтисодий имконияти янада ошади. Шунингдек, жорий йилда чет давлатлардан янги технологиялар олиб келиб, ўзимиз етиштираётган маҳсулотларни қайта ишлайдиган цех очиш устида иш олиб бораяпмиз.

Фермер аёлни четдан кузатсангиз, тилидан ширин сўз аримаслиги, вақт топиб ўзига оро беришга ҳам улгуришини кўрасиз. Яна бир муҳим жиҳати, янгиликка интилувчан. Китоб ўқишни канда қилмайди. Даврий нашрларни кузатиб боради.

- Бугун шу нарсага амин бўлдимки,  астойдил меҳнат қилган одам, албатта, унинг роҳатини кўрар экан, - дейди Санобар Ҳамидова. - Бунга далаларимиздаги пахта, ғалла, боғларимиздаги сархил, шириндан-шакар меваларимиз ортидан топаётган даромадимиз бир мисол. Эсимда,  авваллари аёлларнинг турмуш даражаси бутунлай бошқача эди. Рангпар, юпун болалар, пахта этакларини нозик белига танғиб олган нимжон ҳомиладор келинчаклар... Пастқамгина дала шийпонида кўплаб гўдакларга “боғча опалик” қилиб ўтирган онахонлар... Буни ёши улуғлар жуда яхши билишади. Бугунги кунимизни кўринг, буткул бошқача. Фермер хўжалигимизда ишчилар учун шинамгина дам олиш хоналари, ётоқхона, ошхона барпо этганмиз. Ҳар йили фермер хўжалиги ҳисобидан 15 нафар ишчи-ходимга қишки кийим-кечаклар, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатамиз. Ойлик маошларини вақтида олиб туришади. Чунки эришган барча ютуқларимиз уларнинг ҳалол меҳнати эвазига эканлигини унутмаслигимиз керак.

Санобар Ҳамидованинг яна бир хислати унинг мурувватли инсон эканлигида. У ҳар бир байрамда Мурувват, Меҳрибонлик ва Саховат уйларига, маҳалласидаги эҳтиёжманд, ногиронлиги бор кишиларга ўз хоҳиши билан ёрдам беришни канда қилмайди. Шундан бўлса керак, у 2017 йилда “Йил аёли” кўрик-танловининг республика босқичида “Йилнинг энг мурувватли аёли” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди. Бу эътироф Санобар Ҳамидовадек – оддий қишлоқ аёлини янги натижалар, марраларга руҳлантирди. Айнан шу рағбат самаралари унинг кейинги  фаолиятида янада ёрқинроқ намоён бўлишига ишонаман.

Шоҳиста БОЗОРОВА