"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ГЎШТ ЕТИШТИРИЛГАНИ ЯХШИ, ТЕРИСИНИ ҚАЧОН ИШЛАТАМИЗ?

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қуёнчилик

ГЎШТ ЕТИШТИРИЛГАНИ ЯХШИ, ТЕРИСИНИ ҚАЧОН ИШЛАТАМИЗ?

Деҳқонобод туманида иш бошлаган “Деҳқонобод биогаз” масъулияти чекланган жамияти фаолияти асосан чорвачиликка ихтисослашган. Айни вақтда ушбу тадбиркорлик субъектида қорамолчилик, туячилик, беданачилик, қуёнчилик каби муҳим тармоқлар фаолияти йўлга қўйилган.

- Жамиятда йирик чорвачилик комплексига асос солиш режамиз бор, - дейди корхона иш юритувчиси Олимжон Маматалиев. –Бунинг учун барча шарт-шароитларни ҳозирлашга эътибор қаратаяпмиз. Мисол учун, бизда тоза ичимлик суви ва табиий газ таъминоти бирмунча муаммо. Буни англаган ҳолда, чорва ва парранда гўнгидан биогаз ишлаб чиқариш ҳамда ер ости сувини қайта ишлаб, тоза ичимлик сувига айлантириб бериш ускуналарини ишга туширдик. Қуёнчилик, беданачилик ва чорвачилик тармоқлари учун ем ва озуқани қайта ишлайдиган махсус тегирмонларни келтириб ўрнатдик. Энди эса тармоқларни кенгайтиришга ҳаракат қилаяпмиз.

Жамиятнинг беданачилик тармоғида айни кунда 600 дона парранда парваришланмоқда. Ҳар куни 500 дона бедана тухуми ички бозорга етказиб берилаяпти. Қуёнчилик тармоғида эса 150 дона зотдор қуёнлар боқилмоқда. Тадбиркор қуёнчилик сердаромад соҳа эканини таъкидлайди.

- Қуёнларнинг ўзига хослиги шундаки, улар тез кўпаяди, - дейди у. – Мисол учун бир она қуён йилида ўртача 4 марта болалайди. Ҳар сафар ўртача бешта бола туғади. Энди ҳисоблаб кўринг, 150 она қуёндан ҳар уч ойда камида 750 та насл оламиз. Митти қуёнчалар яхши парваришланса уч ойда 3 килограммдан 5 килограммгача вазн тўплайди. Демакки, 150 бош она қуённи сақлаб, ҳар уч ойда камида 2 тонна, йилига эса 8 тоннадан ошиқ гўшт ишлаб чиқариш мумкин. Қолаверса, қуён боқиш кам меҳнат ва кам харажат талаб этиши билан ҳам эътиборга молик.

Айтиб ўтиш жоиз, қуёнчилик сердаромад соҳа сифатида вилоятимизда ривожланиб бормоқда. Буни ушбу фаолият турини йўлга қўяётган тадбиркорлар, фермер хўжаликлари сони ошиб бораётгани, аҳоли хонадонларида қуён боқиш оммалашаётганидан ҳам билиш мумкин. Катта миқдорда қуён гўшти етиштирилиб, ички бозорга етказиб берилаяпти.

Аммо ушбу йўналишнинг яна бир имконияти ҳозирча ишга солинмаяпти. Яъни қуён момиғи ва териси фойдаланилмаётган хомашё сифатида қолмоқда. Ваҳоланки, кўпгина ривожланган давлатларда қуёндан майин ва нозик тивит олинади, ундан шарф, рўмол, жемпер, пайпоқ каби харидоргир буюмлар тўқилади. Боиси, бундай кийимлар бир қатор афзалликларга эга. Мутахассислар фикрича кўра, қуён момиғидан тайёрланган ашёлар даволовчи хусусиятга эга бўлиб, неврология, радикулит билан касалланган беморларга тавсия этилади. Бу турдаги момиқлар қўй жунидан 10 баробар кўпроқ иссиқлик сақлаши аниқланган. Қуён терисидан эса қўлқоп, сумка, енгил оёқ кийимлар ҳам тайёрланади. Вилоятимизда ана шундай хомашёни қайта ишлайдиган корхона ҳозирча йўқ. Агар қайта ишлаш қувватлари йўлга қўйилса, қўёнчиликни янада сердаромад, янада истиқболли тармоққа айлантириш мумкин.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.