"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ТЎКИНЛИК ВА БАРАКА МАНБАИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Томорқачилик

ТЎКИНЛИК ВА БАРАКА МАНБАИ

Мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самара бермоқда. Яратилаётган шарт-шароитлар, олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида аҳолининг томорқачилик маданияти юксалиб, ердан унумли фойдаланиш кўникмаси ошиб бораяпти.

Ғузор туманидаги Гулшан маҳалласида бўлганимизда ҳам бу жиҳатни яққол ҳис этдик. Боиси, қайси хонадонга кирманг, уй соҳибларининг иссиқхона ташкил этгани ёки ҳовлисидаги бир парча ерни баҳорги экинларга тайёрлаётганининг гувоҳи бўласиз.

- Маҳалламизда 6068 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди йиғин раиси Раҳмат Абдуллаев. – Оилалар сони эса 1295 та. Барча оилалар ҳовли уйларда яшагани боис, ҳар бирида энг камида икки-уч сотихдан томорқа ери бор. Аввал ҳамма ҳам ҳовлисидаги ердан унумли фойдаланмасди. Кимдир бунга қунт қилмаган бўлса, кимдир шу бир парча жойдан қандайдир манфаат кўриш мумкинлигига ишонмаган, яна биров эса деҳқончилик илмидан бехабар эди. Энди  ерга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Чунки бундан энг аввало одамларнинг ўзи манфаатдорлик сезаяпти.

Бунда ўтган йилдан маҳалла фаоллари, банк ходимлари, тажрибали томорқачилар билан ҳамкорликда уйма-уй юриб, аҳолини томорқа ерларидан самарали фойдаланишга ундагани, бу борада амалий ёрдам кўрсатишгани ҳам самара берди. Ушбу жараёнда уруғлик, кўчат сотиб олиши ёки иссиқхона қуриши учун маблағ сўраган фуқароларга имтиёзли кредитлар берилди. Натижада 50 дан ошиқ хонадон эгалари бўш турган майдонларда иссиқхоналар барпо этишди. Шунингдек, ҳудудда ўз ҳовлисида боғ ташкил этган, гулчилик, паррандачилик, чорвачилик каби соҳалар билан шуғулланаётган оилалар сони ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Дарҳақиқат, бироз ҳаракат қилган, изланган, интилган одам борки, асло кам бўлмайди. Бир парча ердан ҳам мўмай даромад олиб, оиласи фаровонлигини, дастурхони тўкислигини таъминлаётган юртдошларимиз ҳаёти бунга мисол.

- Ўтган йили томорқамизнинг 1 сотих майдонини иссиқхонага айлантирдик, -дейди шу маҳаллалик Зулфия Шаропова. - Бу ерга 10 туп лимон кўчатини экиб, атрофида помидор ва бодринг етиштиришни йўлга қўйдик. Бултур кеч кузда экилган бодринг ва помидор кўчатлари айни вақтда илк ҳосилини бермоқда. Кексаларимиз “томорқа - барака, тўкинлик манбаи” деган гапни бекорга айтишмаган. Астойдил меҳнат қилсангиз, ер ҳам сизни сийлайди.

Албатта, ердан унумли фойдаланиш энг аввало оиланинг экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қоплайди, қолаверса бозорларимизда бу турдаги маҳсулотларнинг мўл-кўллигини, арзонлигини таъминлайди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.