"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 сентябрь, чоршанба.

ҚАМАШИДА СУТНИ ҚАЙТА ИШЛАШГА ШАРОИТ ЙЎҚМИ?

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Чорвачилик

ҚАМАШИДА СУТНИ ҚАЙТА ИШЛАШГА ШАРОИТ ЙЎҚМИ?

Қишлоқ мулкдори саналган фермернинг бугун фақат тор доирада, атиги бир-икки тармоқ билан ишлашини давр кўтармайди. Асосий тармоқлардан юқори даромад келаяптими, демак, нуқул шунга қаноатланиб қолмаслик керак. Маблағни тўғри йўналтира билиш, янги тармоқлар ташкил этиш лозим. Чунки қишлоқ хўжалиги соҳасининг имконияти кенг. Жойларда ҳали қўл урилмаган, ишга солинмаган ресурслар мавжуд. Янги йўналишларни ўзлаштирмас экан, фермер истиқболда ўз фаолияти барқарорлигини таъминлай олмайди.

Шу маънода бугун юртимизда фермерлик ҳаракатини янги руҳ билан ривожлантиришга эътибор берилмоқда, кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш асосий талабга айланаяпти. Буни тўғри англаган фермерлар эса бор имкониятдан самарали фойдаланишга, шу орқали қишлоқ ривожига ҳисса қўшишга интилмоқда.

Қамаши туманидаги “Ҳусан бобо” фермер хўжалиги раҳбари Абдусалом Раҳматовнинг ҳам мақсади шу - бора-бора фаолияти қамровини кенгайтириш, сердаромад тармоқларда иш бошлаш. Ҳозирда у бунинг учун муҳим пойдеворни қўймоқда. Бир неча йил пахтачилик ва ғаллачилик билан шуғулланган фермер чорвачиликдан ҳам юқори фойда олишига ишонч билан қаради. Аввалига маҳаллий зотга мансуб қорамол парваришлади. Кейин эса хориждан наслли қорамол сотиб олиб келтирди. “Гольштийн” деб аталувчи, биринчи навбатда келтирилган наслли сигирларнинг боласи ҳам айни пайтга келиб бузоқ бериб улгурди.

- Наслли қорамолларимиз сут йўналишида юқори самарадорликка эга, - дейди фермер. – Ҳар биридан кунига 15 литрдан сут соғиб олинади. Бугунги кунда 32 бош қорамол боқаётган бўлсак, шунинг 26 боши зотдор. Ўтган йили Украина мамлакатидан 4 бош сигир олиб келганимиз ҳисобига шунчага етди. Улар иқлимимизга тез мослашди. Келгусида қорамоллар сонини кўпайтириш ниятидамиз. Бунга имкониятимиз етади. Бундан ташқари, хўжалигимизда 30 бошдан ортиқ қўй-эчки, 4 бош от боқилаяпти.

Абдусалом Раҳматовнинг айтишича, кунлик соғиб олинадиган сут миқдори 100 литрдан ошади. Бу бир ойда 3 тоннадан кўп сут дегани. Уни сотишда муаммо йўқ. Фермер маҳсулотни янги ҳолида Шаҳрисабз ва Китоб туманидаги тадбиркорларга етказиб беради. Унинг гапига қараганда, Қамашининг ўзида сутни қайта ишловчи корхона йўқ экан, ҳисоби. Чорвачилик соҳасида ўз ўрнига эга туман учун бу салбий ҳолат, албатта. Ҳудудда бундай тадбиркорлик субъекти иш бошласа, ҳеч бир ютқазмаслиги аниқ. Хомашё деса, бор. Бозор ҳам тайёр. Бугунги даврда сут маҳсулоти дўконда узоқ туриб қолмайди ҳам. Шароит бор бўлгани ҳолда, туманда охирги икки йилда бу йўналишда бирорта ҳам лойиҳа амалга оширилмаётгани ажабланарли. Туман масъуллари шу ҳақда ҳам ўйлаб кўриб, ташаббускор топса ва уни қўллаб-қувватласа масала ҳал, чамамда.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат