"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

МУҲИМ МАВСУМ ОЛДИДАН МУНОСИБ РАҒБАТ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Пиллачилик

МУҲИМ МАВСУМ ОЛДИДАН МУНОСИБ РАҒБАТ

Ипак қурти пилласи тўқимачилик ва енгил саноатнинг энг қадимий хомашёларидан бири саналади.

Шу билан бирга ҳамон ипак қиймати ошиб борса бораяптики, асло унга бўлган талаб камаймаган. Шунга мувофиқ, ипак қурти боқиб, пилла ҳосили етиштирувчи меҳнаткашларнинг ҳам манфаатдорлиги ортиб бормоқда.

Ҳукуматимиз томонидан янги пилла мавсумига тайёргарлик ишларини юқори даражада ташкил этиш, агрономларга зарур шароит ва қулайликлар яратиш, ишчи-ходимлар моддий манфаатдорлигини янада ошириш борасида белгиланган қатор чора-тадбирларда ҳам сифатли пилла ҳосили тайёрлаш ва пиллакорлар меҳнатини қадрлаш ифодаси мужассам.

Вилоят мусиқали-драма театрида воҳамиз пиллакорлари учун ташкил этилган байрам тадбири масъулиятли мавсум олдидан соҳа меҳнаткашларига юқори кайфият бағишлади.

- Биз,  пиллакорларга қаратилаётган бундай эътибордан кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшилди, - дейди Китоб туман    “Агропилла” МЧЖ раҳбари Насиба Нурова. - Бу йил туманимиз пиллакорлари 4173 қути ипак қурти боқиб, 227 тонна “кумуш тола” олишни режалаштирган. 4500 та пиллачилик звеноларида бу ишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Тадбир аввалида тўртта туманнинг “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятларига замонавий “МТ3-82” русумли трактор, 150 нафарга яқин агрономларга эса велосипедлар топширилди.

-  Ҳудудда ўзимга бириктирилган  30 га яқин пиллачилик звенолари билан ишлайман, - дейди Қарши туман “Агропилла” МЧЖ агрономи Йўлчи Қодиров. - Уларнинг иш жараёнидан доимий равишда хабардор бўлиб, керакли маслаҳатларни бериб боришимда велосипед жуда қўл келади. Чунки, қишлоқ жой, ҳудуд катта, аввал бир кунда пиёда  4-5 звенога боришга улгурган бўлсам, энди барча пиллакорлар ишидан ҳар икки кунда тўлиқ хабар олишга улгураман.

Вилоят санъат усталари томонидан намойиш этилган концерт дастуридан сўнг муҳташам ресторанлардан бирида пиллакорлар учун байрам дастурхони ёзилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.