"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 апрель, якшанба.

150 МИНГ ДОЛЛАРЛИК КЕЛИШУВ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қашқадарё ва дунё

150 МИНГ ДОЛЛАРЛИК КЕЛИШУВ

АСОСИДА АГРОФИРМА ХОРИЖГА АЧЧИҚ ҚАЛАМПИР, ПОМИДОР, БОДРИНГ, КАРАМ, САБЗИ КАБИ МАҲСУЛОТЛАРНИ ЭКСПОРТ ҚИЛМОҚЧИ

Бугунги кунда юртимиз деҳқонлари жаҳон бозорида талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Улар илғор тажрибаларни ўзлаштириш, интенсив усулларни кенг қўллаш эвазига сифатли ва мўл ҳосил олишга эришмоқда. Бинобарин бизда шундай шароит борки, аҳоли эҳтиёжидан ортган, сара ноз-неъматларни йил давомида хориж мамлакатларига узлуксиз йўллаш мумкин. Бу борада вилоятимизнинг имкониятлари ҳам юксак баҳоланади.

Экспортбоп маҳсулот етиштиришни ташкил этишда Нишон туманида ҳам салмоқли ишларга қўл урилмоқда. Ҳудуд соҳибкорлари ердан унумли фойдаланиш, одатдагидан эртачи ҳосил олиш, хуллас, кўринган кичик бир имкониятдан ҳам сезиларли натижа чиқаришни мақсад қилган. Тумандаги “Исмоил экспорт” масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳам бунга мисол бўлади. Ушбу агрофирма фаолияти ўтган йили йўлга қўйилган. Мазкур тадбиркорлик субъектига Талимаржон иссиқлик электр станцияси яқинидан ажратиб берилган 4 гектар ер майдонида қисқа вақт ичида катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. 2,5 гектар жойда замонавий иссиқхона иншоотлари барпо этилди. Йирик мажмуада ниҳолларни ўстиришда тежамкор технологиялардан фойдаланилмоқда. Жумладан, ўсимликларни сувлаш учун томчилатиб суғориш тизими, иссиқхона ичини шамоллатиш учун вентиляция жиҳозлари ўрнатилган.

- Деҳқончилик ишларини асосан куз-қиш мавсумида бажарамиз, иссиқхонада керакли ҳароратни ушлаб туриш учун эса  доимий иссиқлик талаб этилади, - дейди агрофирма директори Камолиддин Содиқов. – Биз бунга ҳам инновацион ёндашдик. Ёнимиздаги корхона мавжуд қувватларни юргизиб туриш учун иссиқ сув ишлатади. Ўз вазифасини ўтаган ва илиб қолган сув қайта иситишга юборилади. Ушбу манба иссиқхонамизни ҳам иситишга асқатади. Бу борада завод билан келишувга эришиб, иккиламчи сувдан мақсадли фойдаланаяпмиз.

Албатта, ишлаб чиқариш имконияти кенг бўлса, маҳсулдорлик юқори бўлишига эришилади. Буни мазкур тадбиркорлик субъектига тегишли иссиқхона мисолида ҳам кўриш мумкин. 1 гектар майдонда бодринг ва помидорнинг ҳосилдорлиги юқори навлари парвариш қилинмоқда. Бир муддат аввал пишиб етилган маҳсулотларни териб олишга ҳам киришилган. Шунингдек, 1,5 гектар ҳудуд аччиқ қалампир ўстиришга ажратилган. Уни иссиқхона шароитида парваришлаш қийин бўлса-да, деҳқонлар илм асосида кўчатларнинг тўлиқ баравж ривожланишига шароит ҳозирлаган.

- Аччиқ қалампир ер танлайди, экин майдони унумдор бўлиши керак, - дейди корхона агрономи Жамолиддин Содиқов. – Бу жой айни биз кутгандек чиқди. Ўтган йили ноябрь ойида ниҳолларни экиб чиққандик. Кўчатларни ўзимиз уруғидан тайёрладик. Ҳозир аччиқ қалампирнинг икки хил навини етиштираяпмиз. Бири маҳаллий, бошқаси хорижники. Маълумки, бу маҳсулотнинг сифати унинг аччиқлик даражаси билан белгиланади. Бизнинг маҳсулот ҳам ушбу талабларга тўла жавоб беради. Шу боис териб олинадиган ҳосилнинг асосий қисмини экспортга йўналтирамиз.

Мутахассислар фикрича, аччиқ қалампир етиштириш сердаромад иш ҳисобланади. Дунёда унинг харидори кўп. Шу сабаб сўнгги вақтда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида мазкур янги йўналиш тез оммалашмоқда. Ғўза парваришлаш учун ҳосилдорлиги паст майдонларда ушбу экинни экишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бир гектар жойга аччиқ қалампир экиб, ўртача 15-20 тоннагача хосил олиш мумкин. Бунда қайта ишланган ҳажм 3-4 тоннани ташкил этади.

Агрофирма раҳбарининг айтишича, очиқ жойда харидоргир қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган. Жорий йилда шу мақсадда тадбиркорга туман ҳудудидан 7 гектар ер ажратилди. Унинг тенг ярмида қовун, қолганида аччиқ қалампир парваришланмоқда. Бу маҳсулотлар ҳам экспортга мўлжалланган.

- Юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчиларга кенг имконият ва имтиёзлар берилган, бу эса бизни мазкур йўналишда фаол иш олиб боришга рағбатлантирди, - дейди ишбилармон. – Ташқи бозор талабини ўрганиб, чет эллик ҳамкорлар билан алоқа ўрнатдик. Хусусан, россиялик ҳамкорларимиз билан манфаатли шартнома туздик. Унинг умумий қиймати 150 минг АҚШ долларига етади. Келишув доирасида хорижликларга аччиқ қалампир, помидор, бодринг, карам ва сабзи каби сабзавотларни етказиб берамиз. Бундан ташқари, яна бир экспортбоп доривор ўсимлик – розмарин етиштиришни бошлаяпмиз. Шу мақсадда 50 сотих ерни тайёрладик. Яқин орада кўчатларни ўтқазамиз.

Ўз ўрнида ушбу йирик мажмуанинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш учун катта ишчи кучи ҳам керак.  Ҳозирги кунда деҳқончилик юмуши, парвариш, йиғиб-териш, кўчат ўстириш билан 35 нафар киши шуғулланаётгани фикримизнинг исботидир. Улар бугун агрофирмада ишлаб, доимий даромад топиш имконига эга. Келгусида мавжуд иш ўринлари сони янада ортиши эҳтимоли катта. Чунки тадбиркор яна 1 гектар майдонда маҳобатли иссиқхона қуришни режалаштирган. Фаолиятдан келаётган даромад ва тижорат банки тақдим этадиган кредит ушбу ташаббус тез фурсатда амалга ошишига шароит яратади. Янги иншоотда ҳам хорижда талабгир маҳсулотлар етиштиришга асосий урғу берилади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ