"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 апрель, жума.

ОСМОНГА ҚАРАБ ЁТСА, РИЗҚ ТЕПАДАН ТУШМАЙДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Томорқа - хазина

ОСМОНГА ҚАРАБ ЁТСА, РИЗҚ ТЕПАДАН ТУШМАЙДИ

Шаҳрисабз шаҳридаги Қорасув маҳалласида яшовчи Намозхон Луқмонов муқим иш жойига эга эмас, яъни расман бир жойда ишламайди. Унинг рафиқаси ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Аммо бу ушбу оила бутунлай бекорчи дегани эмас. Қолаверса, уларнинг бировнинг қўлига қараб қолган жойи ҳам йўқ. Иккиси ҳам деҳқончиликдан яхшигина хабардор. Шу боис хонадон соҳиблари асосий эътиборни томорқадан унумли фойдаланишга қаратган. Уч-тўрт йилдирки, зироатчилик билан шуғулланиб кам бўлишмади.

Бугун рўзғорга кетадиган барча харажат шу бир парча томорқадан келаётган даромад ҳисобидан баҳоли қудрат қопланаяпти.

Айтадилар-ку, пул одамни эмас, одам пулни топади, деб. Акс ҳолда майда-майда берганга тоғ ҳам чидамайди. Мазкур оиланинг шиори ҳам шу – кичик бир имкониятдан катта натижа чиқариш. Хонадон вакилларининг асосий фаолият тури эса гулчилик. Бу юмуш мавсумий бўлса-да, шу қисқа даврда кўриладиган даромад бир йилга татийди.

- 1 сотихдан ошиқроқ ерда иссиқхона қурганмиз, - дейди оила бошлиғи. – Бир фурсат ҳам тиним билмаймиз. Ҳар доим томорқада бизга иш топилади. Ҳозир иссиқхонамизда 10 хилдан ошиқ гулни парваришлаб, ўстираяпмиз. Улар хонаки гуллар бўлиб, тувакларда экилади. Гул кўчатларини ҳам шу ерда тайёрлаймиз. Ёш ниҳолларни қаламча ва уруғидан ўстирамиз. Пальма, герань қуёшсевар ноёб гулларимиз сирасига киради. Ҳар бирининг қарови бир-биридан фарқ қилади. Улар қачон сув ичиши-ю, қачон озиқлантирилишини яхши биламиз. Ҳар мавсумда ўртача 4-5 минг туп гул етиштириб сотамиз. Савдо асосан баҳорда қизийди. Аллақачон икки-уч ёшли гулларни бозорга чиқаришни бошладик.

Киши бир ишга қатъий азму шижоат билан киришса, унинг ортидан келадиган натижа ҳам гўзал бўлади. Ушбу оила вакиллари ҳам уддабурон ва ишбилармонлиги билан ўз рўзғорини обод, ҳаётини фаровон қилаяпти.

М.ШУҲРАТОВ

Собир Нарзиев олган суратлар.