"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 сентябрь, душанба.

АХИР СЕН ҚУЁНЛАР УЧУН ЕМИШ ТАЙЁРЛАМАЯПСАН-КУ!

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Дунё тажрибаси

"АХИР СЕН ҚУЁНЛАР УЧУН ЕМИШ

ТАЙЁРЛАМАЯПСАН-КУ!"

Исроил дунёнинг иқтисодиёти яхши ривожланган индустриал-аграр мамлакатларидан бири ҳисобланади. Бу ерда бошқа соҳалар қатори озиқ-овқат саноати ҳам етакчи ўринларда туради.

Бундан 50-60 йиллар муқаддам Исроилда озиқ-овқат маҳсулотлари махсус карточкалар орқали тарқатилган. Аҳоли асосан давлат томонидан ажратиладиган ёрдам ҳисобига кун кечирган. Бугунги кунга келиб умумий ер майдони салкам 22 минг квадрат километрни ташкил қиладиган,  уларнинг ярми тоғлик, ўрмон, чўл ва саҳролардан иборат бўлган ушбу давлат ўзининг 8,5 миллионлик аҳолисини озиқ-овқат билан тўлиқ ички имкониятлар ҳисобидан таъминлабгина қолмай, катта миқдордаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт ҳам қилади.

- Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг катта қисмини кибуц, деб аталмиш кичик-кичик қишлоқ хўжалиги ширкатлари ишлаб чиқаради, - дейди исроиллик агроном Николай Файман.  - Бу худди собиқ советлар даврида ташкил этилган жамоа хўжаликларидай гап. ХХ аср бошларида яҳудийларнинг Европадан Фаластинга ёппасига кўчиши бошланганда, кўчманчилар учун бегона жойда жон сақлашнинг ягона йўли кибуцлар бўлди. Қишлоқда яшаган одам қилган меҳнати учун ойлик олмасди, аммо ҳукумат томонидан бепул уй, кунига уч маҳал овқат, мебель, кийим-кечак бериларди, коммунал тўловлар, ҳаттоки чет элга бормоқчи бўлганлар учун йўл харажати ҳам тўлаб бериларди. Қўлга пул беришмасди,  болаларни интернатга олиб кетишарди. Давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик айрим кишиларни ялқов қилиб қўйди - иш унумдорлиги пасайиб кетди: ахир ҳамма нарса етарли бўлса, қолаверса, ҳамма учун шароит бир хил, ишёқмас танбаллар ҳам улар қатори таъминланаётган бўлса, ортиқча жон койитишга не ҳожат?! 

Бироқ бундан маҳаллий аҳолининг кўчманчиларга бўлган муносабати кескин ўзгара бошлади, улар билан гаплашмай қўйишди. Ахир бундай текинхўрлар кимга ҳам керак?! Таъсир чораси тезда ўз натижасини берди - муҳожирлар жон-жаҳдлари билан ердан унумли фойдаланишга, ҳам сифатли, ҳам мўл ҳосил олишга киришиб кетишди. 

XXI асрга келиб ушбу ширкатларга нисбатан қўлланилган қаттиқ тартиб бекор бўлди: меҳнатга яраша ҳақ тўланмоқда, болалар эндиликда оилада тарбия топаяпти.  Бир вақтлар қўшни араб давлатлари Исроилга озиқ-овқат маҳсулотлари импортини тақиқлаб қўйганда айнан мана шу ширкатлар мамлакатни очарчиликдан сақлаб қолганди.

Моҳир деҳқонлардан бири Натан Иванишвилининг айтишича, у Исроилга келганда манго етиштириш билан шуғуллана бошлайди. Унга иш бошлаш олдидан қатъий оҳангда эслатиб қўйишди: "Виждонан ишла. Худди ўзинг учун етиштираётгандек. Маҳсулот сифатли бўлсин, акс ҳолда бунинг фойдаси бўлмайди. Ахир сен қуёнлар учун емиш тайёрламаяпсан-ку, буни одамлар ейди".

Муҳожирлар томонидан мамлакатда пишлоқ тайёрлашда ҳам катта муваффақиятларга эришилди. Фермерлар Франция ва Италияга эчки сутидан пишлоқ тайёрлашни ўрганиб келишга жўнатилди. Айни дамда бу ерда тайёрланаётган пишлоқнинг сифати чет элникидан қолишмайди. Аҳамиятли томони, нархи икки баравар арзон. Агар шундай пишлоқнинг 1 килоси Москва шаҳрида 3 минг рубль турса, Исроилда унинг нархи 1400 рубль.

Иванишвилининг тушунтиришича, давлат исроиллик фермерлар маҳсулоти қатъий бир нархда сотилишини белгилаб қўйибди. Шундан арзон ҳам, қиммат ҳам сотмаслик керак.

Бу ерда қандайдир бир тадбиркор томонидан Мисрданми ёки Грецияданми, дейлик, шафтоли олиб келиб, уни бир неча баробарга арзон ёхуд қимматга сотишига йўл қўйилмайди. Аввало маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари сотилишига эътибор қаратилади.

Мамлакатда илмий тадқиқотларни молиялаштиришга ҳам катта эътибор қаратилади. Исроилда  помидорнинг махсус нави яратилди. Энди уни узоқ муддат сақлаб туриш имкони пайдо бўлди. Авваллари улар тез бузилиб, яроқсиз ҳолга келиб қолар, фермерлар бундан анчагина зарар кўришарди. Шунингдек, Исроилда сигирларни компьютерлашган ҳолда соғиш, бодом, хурмо, олмаларни автоматлаштирилган усулда теришга ҳам эътибор кучайтирилаяпти.

Агар ширкат ишчиси ишлаб чиқаришга янги технология жорий этмоқчи бўлса, унинг 40 фоизгача бўлган қийматини давлат ўз ҳисобидан қоплайди.

Исроилда экзотик мамлакатларга хос, масалан, ананас, манго, авокадо каби мевалар, ҳаттоки Японияга хос нок дарахтига ўхшаш мушмула ҳам етиштирилади. 

Мамлакатда мошава деб аталувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланадиган субъектлар ҳам борки, ширкатлардан фарқли ўлароқ, улар ерга эгалик қилиш ва уни фарзандларига мерос қилиб қолдириш ҳуқуқига эга.

Давлат уларга маҳсулотини сотишга кўмаклашади, фақат бир шарт билан - у сифатли бўлиши керак. Агар кимдир кўзбўямачилик қилиб, чириган, сифатсиз маҳсулотларини ўтказмоқчи бўлса, у билан ҳамкорлик қилиш тўхтатилади. Мамлакатдаги барча парранда - товуқ, ўрдак ва ғознинг 85 фоизини айнан мошавалар парваришлайди.

Фермерликка ҳар кимни ҳам қабул қилаверишмайди. Одатда ариза билан мурожаат қилинади ва уч йилгача "дала меҳнаткаши" бўлишга номзод сифатида туради. Бу вақтда номзод ишини кўрсата билиши керак, шундагина унга ердан фойдаланишга рухсат берилади. 

Маҳсулотни йиғиб-териб олишда ҳам қатъий тартиб-интизом мавжуд.  Масалан, қулупнайни йиғиб олиш учун гастарбайтерлардан фақат филиппинлик ва таиландликларни ишга жалб этишади: бу мамлакатлар ишчилари ўзларининг ҳалол, инсоф-диёнатли эканликлари билан танилган.

Бу ерда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ўзининг сифати, ўзгача таъми билан ажралиб туради. Буларнинг бари тажрибали  деҳқонларнинг машаққатли меҳнати ҳосиласидир.

Муҳожирлар бу ерга кўчиб келишганда, фойдаланишга яроқли ернинг ўзи йўқ эди: ҳамма жой ботқоқлик,  пашша-чивинларга тўла бўлган. Бунинг устига чидаб бўлмас жазирама кишини ҳолдан тойдирарди. Келганларнинг барчаси зиёли қатлам вакиллари бўлиб, улар ҳеч қачон деҳқончилик билан шуғулланмаган. Аммо зарурият, муҳтожлик уларни ишлашга мажбур қилди, меҳнатда тоблади ва пировардида моҳир деҳқон қилиб етиштирди.

Дастлаб ботқоқликни қуритиш учун Австралиядан махсус дарахт кўчатлари олиб келиб ўтқазилди. Ботқоқлик тугатилгач, бир қарич ҳам ерни бўш қолдирмай экин экишга киришилди. Айниқса, кўкатлар етиштиришга эътибор кучайтирилди.   Исроил давлати кўкат етиштириш ва сотиш бўйича жаҳонда биринчи ўринга чиқиб олди. Бу мамлакат 36 турда кўкат етиштиради ва экспорт қилади. Помидорларнинг ҳар хил рангдаги навлари - қизил, сариқ, очсариқ рангли, ола-була, ҳаттоки қора ранглилари ҳам етиштирилади.

Деҳқонлар махсус мослама ёрдамида денгиз сувини чучуклаштириб, суғоришда фойдаланишни йўлга қўйишган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, бугун 1 нафар исроиллик фермер 98 кишини боқаяпти. Фермерлар бундан-да кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаришлари мумкин, бироқ уларни жойлаштириш масаласи ҳам бор.

Бу мамлакатга озиқ-овқат маҳсулотларининг атиги  5 фоизи - мол гўшти, буғдой, шакар ва кофе четдан олиб келинади. 95 фоизи эса маҳаллий тадбиркор-фермерлар томонидан ишлаб чиқарилади.

Бугун Исроил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини дунёнинг ўнлаб мамлакатларига экспорт қилади. Шунингдек, гул етиштиришда ҳам катта тажриба тўплаган, у ҳам катта миқдорда экспортга йўналтирилади.

Чорвачиликда ҳам исроилликларга тенг келадигани йўқ. Битта сигирдан олинадиган сут миқдори бўйича Исроил жаҳонда биринчи ўринда       туради.

Исроил ҳудудининг катта қисмини фойдаланишга яроқсиз ерлар ташкил этса-да, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда бу мамлакат жаҳонда етакчи ўринларни эгаллайди.

Аҳолининг бор-йўғи 3,7 фоизи мамлакат умумий ер майдонининг тўртдан бир қисмида фаолият юритиб, бутун бошли Исроилни боқаяпти, ўзларидан орттириб, озиқ-овқат маҳсулотларини четга ҳам экспорт қилаяпти.

Буларнинг барчаси деҳқонларнинг ерга нисбатан муносабати кескин ўзгариши ҳосиласидир. 

Хориж матбуотидан Мусо МУРОДОВ таржимаси