"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ГИЛОСГА БЎНАК ТЎЛАШГАН, ПИЁЗГА ҲАМ ХАРИДОР ТАЙЁР

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

ГИЛОСГА БЎНАК ТЎЛАШГАН, ПИЁЗГА ҲАМ ХАРИДОР ТАЙЁР

Бугун ишнинг кўзини билган, замонавий бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиқиб йўл тутган деҳқон борки, соҳада салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқда. Томорқада етиштирилган маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқаётган, ҳам юртига нафи тегаётган, ҳам оиласи фаровонлигини таъминлаб, тўкин-сочин ҳаёт кечираётган юртдошларимиз сони кўпайиб бораётгани ҳам шундан далолат.

Шаҳрисабз туманининг Чоршанбе қишлоғида истиқомат қилаётган Хайрулла Бобоев ер билан тиллашиб, барака ундираётган деҳқонлардан. У ўзига тегишли фермер хўжалигининг 2 гектар ҳудудида боғ ташкил қилган эди. Уч-тўрт йил илгари амалга оширилган ташаббус бугун ўз натижасини бермоқда.

- Боғимизда 1600 туп гилос дарахти бор, - дейди  у. – Уч хил навидан экканмиз. Бир қисми эртачи пишади. Уни сотиб бўлишимиз билан ўртапишар меваларимиз тайёр бўлади. Шунингдек, кечки гилосларимиз ҳам бор.

Хайрулла Бобоевнинг айтишича, ҳудуд иқлими гилос етиштириш учун жуда мос. Қолаверса, бу меванинг фойдалилиги боис, харидорлари кўп. Ҳеч қачон қўлда қолиб кетмайди. Бу йил ҳам экспортёр тадбиркорлар эрта баҳордан келиб, ҳали гули ҳам очилмаган гилослар учун ҳар бир килосига 20 минг сўмдан нарх белгилаб, аввалдан бўнак бериб кетишибди. Энди бир ҳисоблаб кўринг-а, ҳар бир дарахтдан ўртача 80- 100 килограммдан ҳосилни чамалаб турган фермер 1 минг 600 туп дарахтдан қанча ҳосил оладию, қанча даромад қилади!.. Мана ишбилармонлик.

Бундан ташқари, фермер фақат боғдорчилик билан чекланиб қолаётгани йўқ. Полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришда ҳам салмоқли натижаларга эришиб келмоқда.

- Ўтган йили сентябрь ойида 2 гектар ерга пиёзнинг “сибир” навини тўқсонбости усулида эккан эдик, - дейди у. – Шундан буён парваришлаб, барча агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириб келаяпмиз. Ҳозир пиёзларимиз етти, саккиз баргли бўлиб қолди. Одатда ўн баргли бўлгач, бемалол йиғиб олиш мумкин. Бу пайтда у тўлиқ пишган бўлади. Ҳисоб-китобимиз бўйича июнь ойининг дастлабки 10 кунлигида ҳосил йиғиштирамиз. Бу вақт биз учун муддао. Чунки, ўша пайтда сурхондарёлик деҳқонлар етиштирган эртачи пиёз тугаб, бозорда бизнинг маҳсулотга эҳтиёж пайдо бўлган бўлади. Хуллас, деҳқончиликда нафақат маҳсулот етиштириш, балки бозорнинг талабларини ҳам ҳисобга олиб иш кўрсангиз, ютқазмайсиз.

Ўзи айтганидек, замонавий бозор шароити билан ҳисоблашиб иш юритаётган деҳқон бу йил маҳсулотига хориждан харидор топибди. Яъни, етиштирган пиёзларни сотиш бўйича афғонистонлик тадбиркорлар билан дастлабки келишувга эришибди. Тез орада келишувни расмийлаштириб, шартнома имзолаш ҳаракатида экан.

Саҳифа материалларини

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ тайёрлади.

Суратларни Собир НАРЗИЕВ олган.