"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 апрель, жума.

СУВЛИҚНИНГ CУВИ ЕР ОСТИДА

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Ҳаракатда - баракат

СУВЛИҚНИНГ  CУВИ ЕР ОСТИДА

Чироқчи туманидаги Сувлиқ маҳалласи ҳудуди паст-баланд адирликлардан иборат. Маҳаллада 1050 та хонадон бор, 6500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли ихтиёрида 310 гектар томорқа ер майдонлари мавжуд. Бироқ, бу ерга оқар сув келмайди.   Шу вақтга қадар томорқа ерларидан фақат лалми экинларни экиш, чорва молларини боқиш мақсадида фойдаланиб келган маҳалла аҳли сўнгги йилларда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш борасида ҳам арзигулик ютуқларга эришмоқда. Ана шундай томорқачилардан бири Шуҳрат Фармоновдир.

- 30 сотих атрофидаги ерда деҳқончилик қиламан, - дейди у. – Асосан пиёз етиштириш билан шуғулланаман. Ўтган йили ҳам 10 сотих ерга пиёз экиб, 4 тоннадан ошиқ ҳосил олгандим. Шунга яраша даромад ҳам қилдим. Бу йил яна 20 сотих ерга пиёз экканман. Насиб қилса, камида 10 тонна ҳосилни чамалаб турибман. Бундан ташқари, помидор, картошка, сабзи каби рўзғор учун керакли озиқ-овқат маҳсулотларини ўзимиз етиштириб, йил бўйи сақлаб истеъмол қиламиз. Бу ҳам оила иқтисоди учун фойдали. Сигир, қўй боқамиз, товуқ қиламиз. Хуллас, оиламизнинг асосий даромади томорқадан. 4 та фарзандим бор, улар ҳам томорқа ишида менга ёрдамлашади. Меҳнатнинг ортидан бировдан кам яшаётганимиз йўқ.

Эътиборли томони, томорқадаги барча экин-тикин электр насос ёрдамида ер ости суви билан суғорилади. Томорқачининг айтишича, Сувлиқнинг суви - ер остида. Маҳаллада кўпчилик ана шу ер ости сувидан фойдаланиб, томорқадан яхши ҳосил олмоқда. Тўғри, бунда электр учун бироз қўшимча харажат талаб этилади, лекин шуни муаммо қилиб ўтирса, томорқадан келадиган яхшигина даромад ҳам бўлмайди-да.

Шу маҳаллалик Баҳодир Ҳайитов эса томорқасининг 3 сотих майдонида иссиқхона ташкил этиб, бодринг етиштирмоқда экан. Лалми ерда, ер ости суви ёрдамида кўкарган бодрингларни кўриб, кўз қувонади.

- Сувни тежаш мақсадида иссиқхонага томчилатиб суғориш тизимини ўрнатганман, - дейди томорқачи. – Бу жуда ҳам самарали экан. Мисол учун, 3 сотих ерни бир маротаба тўлиқ суғориш учун ўртача икки тонна сув бемалол етади. Бунча сувни энг оддий насос ёрдамида ҳам ер остидан ярим   соатда олиш мумкин.

Томорқадаги 300 дан ортиқ турли хил мевали дарахтлар, картошка, сабзи ва бошқа экинларни кўриб, бу ернинг лалмикор ҳудуд эканига ишонгингиз ҳам келмайди.

Ҳа, ишлаган, изланган, ҳаракат қилган киши борки, бир парча ердан ҳам салмоқли даромад олаяпти. Моддий имкониятларини ошириб, оиласи фаровонлигини таъминлаяпти. Ҳатто, деҳқончилик учун ноқулай бўлган ҳудудларда ҳам экин экиб, юқори натижага эришаётган юртдошларимиз фаолияти бунга мисол. Шунга айтадилар-да, киши ҳаракат қилса, уддалаб бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ, деб.

Саҳифа материалларини

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ тайёрлади.

Суратларни Собир НАРЗИЕВ олган.