"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

“АЪЛО ХИЗМАТ” КИМГА ҚАНДАЙ ХИЗМАТ КЎРСАТАДИ?

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

“АЪЛО ХИЗМАТ” КИМГА ҚАНДАЙ ХИЗМАТ КЎРСАТАДИ?

Вилоят “Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамияти туман бўлимлари қошида фаолият бошлаган “Аъло хизмат” сервис отрядларига махсус иш қуроллари ва техникалари топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, қишлоқ хўжалиги мутахассислари, фаол томорқачилар иштирок этди.

Маълумки, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти томонидан тасдиқланган тегишли дастур асосида жамиятнинг қуйи бўлимлари қошида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда шахсий томорқа ер эгаларига агрокимёвий хизматлар кўрсатадиган “Аъло хизмат” сервис отрядлари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу сервис отрядларининг аҳоли учун қулайлиги шундаки, боғ ёки томорқадаги экин қандайдир касаллик ёки ҳашаротдан зарарланаётган бўлса, тизим учун ягона телефон рақами – “Call centr” орқали “Аъло хизмат” сервис отрядини чақириш мумкин. Чақирув қабул қилинганидан сўнг, белгиланган вақт ичида яқин ҳудуддаги сервис отряди етиб келиб, пуллик асосда ўз хизматларини кўрсатади.

- Сўнгги йилларда юртимизда томорқачилик ишларининг ривожланиши натижасида аҳолининг агрокимёҳимоя хизматига бўлган талаби ҳам ошиб бормоқда, - дейди вилоят “Агрокимёҳимоя” АЖ бош мутахассиси Ўктам Олмосов. – Жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида мутахассисларимиз томонидан фақатгина аҳоли томорқаларининг ўзига 501,7 миллион сўмлик пуллик сервис хизматлари кўрсатилди. Мавжуд талабдан келиб чиққан ҳолда, бу борада алоҳида “Аъло хизмат” отрядлари ташкил этилиб, уларнинг  моддий-техник базаси янада мустаҳкамланмоқда.

Хизмат сифатини тубдан ошириб бориш мақсадида “Аъло хизмат” сервис отрядлари “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ томонидан 19 та уч ғилдиракли замонавий мотоцикл, 20 та махсус ишлов бериш қурилмаси (кариола), 87 та моторли қўл пуркагичи билан таъминланди.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳар бир мотоцикл алоҳида битта сервис отряд гуруҳига биркитилади. Бир нафар тажрибали агроном, 2 нафар дезинфекцияловчидан иборат гуруҳ махсус асбоб-ускуналар ҳамда зарур кимёвий ва биологик воситалар билан таъминланади.

Шу куни “Аъло хизмат” сервис отрядларининг иш жараёнини акс эттирадиган ўқув-амалий кўргазмаси ташкил этилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.