"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 август, жума.

ТОМОРҚА МУЛК ЭМАС, ДАРОМАД МАНБАИГА АЙЛАНСИН

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

ТОМОРҚА МУЛК ЭМАС,

ДАРОМАД МАНБАИГА АЙЛАНСИН

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳудудларда давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, аҳолининг томорқадан фойдаланиши бўйича ўрганишлар ўтказилди.

Ишчи гуруҳ таркибида Нишон тумани томорқачилари фаолияти билан танишганимизда, излаган имкон топади, деганларидек мўъжазгина томорқадан ҳам каттагина даромад олаётган оилалар кўплигига яна бир маротаба амин бўлдик.

Мисол учун, 91 ёшли Ўрал Ражабов туман Қадрият кўчаси 11-уйда яшайди. Умр бўйи деҳқончилик билан шуғулланиб келган отахон тўқсон ёшдан ўтибди ҳамки, ҳали-ҳамон томорқа ишлари билан банд. Ерни барака манбаига қиёслайди, саломатликнинг асоси меҳнатда, ҳаракатда деб билади. Фарзандларини, невараларини ҳам меҳнатга ундайди. Шунданми, оилага тегишли томорқага боқиб, кўз қувнайди.

Ўрал Ражабов 3 сотих майдонда кўчат етиштиришни йўлга қўйибди. Помидор, булғор қалампири, бақлажон кўчатлари етиштираётир. Уни қўшнилар, маҳалладошларига сотиб, яхшигина даромад олмоқда. Шунингдек, ҳовлисида йирик шохли моллар, қўй, эчки, қуён, парранда боқмоқда. Бир сўз билан айтганда, томорқанинг ортидан рўзғор фаровон.

Туманнинг Навбаҳор маҳалласида яшовчи Шербой Бекниёзов эса ҳудуддаги касб-ҳунар коллежларидан бирига раҳбарлик қилмоқда. Шу билан биргаликда, томорқа ишларини ҳам самарали йўлга қўйган.

- Томорқамизнинг бир қисмида иссиқхона ташкил этиб, кўчатчилик фаолиятини бошладик, - дейди у. – Негаки аҳолида тайёр ундирилган кўчатларга талаб юқори. Бир неча турдаги полиз ва сабзавот маҳсулотлари кўчатларини етиштириб, ички бозорга чиқардик. Албатта, меҳнатимизга яраша  яхши даромад олдик. Бундан ташқари, бодом ва яна бир қанча мевали дарахтларни парваришлаяпмиз. Бу ҳам оила бюджетига қўшимча фойда келтиради.

Дарҳақиқат, бугун аҳолининг ерга бўлган муносабати тубдан ўзгарган. Бироқ томорқадан мутлақо фойдаланмаётган, шунчаки мулк сифатида ерга эгалик қилиб юрган оилалар ҳам йўқ эмас. Унутмаслик керакки, улар бу билан оила бюджетига ҳар томонлама зарар етказади. Аввало, ердан олинаётган даромад бўлмайди. Бундан ташқари, бошқалардан бир неча ҳисса кўп солиқ тўлайди.

– Бугун вилоятимизда экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиб, йилига камида икки-уч марта ҳосил олган ҳамда чорва моллари ва парранда бош сонини кўпайтиришга эришган томорқа ер эгасига ер солиғи ставкасининг пасайтирувчи коэффициентини қўллаш тарзидаги солиқ имтиёзи берилади, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Ражабов. – Агар бунинг акси бўлса, яъни ер участкаси ободонлаштирилмаса, томорқа ер эгасига ер солиғи уч баробар миқдорида ҳисобланади. Бу борада аҳоли орасида тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бораяпмиз.

Албатта, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш энг аввало ер эгаси оиласининг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Ҳукуматимиз томонидан бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг асл моҳияти ҳам аввало шунга қаратилган. Бинобарин, ердан унумли фойдаланиб, моддий имкониятларини яхшилаш, оиласи фаровонлигини таъминлаш ҳар бир кишининг ўз саъй-ҳаракатига боғлиқ.

Фирдавсий ЖАББОРОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи